2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ХАВФСИЗЛИК, МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК

Ҳар қандай ҳокимият, жумладан, демократик жамиятлардаги давлат ҳокимияти ҳам ҳеч бир муаммоларсиз фаолият кўрсатмайди. Шу боис, давлат ҳокимиятининг барча органлари самарали ташкил этилишининг мураккаб жиҳатлари-ю жамиятдаги мавжуд ютуқ ва долзарб муаммоларни теран таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган, бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза этишга қаратилган — Конституция, конституциявий қонун, жорий қонун, фармон ва бошқа ҳуқуқий актлар кўринишидаги давлат сиёсатигина унинг халқчиллиги, қонунийлиги ва узоқ муддат барқарор ривожланишини таъминлай олади.

Мамлакатимизни барқарор ривожлантиришнинг йўл харитаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, рақобат тобора кучайиб бораётган шароитда давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантиришнинг мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларини белгилаб берган тарихий ҳужжат бўлди.

Мазкур Фармон билан тасдиқланган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётимизнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича аниқ устувор йўналишларни амалга оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ҳаракатлар стратегиясидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида илгари сурилган ва халқимиз кенг қўллаб-қувватлаган устувор йўналишлар ўрин олган.

Мазкур ҳужжатда давлатимиз раҳбарининг кенг жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари, оддий одамлар билан ўтказган кўплаб учрашув ва мулоқотлари чоғида билдирилган юртимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари ўз ифодасини топган.

Бу вазифалар мамлакатимизни яқин беш йил ва ундан кейинги даврда барқарор ривожлантиришнинг йўл харитаси бўлди.

Ҳаракатлар стратегиясини, ҳеч муболағасиз, мамлакатимизнинг яқин 5 йиллик келажагини белгиловчи, бутун халқимизнинг иродасини ифода этган муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга ҳужжат, деб алоҳида эътироф этиш лозим.

Аввало, ушбу Стратегия “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да қабул қилингани бежиз эмас. Унда халқимизнинг порлоқ истиқболи ҳамда тараққиётининг устувор йўналишлари қамраб олинган.

Иккинчидан, ҳужжатда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўли чуқур таҳлил этилган ҳолда давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича стратегик ёндашув ва тамойиллар ўз аксини топган.

Учинчидан, умумхалқ муҳокамасига тақдим этилган мазкур муҳим ҳужжат қабул қилинишида аҳоли кенг қатлами, чунончи, қонун ижодкорлари, олимлар ва амалиётчи мутахассислар ҳамда чет эллик экспертлар иштирокида қизғин муҳокамалар олиб борилди, юртдошларимиздан кўплаб фикр ва таклифлар келиб тушди. Оммавий ахборот воситалари, дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотларнинг, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик хорижий инвесторлар вакилларининг фикрлари ўрганилди.

Тўртинчидан, Ҳаракатлар стратегиясида дунёнинг турли нуқталарида тинчлик ва осойишталикка таҳдидлар кучайиб, мазкур масала ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб турган бир пайтда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўналишига алоҳида эътибор қаратилгани эътирофга сазовор.

Ислоҳотларни амалга оширишда босқичма-босқичлик тамойили

Ўзбекистон Республикаси ҳозирги даврда ҳар бир соҳада демократик ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш йўлидан бормоқда. Мамлакатимиз тоталитар тузумдан воз кечиб, фуқаролик жамияти сари дадил интилмоқда. Танлов йўли ҳаётда ўз ижобий натижаларини бермоқда. Бундай вазиятда яратилаётган қонунчиликнинг ўзи, бир томондан, ислоҳот, янгиланиш объекти бўлса, иккинчи томондан, демократик ислоҳотларга ҳуқуқий пойдевор, фуқаролар тинчлиги, фаровонлиги ва миллий тотувликка кафолат бермоқда.

Бошқача қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишларнинг изчиллигини, босқичма-босқичлигини Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топган қонун ҳужжатлари ва чора-тадбирлар орқали идрок этиш мумкин.

