2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ДАВЛАТИМИЗ ХАВФСИЗЛИГИ ҲИМОЯСИДА

Махсус тактик машғулотлар ва штаб машқларида ҳарбий хизматчиларнинг реал жанговар шароитга маънавий-руҳий жиҳатдан тайёрлигини таъминлашга, чўл ҳудудида, ноқулай иқлим шароитларида жанговар ҳаракатлар олиб бориш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги йилларда округ қўшинларини қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. Хусусан, қўшинларни модернизация қилинган ва янги қурол-яроғ, жумладан, мерганлик қуроллари, гранатомётлар, тунги кўриш мосламалари, калиматор нишонга олиш мосламалари, юқори қўмондонлик билан доимий равишда рақамли алоқани ташкил этиш мақсадида “Дала ахборот-коммуникация комплекси” алоқа воситалари билан қуроллантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаган қўшинларни тайёрлаш борасидаги тадбирларни режалаштиришга оид янгича ёндашувни ишлаб чиқиш, бу тадбирлар авваламбор ҳарбий бўлинмаларга юкланган вазифаларга, уларнинг тайёргарлик ва таъминланиш даражасига мос бўлиши, биринчи навбатда, офицер командирларнинг тайёргарлик даражасига боғлиқ.

Шу боис, ҳарбий округ қўшинлари таркибида хизмат қилаётган ўндан ортиқ офицер ўтган 6 ой давомида офицерлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида таълим олдилар. Яна 10 нафари ҳозирги кунда таҳсилни давом эттирмоқда.

Ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ўрта махсус касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 январдаги қарорига биноан олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун номзодларни тайёрлаш бўйича белгиланган Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 1-сонли академик лицей ва Тўрткўл банк коллежи, Урганч давлат университети қошидаги 2-сонли академик лицей ва Урганч тумани саноат-транспорт касб-ҳунар коллежида ташкил этилган махсус гуруҳларда самарали ўқув-тарбия жараёнини таъминлаш, шунингдек, педагоглар малакасини оширишни ташкил этиш учун ҳар томонлама методик ва амалий ёрдам кўрсатиляпти.

Қолаверса, барча академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида “Шунқорлар” ҳарбий спорт мусобақаларининг туман, вилоят ва республика босқичлари, “Жасорат” дарслари, ўқувчи-ёшларнинг ҳарбий қисмларга экскурсиясини ташкил этиш, давлат мукофоти билан тақдирланган илғор ҳарбий хизматчиларнинг лицей ва коллежларга, меҳрибонлик уйларига ташрифлари ва ёшлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиши кенг йўлга қўйилди.

2017 йилда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, резервга бўшатилган фуқароларни иш билан таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги раҳбарлигида ишчи гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, ушбу гуруҳлар томонидан бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бўйича олти юздан ортиқ резервдаги оддий аскар иш билан таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ минтақавий бўлинмаси фаолиятини фаол йўлга қўйиш бўйича барча шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиб берилди, мудофаа ишлари бошқармаларида алоҳида хоналар ажратилди, техник воситалар билан таъминланди. Минтақавий бўлинма аъзоларининг иш режасига мувофиқ, ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар, айниқса, самарали бўлмоқда. Улар иштирокида ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда ўтказилаётган тадбирларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, ёшларнинг ўй-фикрлари, талаб ва истаклари, муаммою ташвишлари ўрганилмоқда.

Ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларига яратиб берилаётган имтиёзларни ҳаётга жорий қилиш борасида ҳарбий округ ҳудудида қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ҳарбий шаҳарчалар ободонлаштирилди, янги ўқув-машқ майдонлари барпо этилиб, жиҳозланди. Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда Нукус (иккита) ва Урганч (иккита) шаҳарларида уч қаватли 36 хонадондан иборат уйлар узоқ муддатли ипотека кредитлари асосида қурилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда 800 нафар ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди, уларнинг ўндан ортиғига даволаниш муассасалари ва санаторийларга даволаниш учун йўлланма берилди. Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ҳар йили ёзги таътил вақтида Мудофаа вазирлигига қарашли Тошкент ҳамда Самарқанд вилоятларининг тоғли ҳудудларида жойлашган болалар дам олиш оромгоҳларига юборилмоқда.

Фахр ва ғурур билан айта оламизки, пухта тайёргарликка эга бўлган, кучли, ҳар томонлама таъминланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлатимиз хавфсизлигининг ишонч­ли ҳимоячисидир. Ўз ҳаётини Ватан ҳимоясига, унинг чегаралари дахлсизлигини таъминлашга бағишлаган, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигининг посбони бўлган жасур ўғлонларига халқимиз чуқур ҳурмат ва самимий меҳр-муҳаббатини изҳор этаётгани уларга куч-қувват бахш этмоқда.

 

Полковник Тохир ИРГАШЕВ,

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони

Информеры