2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОСИЁ ТИНЧ ОКЕАНИ МИНТАҚАСИДАГИ ҲАРБИЙ СИЁСАТ

Ҳар бир давлат ўзининг мустақиллигига эришгандан сўнг биринчи навбатда амалга оширадиган муҳим иши – бу ўз куч-қудратини мустаҳкамлашдан иборат бўлиб, бунга турлича ёндашадилар. Хитой Халқ Республикаси (ХХР) ҳукумати ўзининг аввалги кенг миқёсли урушга доимий тайёргарлик кўриш стратегик тамойилларини, тинчлик давридаги ҳарбий қурилиш тамойилига ўзгартирди.

Ушбу мақоланинг биринчи қисмида Хитой ҳақида асосий маълумотлар, ҳарбий сиё­сатининг ўзига хос хусусиятларини таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. Иккинчи қисмида эса, анъанавий тарзда бўлиб ўтадиган Сяншань халқаро форумида олинган маълумотлар асосида, Осиё тинч океани минтақасининг қисқача тавсифи билан бирга, Хитойнинг ушбу минтақадаги олиб бораётган ҳарбий сиёсатига назар ташлаймиз.

Ўзига хос хусусиятлари

Хитой сўнгги беш йил ичида мудофаага сарфлаган харажатларини икки баробарига кўпайтирди. Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши матбуот котиби Фу Иннинг маълум қилишича, 2016 йилда Хитойда миллий мудофаага харажатлар 30 фоизга ошган ва 190 млрд долларни ташкил этган. Бу мамлакат марказий бюджетининг ўсаётган даромадларига мос келади (ЎР ТИВ 2016 йилги берган ахборот маълумотларига кўра 2015 йилда Хитойнинг ҳарбий бюджети 144 млрд долларни ташкил этган). Шундай қилиб, беш йил ичида мамлакат ҳарбий бюджети деярли икки баробарга ўсди. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, Хитойнинг ҳақиқий ҳарбий бюджети расмий маълумотдагига қараганда юқори бўлиши мумкин.

ХХР ҳудуди 2015 йил охиригача еттита ҳарбий округ ва учта флотга тақсимланган эди (Шенъян, Пекин, Ланчжоу, Цзинан, Нанки, Гуанчжоу ва Чэнду). Бироқ Хитой ОАВ хабарларига қараганда, 2016 йилнинг 1 февраль куни ХХР ва Марказий ҳарбий кенгаш (МҲК) раиси Си Цзиньпин Хитой халқ озодлик армиясининг (ХХОА) бешта қайта гуруҳланган ҳарбий зоналар қўмондонлигига Жанговар байроқларни топширди ва ҳарбий округларни шакллантириш ҳамда бирлашган қўмондонлик тизимининг яратилишини эълон қилган.

Ҳозирга келиб, Хитойда мамлакат майдонини ҳарбий округларга бўлиш ислоҳоти якунига етган, аввалги еттита округ ўрнига бешта ҳарбий зоналар қўмондонлиги ташкил этилди. Жумладан, Цзинан ҳарбий округи негизида – Шарқий; Гуанчжоу ҳарбий округи негизида – Жанубий; Чэнду ҳарбий округи негизида Ланчжоу ҳарбий округини бирлаштириб – Ғарбий; Пекин ҳарбий округи негизида – Марказий ва Шенъян ҳарбий округи негизида – Шимолий ҳарбий зона қўмондонлиги тузилди.

ХХР раҳбари ҳарбий округларни шакллантириш ва бирлашган қўмондонлик тизимини яратиш қарорини “Хитойнинг кучли армия ҳақидаги орзусини амалга оширишга йўналтирилган Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси ва Марказий ҳарбий кенгашининг стратегик қарори”, деб таъкидлаган.

Ислоҳотларнинг асосий мақсади Марказий ҳарбий кенгаш орқали армия бошқармасини кучайтиришга ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган.

2020 йилга келиб, Хитой ҳарбий сиёсатига асосланган ҳолда ахборот даврида ғалабага эриша олувчи замонавий Қуролли Кучлар қуришга эришиш учун умумий мақсадлар қўйилган.