Бугунги кунда ҳам Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизнинг шиддат билан ривожланишини, ислоҳотларнинг оптимал равишда амалга оширилишини таъминламоқда. Айни пайтда “ўзбек модели” дея жаҳонда кенг эътироф этилган тараққиёт йўлимизнинг муҳим устувор қоидаси бўлмиш босқичма-босқичлик тамойилига тўлиқ амал қилинмоқда. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясини изчиллик билан беш босқичда амалга ошириш назарда тутилган бўлиб, бунда йилларга бериладиган номларга мувофиқ, ҳар йили уни амалга ошириш бўйича Давлат дастури тасдиқланади.

Ҳаракатлар стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури тасдиқланди. Бешта муҳим устувор йўналишни қамраб олган Давлат дастурида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш ва амалий ташқи сиёсат юритишга доир вазифалар белгилаб қўйилди.

Мазкур йўналишлар бир-бири билан ўзаро узвий боғлиқ. Хусусан, қонун устуворлигини таъминламасдан иқтисодиётни эркинлаштириш ва рақобатни кучайтириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш мураккаб масала ҳисобланади. Тинчлик ва хавфсизликни таъминламасдан эса барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди.

Айнан шунинг учун ҳам, шубҳасиз, бугунги кунда ўз олдига адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш мақсадини қўйган мамлакатимизда босқичма-босқич, изчиллик билан халқ иродасини рўёбга чиқариш, уни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини кучайтириш ва ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар сифат жиҳатидан янада юқори поғонага кўтарилмоқда.

Мустақиллик йилларида босиб ўтган йўлимиз ва тўплаган тажрибамизни холисона баҳолаш, қўлга киритган юксак марраларимизни таҳлил этиш орқали ишлаб чиқилган мазкур Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизни тадрижий ва босқичма-босқич ривожлантириш бўйича биз танлаган моделнинг нақадар тўғри эканини ва шу йўлдан бундан буён ҳам оғишмай қатъият билан боришимиз зарурлигини яққол кўрсатмоқда

Агар бутун халқимиз – оддий фуқародан, то юқори мансабдор шахсларгача бир ёқадан бош чиқариб, миллий суверенитетимизни мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизни янада ривожлантириш ишларига ўз салоҳиятимизни сафарбар этсак, тез орада юртимизнинг нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда янада обрўси юксалишига, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлашга ҳисса қўшамиз.

Аслида ҳам ҳар бир фуқаро Ватан манфаатини ҳимоя қилиш, унинг қудратини ва обрў-эътиборини мустаҳкамлаш учун барча чораларни кўриши лозим. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад – давлат мустақиллигини, унинг ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга оширишдан иборат.

Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналиши – тинч ва тотув ҳаётимизнинг пойдевори

Ҳаракатлар стратегиясининг “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” деб номланган бешинчи йўналиши доирасида давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, ён-атрофда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга оид муҳим вазифаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принциплари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.

Ўтган давр ичида мамлакатимизда қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясига асосланиб, Марказий Осиё минтақасида тез суръатлар билан ўзгариб бораётган ижтимоий-сиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, юзага келаётган таҳдид ва хатарларнинг ҳар томонлама чуқур таҳлили ва Қуролли Кучларни барпо этишнинг мутлақо янги принциплари негизида армиямизни ислоҳ қилиш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган Дастур ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда. Ушбу Дастурга мувофиқ, чегаравий минтақалар, ҳарбий округлар тузилди. Мудофаа вазирлигининг қисм ва бўлинмаларини, чегара қўшинларини, шунингдек, бошқа вазирлик ва идораларнинг ҳарбий тузилмаларини ягона, кучли тизимга бирлаштирган Қуролли Кучларнинг таркиби ва жойлашуви қайта кўриб чиқилди, уларнинг ўзаро уйғун ҳаракатини таъминлайдиган ва мувофиқлаштирадиган яхлит тизим шакллантирилди. Аммо ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Шу боис, Ҳаракатлар стратегиясида замонавий таҳдидларни чуқур таҳлил қилган ҳолда мазкур йўналишдаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш вазифаси кун тартибига қўйилмоқда.

