2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ЛАШКАР ТЎПЛАСАНГ, ХАЛҚНИНГ ДУОСИ СЕНГА ПАНОҲ БЎЛСИН»

Буюк давлат арбоби, шоир, мутафаккир Алишер Навоий қўшинлар тўқнашувларини, кўплаб жангларни ҳукмдор ёнида туриб, кўп кузатган. Бу зот жанг майдонига қўшинни қандай жойлаштиришни, жанг тактикасини, қўшин таркиби ва тузилишини яхши билган шахс эди. Ўз маънавий меросида жанг тафсилотлар баёнида, давлат мудофаа қобилиятини кучайтириш, ҳарбий хизматчига хос хусусиятлар борасида қимматли тавсиялар берган.

Хусусан,   “Ҳайрат ул-аброр”  асарида Ҳусайн Бойқаронинг ўғли, шаҳзода “Султон Бадиуззамонга насиҳат” бобида ҳукмдор мамлакат мудофаасини қандай ташкил этиши лозимлиги ҳақида шундай ёзади: “Уруш куни душман томонига қарши юриш бошлаганингда, тезда тўра билан ясолингни туз (уруш яроқларингни ҳозирла). Урушда ҳужумга ўтиб, бехато зарба бер. Ўлимдан қўрқма, чунки тақдирсиз ҳеч ким ўлмайди. Алам етганда, икки қадам чекингунча ҳаракат қилиб, бир қадам илгари қўй. Зафар Ҳақ лутфидан бўлади, хатти-ҳаракат, жасоратга ҳам аҳамият бер. Шундай юриш қилгинки, сипоҳ чексанг, лашкар тўпласанг, халқнинг дуоси сенга паноҳ бўлсин. Урушда ғолиб чиқсанг, бу шукрона учун мағлубларни ўлдиришга қасд этма. Отангнинг жанг тажрибаларидан ўрган. Хулоса қил”, дейди. Отаси ҳам улуғ қўмондон эканлигига ишора қилиб, тажрибали қўмондонларни устоз билишга даъват этади.

Яна давлат ишларини юритишда, “мақсадга етиш учун ҳамиша адолат билан иш қил. Ёй ўқи текис, тўғри бўлмаса, учолмайди. Одамларни тезда мансабга кўтармагин, ҳам озгина айби учун пастга туширмагин, мансабини пасайтирмагин. Шоҳ адолат билан иш юритса, адолат унинг вайрон бўлган мамлакатини обод этади”, дейди. Бу пандлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. 

Навоий асарларида ҳарбий хизматчилар “ҳарб аҳли”, “сипоҳлар”, “навкарлар”, “лашкар”, “ясовул”, “черик” каби номларда тилга олинади.  “Ҳарб” сўзи уруш, жанг маъносини англатади. Бу сўз Навоий асарларида қуйидагича қўлланилади: “Урё ул ҳарбда шаҳид бўлди. Разм майдонидаким икки тарафдин аҳли ҳарб, бош ила жон таркин ажаб ҳангомадур” (Хазойин ул-маоний  [Наводур – шабоб] – Т., 1989. II б. 706-бет).

Аҳли ҳарб – жанг қилувчи аскарлар.

Ҳарб кўси – жанг пайтида чалинадиган ноғора, довул. “Чалинди бу кишварла кўси рохил” (Садди Искандарий – Т., 1993. 285-бет).

Ҳарб эт – курашмоқ, жанг қилмоқ:

“Иёлу ватан узра то жони бор,

Киши ҳарб этар токи имкони бор”.

Ҳарба – найза маъносини англатади.  “Синон ва ҳарба пичоқ баъзи ҳабба ҳам дебтурлар. Қалқон ҳам дебтурларким ул ясади”.

 Ясовул – йасавул – йўл соқчиси, амалдор шахсни кузатиб борувчи соқчи, деган маънони беради.

Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”  асарида “Ясовул гуруҳи зикрида”, “Ясоғлиқ ва қора черик зикрида” деган фасллар (боблар) мавжуд. Саккизинчи фаслда ясовул гуруҳи ҳақида сўз юритилади: “Ясовул – жабр кўрганларни золимдан қутқаргай. Хизмат ҳақи имконият борича сўраганича берилган. Улар ҳукмдорга ўртоқдир (барча хатти-ҳаракати ҳукмдорга бўйсунади). Улар хизматига яраша тақдирланиб,  ушбу мукофот ота мероси ва она сутидай ҳалол деб ҳисобланади. Чунки улар ўз жонини таҳликага қўйиб, жанг майдонига чиқувчи инсонлардир. Агар уларнинг эҳтиёжлари талаб этган даражада таъминоти бўлмаса, улар жангу шижоатда моҳир бўлолмай, заиф бўлиши мумкин”.

Яна Навоий ясовуллар ҳақидаги фикрини давом эттириб, “Ўз хизматини виждонан ўтаган ҳарбий хизматчини авлиё деб талқин қилса бўлгудай. Кўп мард эркаклар бу иш фаолиятини муқаддас билиб, шу йўл билан мақсадга етадилар”, дейди.

Навоий “Садди Искандарий” достонида Искандарни буюк саркарда сифатида шундай таърифлайди: “...Шоҳ бўлса, кўзидан уйқу қочиб, элга яхши сўзлар билан мадад бериб, ғалабага ишонч ҳосил қилиб, қўрқаётганларга умид бағишларди. Сипоҳлари эса тинмай совут, дубулға, найза каби уруш қуролларини ясаш билан овора эдилар. Доро Искандарга қарши қўшинни ростларди. Доро қўшинини тўққиз марта қайтадан тузди”.

Доро қўшинининг тузилиши ҳақида қуйидагиларни алоҳида кўрсатади: “Қўшиннинг ўнг қанотида Машриқ замин сипоҳлари ўрин олган бўлиб, бу лашкар Чин сарҳадидан Самарқандгача чўзилган эди. Уларнинг ёнида юз минг ўзбек билан мўғул сафлангандир.  Юз эллик минг қалмоқ ҳам улар билан ёнма-ён турарди. Барчаси олти юз минг сипоҳ бўлиб, барчаси ҳам уруш ишини ҳунар қилиб олган эди. Етти ранг зарбофт кийим кийган Чин сипоҳлари жангга ҳозир бўлиб турар. Улар ичида кўплаб зирҳли темир кийим – совут кийганлари ҳам анча эди. Улар билан сафдош бўлиб манғит, Мовароуннаҳрдаги 10 шаҳар эли сафланганди.

Қўшиннинг сўл қанотида Марғиб эли саф тортган бўлиб, темир кийимлари, найза-ю қалқонлари, дубулғалари сариқ рангда эди. Араб отлиқлари қирқ минг учқур от устида мағрур турур. Улар қора ипаклардан кийим кийиб олишган эди. Ҳатто, байроқларигача қора рангли эди.  Сўл қанот ҳам 700000 сипоҳдан ташкил топганди. Доро қўшинининг ҳужумчи – илғор қисми – ҳировул етти юз минг кишидан ташкил топган бўлиб, бари оқ кийимдаги дашти Қипчоқ эли, Хоразм аҳлидан тузилганди. Сўл қўшин марказдаги сафларнинг ҳар бири юз минг нафардан ташкил топган бўлиб, барчаси шоҳга яқин одамлардан бўлгани учун яшил кийим кийиб олишган. Доро ҳам улар ичида эди ”.

Навоий жангга киришдан олдинги қўшин тартибланишига аҳамият беради ва унинг таркибида  кийим-бошлар бир-биридан фарқланган қўшинни ажратиб кўрсатади. Қўшин таркибида баъзи бўлинмаларини ўрта асрлардаги анъаналарга кўра номланишларига кўра тилга олади.

Искандар қўшинлари таърифида қуйидагиларни қайд этади: “Шоҳ ўнг қанотга фаранг аскарларини белгилади. Улар душманнинг қалин кўп эмаслигини билишмас, билсалар ҳам уларни кўзга илишмасди. Гуҳарранг кийим кийиб олган фаранглар етти бахмал кийимга ўрнашган эди. Улардан 100000 таси ғоят кучли жангчилар саналади. Сўл қанотни Искандар Бартосу Рус сипоҳларига ишониб топширган эди. Уларнинг ўзлари ҳам, отлари ҳам темир кийимларда эди. Ҳировул марказига эса ҳабаш сипоҳлар қўшилганди. Темир қалпоқларига эса ўтаға ўрнида шаҳпарлар ўрнатилган. Қўшин маркази эса румлик паҳлавонларга топширилганди. Қизил юзли бу йигитлар ўзларини ёвга янада даҳшатлироқ кўрсатиш учун йўлбарс, қоплон, шер териларидан устиларига ташлаб олгандилар. Рум шоҳи ўз лашкарлари билан бирга Эрон қўшини турган майдонга қараб йўл олди. Қўшин жилиб борар экан, карнайлар, ноғоралар оламга наъра солар. Ҳилпираётган ипак байроқлар  жилвагар бўлиб, ажойиб манзара ҳосил қилган эди”.

