2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КЎҲНА ОБИДАЛАР ПЕШТОҚИДАГИ БИТИКЛАР СИРИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган фан ва таълимни тараққий эттириш, ўзбек халқининг бой маданий-тарихий меросини чуқур ўрганиш ва асраб-авайлаш, китоб нашр этишни рағбатлантириш ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш вазифалари бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим омил бўлмоқда. 
 
Бир неча йиллардан буён амалга оширилаётган «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» лойиҳаси шулар сирасидан. 
 
Мазкур лойиҳа тарихий аҳамиятга эга бўлиб, моҳиятига кўра давлат ва жамоат ташкилотлари кўмагида мамлакатимиз ҳудудидаги барча меъморий обидалардаги битикларни комплекс ўрганиш ва умумлаштиришни кўзда тутади. Лойиҳа ижодий гуруҳи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги қадимий меъморий ёдгорликлардаги эпиграфик матнларни ўқиш ва уларни таржима қилиш бўйича бой тажриба тўплаган нуфузли маърифат-маънавият масканлари, муассасаларнинг тажрибали мутахассисларидан таркиб топган. 
 
Ўтган давр мобайнида лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри, Самарқанднинг икки йирик тарихий меъморий мажмуаси – Регистон ва Шоҳи Зинда битикларига бағишланган 12 китоб-альбом тайёрланиб, чоп этилди. 
 
Пойтахтимизда «Узоқ ўтмишдан мактублар: таълим, маърифат, тинчлик ва бунёдкорлик ўзбек халқининг абадий қадриятлари сифатида» мавзуида ўтказилган халқаро медиа-анжуман «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» китоб-альбомининг Тошкент вилоятидаги Зангиота меъморий мажмуаси ва бошқа шу каби тарихий обидаларга бағишланган навбатдаги жилди тақдимотига бағишланди. 
 
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, «Тараққиёт стратегияси» маркази, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Камолот» ЁИҲ, «Darakchi Inform Servis» масъулияти чекланган жамияти каби қатор ташкилотлар ҳамкорликда ташкил этган анжуманда давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, кутубхона ҳамда олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, журналистлар қатнашди. 
 
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, ЎзЭОАВМА бошқаруви раиси, «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» лойиҳаси раҳбари Ф.Абдухолиқов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари А.Мансуров ва бошқалар мамлакатимизда тарихий-меъморий обидаларни қайта тиклаш ҳамда Шарқ алломаларининг буюк меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўзлади. 
 
«Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» лойиҳаси янги босқичда давом этади. Кейинги китоб-альбомлар Ўзбекистон бўйича дастлабки жилдларга киритилмаган обидалардаги битикларга бағишланади. Умумий ҳисобда 25 жилд китоб-альбом чоп этиш режалаштирилган. 
 
– Тадбирда лойиҳанинг 3 минг 250 китоб-альбомини ўз ичига олган 250 тўпламни олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатлар мамлакатимиз ва жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасаларига топширилди, – дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилова. – Бизнинг музейимиз ҳам мана шундай сертификатга эга бўлганидан мамнунмиз. Олимларимиз таъкидлаганидек, жамоатчиликка ҳавола этилган бу тўплам кенг қамровли бўлиб, юртимиз обидаларидаги битикларни ўрганишда қимматли манбадир. У туфайли биз аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган архитектура ёдгорликлари билан танишиш, асрлар қаъридан йўлланган битиклар – билимлар хазинасининг мағзини чақиш имконига эга бўламиз. 
 
 ЎзА 

Информеры