2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СОҲИБҚИРОН ФАҚАТ АМИР БЎЛГАНМИ?

Амир Темур 1370 йили Балхда ўтказилган қурултойда Мовароуннаҳрнинг мутлақ ҳукмдори этиб сайланса ҳам, ўзини подшоҳ ёки хон деб эълон қилмади. Ўша пайтдаги таомилга кўра, давлатга Чингизхон асос солган, шунинг учун фақат унинг авлодидан бўлганларгина хон деб аталишга лойиқ кўриларди. Амир Темур давлат бошига келгач, чингизий Суюрғатмишхонни номигагина хон қилиб кўтарди. Сохта обрўга эҳтиёжи бўлмаган Соҳибқирон “Мовароуннаҳр амири” деган унвон билан юртни бошқарди. Чунки у хон авлодидан эмас, балки оддий халқ ичидан чиққан қаҳрамон эди.

Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида шундай сатрлар бор:

Соҳибқирон шуҳрати билсанг,

Насаби ҳақида гар суриштирсанг,

Отадан отага то Одам Ато,

Бори шоҳлик тахти узра қўймиш пой...

Яъни Соҳибқироннинг то Одам Атогача бориб уланувчи ота-боболарининг бариси шоҳлик тахтида ўтирганлар, дейди. Бу маълумотни қандай тушунмоқ керак? Ёки ҳазрат Соҳибқиронга хушомад қилиш, ортиқча улуғлаш мақсадида ёзилганми, бу гаплар? Йўқ, улуғ Соҳибқирон ҳаётлик чоғида ҳаддан ортиқ мақтов ва хушомадларни хушламаган.

Тарихий манбаларда ёзилишича, Соҳибқироннинг еттинчи бобоси бўлмиш Қочувли баҳодир Чингизхоннинг учинчи бобоси Қобулхон билан эгизак бўлган. Буларнинг отаси Туманахон эса Чингизхонга тўртинчи бобо, Амир Темурга эса саккизинчи бобо эди.

Рашидиддиннинг “Жоме-ат-таворих” ва Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида кўрсатилишича эса, Туманахон Чингизхонга тўртинчи, Амир Темурга тўққизинчи бободир. Ҳар ҳолда, кўриниб турибдики, Амир Темур Чингизхоннинг бевосита авлодларидан бўлмаган. Лекин Туманахон уларнинг ҳар иккиси учун ҳам катта бобо эди. Аслида мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам Амир Темурга Чиғатой тахти даъвосини қилиш имконини берарди. Амир Темурнинг хон сифатида тахтга ўтирмаслигини, унинг улуғ аждодлар аҳдига бўлган ҳурмати билан изоҳлаш мумкин.

“Тузуклар”да кўрсатилишича, Туманахон ўғиллари Қобулхон ва Қочувли баҳодир ўртасида аҳднома бўлган. “Туғлуқ Темурхон мен билан тузган аҳду қарорини бузиб, иккинчи бор Мовароуннаҳр мамлакатига қўшин тортиб келди ва ҳукуматни мендан тортиб олиб, ўғли Илёсхожага топширди. Мени эса унга бош қўмондон (сипоҳсолор) ва маслаҳатчи қилиб тайинлади. Менга Қочувли баҳодир ва Қобулхон томонидан битилган аҳдномани кўрсатди. Мен улуғ боболаримизнинг сўз ва номаларини қабул қилиб, сипоҳсолорлик қилишга рози бўлдим”.

1388 йилда, Соҳибқирон давлатида номигагина хон бўлган Суюрғатмиш вафотидан кейин ҳам Амир Темур хонлик тахтига ўтирмади. У тахтга яна чингизий шаҳзодалардан бири, Суюрғатмишнинг ўғли Султон Маҳмудхонни ўтказди. Бу хон Амир Темур қўшини сафида саркарда бўлиб, унга  садоқат билан хизмат қилди. Чунончи, 1402 йили Анқара ёнидаги жангда Йилдирим Боязидни Султон Маҳмудхон асир олиб, Соҳибқирон ҳузурига келтирган эди.

