2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

САРАЛАНАР САФЛАРГА МАРДЛАР

  Бугун Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар сабаб, мамлакатимиз ёшлари учун ҳарбий хизмат нафақат конституциявий бурч, балки том маънодаги шон-шараф ишига айланган. Ҳа, ўғлонларимиз бугун армияда хизмат қилишни Ватан олдидаги муқаддас бурч, давлатимиз, халқимиз томонидан билдирилган юксак ишонч, деб билмоқда. Шу боис, улар она Ватанимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраш, ҳарбий хизматни мардонавор ўташ мақсадида соҳа бўйича билимларни чуқур ўрганишга, зиммасига юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндашишга ҳаракат қилишяпти.

Албатта, армиямиз сафларига бундай етук, мустақил фикрга эга, миллий ғоя руҳида таълим-тарбия олган, билимли ёшларимизнинг саралаб олинишида нафақат мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимлари, балки ўзини-ўзи бошқариш органлари, тегишли давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда. Уларнинг беминнат саъй-ҳаракатлари сабаб, бугун сафларимиз чинакам мард, жасур, бир сўз билан айт¬ганда, ҳақиқий эр йигитлар билан бутланиб бормоқда. Ана шундай фидойи кўмакчилардан бири, шубҳасиз, тиббиёт ходимларидир.
Бугун мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимлари тиббий комиссияларида малакали, кўп йиллик тажрибага эга соҳа мутахассислари фаолият кўрсатмоқда. Тиббий комиссиялар иши самарадорлигини янада ошириш мақсадида уларни энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг тиббий комиссияси ишини кузатганимизда чақирув олдидан саралаш босқичларига тайёргарлик қизғин суръатда олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик.
– Бугун юртимиздаги барча тиббий комиссиялар ишларида тиббий текширувни сифатли ўтказиш учун етарлича шарт-шароитлар яратилган, – дейди Тошкент вилоят мудофаа ишлари бошқармаси тиббий кўрикдан ўтказиш комиссияси бошлиғи, истеъфодаги полковник Ғаффор Илмуродов. – Мана, фуқароларнинг навбатдаги чақирув жараёни ҳам бошланди. Йиғин пунктимизда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнига кўп йиллик тажрибага эга бўлган тиббиёт мутахассислари жалб қилинган. Бу эса чақирилувчилар орасидан ҳар томонлама соғлом, жисмонан баркамол, ҳарбий хизматга муносиб ўғлонларни саралаб олишда қўл келади, албатта.
– Бугун униб-ўсиб келаётган ўғлонларимиз орасида армияга бориш истагида бўлаётган ёшларимиз кўпчилик. Аммо ҳарбий хизматчи, юрт ҳимоячиси бўлиш кишидан мустаҳкам соғлиқ, жисмонан тетиклик, билим ва шижоатли бўлишни талаб қилади. Ушбу босқичларда юқори натижаларни кўрсатган фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга лойиқ, деб топилади. Булар ичида саломатлик энг муҳим босқичлардан. Шу боис ҳам муддатли ҳарбий хизматни ўташда фуқароларнинг соғлиги, жисмонан баркамоллиги муҳим аҳамиятга эга, – дейди педиатр Нусрат Жабборов. – Шу боис, юрт ҳимоясига отланаётган ҳар бир ўғлонни тиббий кўрикдан ўтказиш биз, шифокорларнинг олдимизда турган масъулиятли вазифа эканлигини теран англаган ҳолда уларнинг саломатлигига жиддий эътибор қаратяпмиз.
Синовлардан аъло натижалар билан ўтган шижоатли ёшлардан бири Элдор Абдуҳамидов. У ҳарбий хизматга боришни эзгу мақсад, деб билади. Шу йўлда тинмай тайёрланди. Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг бирлашган техника мактабида ҳайдовчилик сирларини эгаллади. Мана, бугун у мардлар сафига қўшилишга биринчилардан номзод бўлиб турибди. Бу ҳам ундаги интилишлар қай даражада юксак эканини кўрсатади, деб ўйлаймиз. Шунингдек, унинг қолган тенгдошлари ҳам она Ватан осо¬йишталигини ҳимоя қилишга қатъият билан интилишаётгани ўғлонларнинг шижоати юксаклигини билдиради.
Шунқор БЎРИЕВ,
 «Ватанпарвар» мухбири

Информеры