Навоий асарларида “жиба кийган ҳарб” ибораси зирҳ кийиб, бир қўлида қалқон, бир қўлида қилич билан жанг қилган ҳарбий хизматчига нисбатан  қўлланилган.

Алишер Навоий билан содир бўлган бир ҳаётий воқеани кузатган, унинг катта кутубхонасида хизмат қилган шогирди Ғиёсиддин Хондамирнинг ёзишича, “Бир куни Навоий кўпгина сарой амирлари ҳузурида арз қилиб келган кишиларнинг арзларини тинглаб ўтирганларида, тўсатдан садрлик каби олий мансабга етишган Мавлоно Қутбиддин Хавофий келиб қолди ва ўта безовта бир ҳолда, арз қилиб келган кишилар орасидан жой олди-да, олдин менинг арзимга қулоқ солинг, деди.

Ул олий ҳазрат ҳол-аҳвол сўраш ва меҳрибончилик кўрсатиш орқали жаноби Мавлавийнинг ғазабини сўндиришга уриндилар, уни ўз ёнларига ўтирғизиб, нимадан шикоят қилиб келганини сўрадилар. У шундай жавоб берди:

– Хожа Ҳусайн Кирангий мени қаттиқ ҳақорат қилди. У менга, сен илгари Мавлоно Муҳаммад Муаммоий навкарларидан бири эдинг, деди.

Ул ҳазрат бу гапни эшитиб, ажабландилар ва кулган ҳолда муборак тилларига қуйидаги сўзларни келтирдилар:

– Бу гапдан аччиқланиш ва даъволанишнинг нима кераги бор!? Агар ўша Хожани бу ерга чақириб, ушбу даъво кўриб чиқилса, унинг айтганлари тўғри бўлиб чиқади. Тўғри гапдан хафа бўлиш эса ақлга тўғри келмайдиган ишдир.

Шундан сўнг ул ҳазратнинг ўзлари ҳам Султон Саъид Мирзо Султон Абусаъид ҳукмронлиги замонида Амир Султон Арҳангий билан бирга бўлганликлари сабабли шундай дедилар:

– Илгари Амир Султон Ҳасаннинг навкари бўлган мен эндиликда амирлик каби муҳим мансабга эришганлигимга ва ноиблик (вазир) каби юқори лавозимга етишганлигимга қарамасдан, ҳали ҳам у кишининг хизматида бўлишдан ор қилмайман, балки агар имкони бўлса, (у кишига) олдингидан ҳам кўпроқ хизмат қилиб, ўзимни у кишининг қуллари жумласидан ҳисоблайман.

У ерда ҳозир бўлганлар бу гапларни эшитиб, ул ҳазратнинг бениҳоя камтарлиги ва хушфеъллигидан ҳайратга тушдилар. Ўша ерда бўлган Амир Султон Ҳасан хижолатда қолди, жаноби Мавлавий эса уялиб қолди, ўша беъмани даъвосидан кечди”.

Алишер Навоий ҳарбийларни буюк ишга бел боғлаган шахслар, Ватанни қўриқловчи мардлар эканлигига ишора бериб, улар маънавиятини юксалтириш йўлида тинимсиз ҳаракат қилиш кераклигини алоҳида қайд этади. Ҳарбий хизматни ўташда қўрқоқлик қилмаслик кераклигини, қўшиннинг муваффақияти қатъий  тартиб ва интизомга боғлиқ эканлигини таъкидлайди.

С. ТУРАЕВА,

Тошкент олий ҳарбий техник билим юрти

ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси катта ўқитувчиси.

Т. БОЛТАЕВ, курсант

Информеры