Шу тариқа, ўнлаб шоҳлар оёғи остида эмаклаб юрган, қанча шаҳаншоҳ ва султонлар унинг этагини ўпган бўлса-да, Соҳибқирон Амир Темур расман хонлик тахтига ўтирмади.

Улуғ шоиримиз Абдулла Орипов бир суҳбатда улуғ бобокалон ҳақида шундай деган эдилар: “Соҳибқирон ҳазратлари қанчалик буюк бўлса, шунчалик хокисор ҳам бўлган экан. Ўз лашкарларининг қозонидан таом еган, одми кийинган. Европалик муаррих-элчи Клавихонинг ёзишича, Чин Мочину Хўжанднинг ипак либослари турганида, Амир Темур ҳазратлари кўпинча Шаҳрисабзнинг оддий матосидан тикилган (яъни олача) кийим, бошига оддий калаваш қўндириб юрган. Ярим дунё тасарруфида бўлишига қарамай, оёқлари она заминдан узилмаган...”

Мана, “бир ғишт олса, ўрнига ўн ғишт” қўйган буюк бунёдкор, эл-юртнинг Отаси, аммо шон-шуҳрат ва юксак мартабаю унвонларга кўнгил бермаган зотнинг яққол қиёфаси!

“Энг ҳаққоний тарихни ёздим”, деб баён этган туркиялик Мустафо Али Соҳибқирон Амир Темурни мусулмон амирлари ва султонлари ичида энг кучлиси, дея ислом дунёсини сиёсий ва диний жиҳатдан бирлаштиришдаги буюк хизматларини таъкидлайди.

Мустафо Али Амир Темурнинг ҳақиқий мусулмон бўлгани, бир йўла “Соҳибқирон” ва “Соҳиби зуҳур” унвонига эга эканлигини қайд этади. Султонлар икки йўл билан тахтга чиқадилар. Биринчиси – маълум ҳудудни идора қилишни сулоласидан мерос олган султонлар. Иккинчиси – давлатни қўшин кучи билан эгаллаб, ўзларининг ютуқлари эвазига ҳукмдор бўлганлар. Бундай султонлар “Соҳиби зуҳур” деб аталади.

 Шуни ҳам айтиш керакки, Амир Темур 1391 йилда Тўхтамишхонга қарши жангга бораётиб, Дашти қипчоқда улкан тошга хотира сатрларини ўйдириб ёздирганда, ўзини “Турон султони” деб атаган.

Аслида, улуғ бобокалон бу каби юксак рутбаларга буткул лойиқ зот эди.

БЕПОЁН САЛТАНАТ СОҲИБИ

Амир Темур она Ватанни босқинчилар асоратидан озод қилиб, 35 йил давомида мамлакатни бошқарди. Кўплаб ҳарбий юришлар ва жангу жадаллар натижаси ўлароқ, кўҳна Турон мамлакатининг тарихий сарҳадларини тиклади. Кўп мазлум мамлакатлар зулм ва тобеликдан озод этилди. Натижада Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизгача ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар бўлган ғоят катта ҳудудни қамраб олган улкан салтанатни вужудга келтирди. Соҳибқирон Кичик Осиё, Сурия, Миср ва Қуйи Волга, Дон бўйлари, Балхаш кўли ва Ила дарёси, Шимолий Ҳиндистонгача бўлган мамлакатларни ёки муаррихлар иборасича, 27 та пойтахтни ўзига бўйсундирган.

