2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАНГА САДОҚАТ – ЮРАКДАГИ УЛУҒВОР ТУЙҒУ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган мамлакатимизнинг беш йиллик тараққиёт йўлини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган давлатнинг мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, минтақамизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини вужудга келтиришга қаратилган устувор йўналишлар барча давлат ва жамоат ташкилотлари қатори Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг зиммасига ҳам аниқ вазифалар қўймоқда.

Давлатимиз раҳбари Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табрикларида “Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича кўпгина ютуқларга эришмоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда, вилоят ҳокимликлари таркибида ушбу кенгашнинг минтақавий бўлинмаларини тузиш орқали унинг имкониятларини кенгайтириш зарур. Бу бўлинмаларнинг ишини ҳарбий округлар қўмондонлиги билан яқин ҳамкорликда ташкил этиш мақсадга мувофиқдир”, дея халқ билан армия бирдамлигига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни  ижобий баҳолаб, имкониятларимизни кенгайтириш масаласида таклиф билдирган эдилар. Бизнинг фаолиятимизга берилган бу юксак баҳо ва билдирилган таклиф кенгашимиз аъзоларини янгича руҳ ва ёндашувлар билан ишлашга ундади.

Кенг жамоатчиликнинг барча ҳарбий қисм ва муассасаларга, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар орасига кириб боришини, уларнинг ўй-фикрлари, талаб ва истаклари, муаммою ташвишларини ўрганиш мақсадида Жамоатчилик кенгаши аъзолари иш режаларини янгидан кўриб чиқдилар. Бунда асосий эътибор ўтказиладиган тадбирларнинг ҳаётийлигини таъминлаш, уларни ҳар қандай расмиятчиликдан холи тарзда ташкил қилишга қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини келгусида ислоҳ этиш ва ривожлантиришга қаратилган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар Дастури тўғрисида”ги қарорида жорий йилнинг 1 апрелига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари таркибида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмаларини тузиш ҳақида аниқ вазифалар белгиланган эди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва вилоят ҳокимлари таркибида Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари шакллантирилиб, аъзолари тайинланди. Кенгаш аъзолари вилоятларда бўлинма аъзолари билан учрашиб, уларга олдинда турган вазифалар, давлат идоралари ва жамоатчилик уюшмалари билан биргаликда чақирувга қадар ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг юксак маънавий ва ахлоқий сифатлари, фаол ҳаётий позицияларини, мамлакатимиз мустақиллиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида шахсий масъулиятини оширишга қаратилган тадбирлар ташкил этиб бориш борасида таклифлар беришди.

Кенгашнинг минтақавий бўлинмалари аъзолари билан ўтказилган учрашув ва йиғилишларда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар имкониятларини кенгайтириш муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кирадиган ёшларни чуқур тайёрлайдиган касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларнинг белгилангани ва уларнинг ўқувчилари билан ҳарбий округлар қўмондонлари ва уларнинг ўринбосарлари машғулот ўтаётгани бу жуда катта амалий натижа.

Президентимиз қарорида белгиланган 29 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасига Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг тез-тез ташрифи режалаштирилди. Бундай мулоқотларда ёшлар фақатгина ҳарбий соҳага оид маълумотларни олиш билан чекланмайди. Уларда етакчилик қобилияти шакллана боради. Кимдан ўрнак олишни, кимга қараб ўрнак олишни дилига тугади. Ватан, миллат олдидаги бурчи нимадан иборат эканлигига жавоб топади.

Рақамларга назар ташланса, Жамоатчилик кенгаши аъзолари ўз хизмат йўналишларида юрт посбонлари ва улар оила аъзоларининг билими, маданияти ва маънавияти, интеллектуал салоҳияти, соғлиғини мустаҳкамлаш ва муносиб шароитлар яратиш бўйича ҳарбий қисмларда йилига ўртача 200га яқин турли тадбирда иштирок этишмоқда.

Ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхоналарига Ёзувчилар уюшмасидан Янги йил байрам совғаси сифатида 1400 та ва Ватан ҳимоячилари байрами арафасида 6000га яқин бадиий адабиёт, шунингдек, “Камолот” ЁИҲ томонидан 7750 нусха бадиий адабиёт тақдим этилди.

Бу ишларимизни янада жонлантириш мақсадида ҳарбий хизматчилар биринчи навбатда ўқиши керак бўлган асарлар рўйхатини туздик ва уларнинг “Аскар кутубхонаси” номи билан чоп этилишини режалаштирдик. Шу билан бирга, кино санъати намояндалари билан ҳамкорликда ҳарбий хизматчиларнинг машаққатли ва шарафли бўлган хизматини, ҳаётини, уларнинг жасорати ва қаҳрамонлигини яққол ёритадиган, халқимизнинг ўз ҳимоячиларига бўлган муҳаббатини акс эттирадиган, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган бадиий фильмлар сценарийлари устида иш олиб борилаяпти.

9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан биз ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашдик. Уларнинг таклиф ва истакларини, муаммоларини ўргандик. Юрт ҳимояси – муқаддас иш. Юракдаги улуғвор туйғу – Ватанга садоқат мана шундай муносабат ва тадбирлар жараёнида шаклланади.

 

Иқболжон МИРЗААЛИЕВ,

Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари,

Мудофаа вазирлиги  ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси

Информеры