2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚЎШИНЛАРНИ ТАЙЁРЛАШГА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ

Мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида миллий армиямизнинг жанговар қобилиятини ошириш, унинг сафларида шарафли бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг билим ва кўникмасини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш, қўшинларни замонавий, янги турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, тегишли вазирлик ва идоралар, жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Тошкент ҳарбий округи қўшинларида бу устувор вазифалар бўйича тегишли режалар ишлаб чиқилиб, улар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, ҳарбий округ қўшинларининг таркибий тузилиши, қўлланиши, йўналишлари  ва вазифалари аниқ белгилаб олинди, уларни тайёрлашда  янгича ёндашувга катта эътибор берилмоқда, яъни ҳарбий бўлинмаларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини реал ошириш, уюшқоқлиги ва самарали ҳамкорлигини таъминлаш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Ҳарбий округ қўшинларининг жанговар тайёргарлиги ягона тизимга келтирилиб, унинг стратегик йўналишлари белгилаб олинди. Ўтказилаётган жанговар тайёргарлик машғулотлари максимал даражада реал вазиятларга яқин ҳолда ўтказилмоқда. Бу жараёнда дала-ўқув машқларини ташкиллаштириш ва ўтказиш, ҳарбий хизматчиларни жанговар шароитларга маънавий-руҳий жиҳатдан тайёрлаш, шахсий таркибда ҳар қандай об-ҳаво шароитида, тоғ ва чўл ҳудудларида, аҳоли яшаш пунктларида жанговар ҳаракатларни олиб бориш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жанговар тайёргарлик машғулотларини юқори даражада ўтказиш учун барча ҳарбий қисм ва бўлинмалар шахсий таркиби зарур қурол-яроғ ва ҳарбий техника, ўқув-моддий база билан таъминланган. Улар тасарруфидаги дала-ўқув майдонлари зарур жиҳоз ва воситалар, компьютер ва ахборот технологиялари, макетлар билан таъминланган.

Тошкент ҳарбий округи қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга ҳам катта эътибор қаратиб келинмоқда. Офицер ва сержант кадрларни тайёрлаш тизимини яхшилаш ва модернизация қилиш борасида муайян ишлар қилинди. Лавозимларга тайинланаётган офицер ва сержантларнинг интеллектуал салоҳияти, Ватанга содиқлиги ва энг асосийси, профессионаллигига алоҳида эътибор берилаяпти. Бугунги кунда мамлакатимизда офицер ва сержант кадрларни тайёрлашнинг самарали тизими яратилган. Хусусан, ҳарбий округларнинг сержантлар тайёрлаш мактаблари бу борада катта тажрибага эга бўлиб, Қуролли Кучларимизга профессионал кичик командирларни етказиб беришда ўз ўрнига эга. Тошкент ҳарбий округи сержантлар тайёрлаш мактаби фаолиятини такомиллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари қўйган вазифалардан келиб чиқиб, дастур ишлаб чиқилмоқда. Ушбу ўқув маскани замон талаблари ва стандартларини эътиборга олган ҳолда ўқув машғулотларини олиб бормоқда. Бу ерда таҳсил олиб, Қуролли Кучларимиз сафида бурчини ўтаётган кичик командирлар офицер ва аскарлар ўртасида нафақат боғловчи бўғин, балки том маънода армиямизнинг таянч устуни, командирларнинг энг яқин ёрдамчиси сифатида эътироф этиб келинмоқда.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да Тошкент ҳарбий округи қўшинларида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. Округ ҳарбий прокуратураси ҳамда жойлардаги давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳарбий қисм ва муассасалар ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари иштирокида “Очиқ мулоқот”лар ўтказилмоқда. Жумладан, Сирдарё вилоятининг Ширин, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ўтказилган бу каби тадбирлар давомида юрт ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш сифатини ошириш, босқичма-босқич уй-жой билан таъминлаш, имтиёзли ипотека кредитларини олишга ёрдамлашиш, иш билан банд бўлмаганларини мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш, фарзандларини турли тўгарак ва спорт секцияларига жалб қилиш, уларни мактабгача таълим муассасаларига навбатсиз жойлаштириш, ҳарбий шаҳарчаларда яшаш ва дам олиш шароитларини янада яхшилаш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, округнинг чекка ва олис ҳудудларида жойлашган ҳарбий қисм ва шаҳарчаларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини қийнаган муаммолар ҳокимият ва тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида ҳал қилинмоқда.

Бундан ташқари, ҳарбий округ тасарруфидаги вилоят, туман ва шаҳарлардаги олий ўқув юртлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда меҳрибонлик уйлари билан ҳам узвий ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24 январдаги қарорига мувофиқ, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кирадиган номзодларни чуқур тайёрлайдиган Сирдарё, Тошкент вилояти ва шаҳридан бизга бириктирилган  академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг махсус гуруҳларида таҳсил олаётган ёшлар билан мунтазам машғулотлар олиб бориляпти. Яқинда мана шундай таълим даргоҳларидан бири – Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги Қибрай академик лицейида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Саломатлик куни” спартакиадаси ўтказилди. Шу билан бирга, ўқувчи-ёшлар, тарбияланувчилар ва талабалар билан илғор ва давлат мукофотига сазовор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг учрашув ва мулоқотлари, самимий суҳбатлар ёш авлод қалбида ватанпарварлик, юртга муҳаббат туйғуларини янада оширмоқда. Айниқса, ёшларнинг ҳарбий қисм ва муассасаларга экскурсияга келиб, яратилган шароитлар, ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан яқиндан танишишлари, дала-ўқув машғулотларида иштирок этишлари улар қалбидаги ҳарбий касбга қизиқишини ошириб, миллий армиямиздан фахрланиш туйғуларини жўш урдирмоқда.

Тошкент ҳарбий округи қўшинларида хизмат қилаётган юрт ҳимоячилари халқимизнинг юксак ишончи ва меҳр-муҳаббатидан куч олиб, мамлакатимиз Президенти ва Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан қўйилган устувор вазифаларни сидқидилдан бажариб, фуқароларимиз осойишталиги ва Ватанимиз тинчлигини асраш йўлида муносиб хизмат қилишга ҳамиша шайдирлар.

 

Полковник Лутфулла БУЗРУКОВ,

Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони

Информеры