Улуғ салтанат ҳақида гап кетганда бир устозимиз, “Соҳибқирон бобомизнинг давлати кенг...” деган иборани кўп такрорлар эди. Бу сўзлар замиридаги чексиз ғурур ва фахр-ифтихор туйғулари беихтиёр суҳбатдошга ҳам юқади. “Кенг давлат...” жумласида куч-қудрат, улуғворлик, фаровонлик, файз-барака, адолат, метин интизом, оқилона сиёсат, шон-шавкат ва беҳисоб бойликлар дараги барқ уриб тургандек бўлади. Аслида ҳам шундай. Олти асрки, бу салтанатнинг беқиёс шукуҳини муаррих-у адиблар ёзиб-таърифлаб, поёнига ета олмаяптилар.

Улуғ бобокалоннинг бепоён салтанати ҳақида баҳоли-қудрат тасаввурга эга бўлмоқ – биз учун маънавий бурч саналади.

Соҳибқирон Амир Темур, Чиғатой улусининг вориси сифатида майдонга чиқди ва улус ерларига тўлиқ эгалик қилишни ўзининг қонуний ҳуқуқи деб ҳисоблади. Бепоён Чиғатой улуси Қашқар, Еттисув, Туркистон ва Хоразмнинг бир қисмидан иборат бўлган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Амир Темур ҳудудий жиҳатдан инсоният тарихидаги энг катта салтанат (империя)га асос солган шахсдир. Чунки Чингизхон забт этган ҳозирги Марказий Осиё, Ҳиндистон, Кичик Осиё мамлакатларидан ташқари, Амир Темур Шимолий Қофқоз, Ғарбий Сибирь, Русиянинг катта ҳудудларини забт этган эди. Амир Темур ҳудудлари Чингизхонникига нисбатан тахминан бир ярим баравар катта бўлган. Бу ҳудудлар билан Искандар Зулқарнайн (македониялик Александр) империясини харитада солиштирадиган бўлсак, Амир Темур давлати ҳудудлари Искандарникига қараганда тахминан икки баравар катта бўлганини кўрамиз. Юлий Цезарь давлатининг майдони эса Соҳибқирон ҳукм юритган ҳудудларга нисбатан тахминан саккиз баравар кичик эди.

Мана шу қиёслашлар Амир Темур дунёда энг катта империяга асос солган эди, деб баралла айтиш имконини беради. Шу ўринда муаррихлар Амир Темурни Искандар Зулқарнайн, Қайсар (Юлий Цезарь) ва Чингизхонларга қиёс қилиб, улар билан бир сафга қўйганликлари эсга тушади. Адолат юзасидан айтадиган бўлсак, Амир Темурни биз юқорида номларини санаган машҳур саркардалар билан бир сафга қўйиш, аслида ким учун шарафли? Улуғ Соҳибқирон учунми ёки ўша саркардалар учунми?

Улуғ Соҳибқирон Амир Темур туркий қавмлар юрти бўлмиш Турон мамлакатини тарихий сарҳадлари доирасида бирлаштирган ягона ҳукмдор саналади (шу ўринда Турон ва Туркистон атамаларига бир оз аниқлик киритсак: Туркистон – Туроннинг кунчиқар ва кунботар кенглиги бўйича чамалаганда нақ марказидадир. Умуман олганда эса, Туркистон Туроннинг марказий қисмидир. Кўпинча Туркистон деганда бутун Туронни, Турон деганда эса бутун Туркистонни англашаверган. Дунёдаги энг катта қавм саналмиш туркийлар ичида турли динларга эътиқод қилувчи халқлар мавжуд. Туркистон бу – исломий Турондир).

Унинг салтанати таркибидаги Ғарбий Туркистон (Озарбайжон ва Хазар бўйи), Жанубий Туркистон (ҳозирги Афғонистон – тарихий Хуросоннинг бир қисми), Дашти Қипчоқ, Эдил (Волга)бўйи, Қорабоғ каби манзиллар ҳақида жуда узоқ сўзлаш мумкин. Қисқаси, Соҳибқирон бобомизнинг улуғ салтанати жуда кенг, бепоён ва осойишта эди...

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Информеры