Мазкур йўналиш доирасида мамлакатимиз конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, киберхавфсизлик соҳасида ахборот, норматив-ҳуқуқий асослар тизимини такомиллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятлардан хабардор қилиш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, шунингдек, Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари концепциясини ҳамда Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида ҳозирги вақтда жаҳонда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган шароитда бу борада эришган барча ютуқларимизни, шу билан бирга, йўл қўйган камчиликларимизни чуқур ва танқидий таҳлил қилиш асосида миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида белгилаб берилган аниқ вазифаларни амалга ошириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 126-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади.

Ўзбекистон Республикасининг «Мудофаа тўғрисида»ги қонунида (янги таҳрири) Ўзбекистонда мудофаани ташкил этишнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини бошқаришнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган. Қуролли Кучлар ўз фаолиятини қонун устунлиги, марказлашган раҳбарлик ва яккабошчилик, жанговар ва сафарбарлик борасида доимий шайлик ҳамда ҳарбий интизомга риоя этиш асосида қуради ва амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қурилишининг ташкилий тизимини янада такомиллаштириш, қўшинларни тайёрлаш борасидаги тадбирларни режалаштиришга оид янгича ёндашувни ишлаб чиқиш, барча бўғиндаги профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта таъминлаш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича узлуксиз ишларни давом эттириш шулар жумласидандир.

Давлат дастурининг ушбу бешинчи йўналишида мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучлар ҳарбий қудрати ва ҳарбий тайёргарлик даражасини оширишга қаратилган Комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш белгиланган бўлиб, унда:

мамлакат ҳарбий хавфсизлигини, Қуролли Кучлар жанговар тайёргарлиги ва жанговар қобилияти ҳолатини, кадрлар тайёрлаш тизимини, ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама таъминлаш соҳасидаги концептуал ҳужжатларни таҳлил қилиш;

янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси ва Мудофаа доктринаси лойиҳаларини тайёрлаш;

хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришни, қўшинлар таъминотини, уй-жой ва тиббий таъминот масалаларини назарда тутувчи “Ҳарбий хизматни, ички ишлар органларида, божхона органларида хизматни ўтаган шахсларнинг ҳамда улар оила аъзоларининг пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини мамлакат ҳудудий дахлсизлигини таъминлаш учун энг зарур бўлган замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника турлари билан жиҳозлашнинг аниқ чора-тадбирлар мажмуини назарда тутувчи алоҳида дастур қабул қилиш ҳам белгиланган.

Шу билан бирга, Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида хорижий ҳамкорлар билан сиёсий-дипломатик соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан 2017 йилга мўлжалланган савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорлигини тубдан ривожлантириш ва кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш, жумладан, мамлакатга инвестицияларни жалб этиш ва унинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича вазифаларини кучайтириш, Ўзбекистоннинг чет элдаги муассасалари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, хорижий мамлакатлар билан ҳукуматлараро алоқаларнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси дипломатик хизмати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининнг халқаро шартномалари тўғрисида»ги (янги таҳрири) қонунларни, Ўзбекистон Республикаси консуллик уставини (янги таҳрири), шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тўғрисида»ги янги таҳрирдаги низомни қабул қилиш назарда тутилган.

Президентимиз Ш. Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган улкан сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган “Ҳаракатлар стратегияси” Ўзбекистон тараққиёти йўлида халқимиз амалга ошираётган ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан – янги ва жўшқин, кўлам жиҳатидан – кенг ва қамровдор, халқимиз манфаатларини таъминлаш бўйича юксак натижадорлиги нуқтаи назаридан эса беқиёс даражада баракали босқичини бошлаб берди. Бу стратегик ҳужжат юртимизда юз бераётган ўзгаришларга тамомила янгича нигоҳ билан қараш, эришилган муваффақиятларни янада чуқурроқ англаб етишнинг ўзига хос юксак мезони, демакдир.

Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш, ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштириш, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун устуворлигини, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлат чегараларининг дахлсизлигини, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, она диёримизнинг энг ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олишига хизмат қилади.

Раҳимжон ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг аъзоси,  юридик фанлари номзоди

Информеры