2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ – МУҲИМ ЖИҲАТ

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия хизматига тайёрлаш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришдек вазифаларни бажаришда муҳим ўрин тутишини биламиз. Ташкилот тасарруфидаги мактабларда Қуролли Кучларимизга, халқ хўжалигига зарур мутахассислар тайёрланади. Қарши автомобиль мактабида бўлганимизда, у ерда таҳсил олаётган чақирув ёшидаги йигитлар учун ҳам кенг кўламли шарт-шароитлар муҳайё этилганига гувоҳ бўлдик.

– Бугунга қадар мактабимизда кўплаб ёшлар таҳсил олиб, касб-ҳунарли бўлишди, – дейди автомобиль мактаби ўқитувчиси А. Ширинов. – Собиқ ўқувчиларимиз орасида муддатли ҳарбий хизматни намунали тарзда ўтаб, хизматни шартнома бўйича давом эттираётганлар ёки олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти бўлганлар кўп. Шунингдек, армия хизматидан тавсиянома билан қайтиб, ўзи истаган олий ўқув даргоҳига ўқишга кирган шогирдлар ҳақида ҳам яхши хабарлар эшитамиз. Қувонарлиси, уларнинг ҳар бири шу ерда олинган сабоқлар сабаб, бизлардан миннатдор.

– Йигитларга автомобиль тузилиши, уларга техник хизмат кўрсатиш, йўл ҳаракати қоидалари, автомобилларни бошқариш ва ҳаракат хавфсизлиги асослари фанларидан дарс берамиз, – дейди ўқитувчи К. Мейлиев. – Таъкидлаш жоизки, машғулотларнинг қизиқарли ва сифатли ўтиши учун хоналар махсус асбоб-ускуналар, моддий-техник ва кўргазмали воситалар билан жиҳозланган. Назарий ва амалий машғулотлар кўргазмали ўқув қуроллари ва автомобиль агрегатлари, йўл ҳаракати хавфсизлигига доир стендлар, тест-синов варақалари билан жиҳозланган хоналарда ўтказилмоқда. Барча дарслар малакали ва тажрибали ўқитувчилар томонидан олиб борилаётганини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Турли ўқув қўлланмалари, ёрдамчи адабиётлар ўқувчилар ихтиёрида. Машғулотларнинг амалиёт билан уйғун ҳолда олиб борилиши эса янги маълумотларнинг яхши ўзлаштирилишига ва мустаҳкам кўникмалар ҳосил қилинишига замин яратмоқда. Таълим олаётган шижоатли ёшлар мутахассислик бўйича билим ва малакаларни ўзлаштириш баробарида спортнинг қатор турлари билан шуғулланиш имкониятларига ҳам эга. Айтиш мумкинки, ўғлонларимиз имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланиб, илғор тажрибаларни ўзлаштиришга астойдил интиляпти.

Ёшларнинг маънавий камолоти – муҳим жиҳат. Турли маънавий-маърифий тадбирлар айнан чақирилувчиларнинг дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бу мақсадда автомобиль мактабида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раисининг ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари М. Умаров ёш авлод вакилларига Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли иш масъулияти хусусида фикр юритди. Юртимизнинг турли ҳарбий қисм ва муассасаларида бўлиб, юрт посбонларининг хизмат ва яшаш шарт-шароитлари билан яхши таниш меҳмон ёшлар билан хизмат сафарлари, ҳарбий хизматчилар иштирокидаги учрашувлар таассуротлари билан ўртоқлашди. Таълим муассасасида таҳсил олаётганларнинг тадбирдаги фаол иштироки, дадил мулоҳазалари, теран мушоҳадалари улардаги шижоат, қатъий ҳаётий позиция, энг муҳими, Ватан ҳимоячиси бўлиш шунчаки орзу-ҳавас эмас, мақсад эканлигидан далолат.

Низомиддин МАТЁҚУБОВ

Информеры