2015 йилнинг ноябрь ойи охирида, икки кунлик анжумандан сўнг ХХР ва МҲК раиси Си Цзиньпин Хитой халқ озодлик армиясининг кенг миқёсидаги ислоҳотлари ҳақида эълон қилган эди. Айтиб ўтилганидек, Қуролли Кучларнинг миқдори 300 минг кишига (2 млн.гача) қисқартирилишидан ташқари, ташкилий тузилишини ўзгартириш ҳам назарда тутилган. Хитой халқ озодлик армиясининг Иккинчи артиллерия корпуси (стратегик вазифаларни бажарувчи ракета қўшинлари) ракета қўшинларига ўзгартирилиши ҳамда стратегик ёрдам кучларининг яратилиши эълон қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги хулосага келиш мумкин:

Хитойнинг ҳарбий хавфсизлик соҳасидаги стратегияси – мамлакат атрофида нобарқарорлик омилларини камайтиришга ва қулай шароитларни яратишга қаратилган сиёсий, дипломатик ва иқтисодий характерга эга бўлган чораларни ишлаб чиқишдан иборатдир. Шулар билан бир вақтда, Хитой ҳарбий соҳада ривожланиш тенденцияларига риоя қилган ҳолда, ўз иқтисодий куч-қудратига таяниб, илм-фан ва илғор технологияларга асосланиб, ҳарбий салоҳиятини ошириш ҳамда такомиллаштириш йўлидан бормоқда. Қолаверса, мамлакатнинг ҳарбий сиёсатидаги ислоҳотлар ХХР ташкил топган давридагидан тубдан фарқ қилиб, нафақат ҳарбий қўмондонлик тузилмаларини оптималлаштириш, сиёсий тизимни мустаҳкамлаш, янги қуролланиш тизимини яратишга, балки ташқи сиёсий ва геосиёсий  вазифаларни ечишга ҳам қаратилган.

Хитойнинг минтақадаги ҳарбий сиёсати

Осиё Тинч океани (ОТО) минтақаси – сиёсий ва иқтисодий термин бўлиб, Тинч океани ҳудудидаги кўплаб орол давлатларни ўз ичига олади.

ОТО минтақаси 58 та давлат ва ҳудудни бирлаштиради, аксарият ҳолларда минтақага Непал, Монголия, Мъянма ва Ҳиндистонни ҳам киритишади.

ОТО минтақасидаги ҳарбий-сиёсий вазият таҳлили, сўнгги вақтларда вазият шиддат билан ўзгариб боришига гувоҳлик бермоқда. Умуман олганда, минтақадаги ҳозирги вазиятнинг асосий омиллари қуйидагилар:

иқтисодиёт глобаллашуви оқибатида минтақа давлатлари ўртасида ривожланиш даражаси бўйича тафовутларнинг ўсиб бориши;

ўзининг манфаатларини илгари суриш учун глобаллашув ва халқаро иқтисодий-молиявий ташкилотлардан унумли фойдаланган ҳолда АҚШ иқтисодий устунлигининг ортиб бориши;

минтақа давлатларининг глобаллашувга мослашиш ва унинг таҳдидларидан ўзларини ҳимоя қилиш учун АСЕАН+3 (Япония, Хитой, Жанубий Корея) каби минтақавий иқтисодий институтларни тузишга интилишлари;

АҚШнинг мутлақ ҳарбий устунлигида минтақа давлатлари ҳарбий қудратининг жиддий номутаносиблиги;

бир томондан давлатлараро сиёсий зиддиятлар (Корея яримороли, Тайван) орқали, иккинчи томондан ҳудудий келишмовчиликларнинг барҳам топмаганлиги (Япония, Россия, Хитой, Корея, Вьетнам, Филиппин, Малайзия) оқибатида юзага келаётган қарама-қаршиликлар ўчоғининг сақланиб қолиши.

Узоқ вақтлардан бери ОТО минтақасидаги вазиятни назорат қилиб туриш учун АҚШ Япония билан икки томонлама иттифоқни кучайтиришга уриниб келган. Шунингдек, Тинч океани кичик НАТОсини ташкил этган (Япония – Жанубий Корея – Австралия – Янги Зеландия) ва Тайваннинг Хитойга қайтарилишига тўсқинлик қилган. Тайван режими мудофааси учун катта миқдорда ҳарбий ёрдам бериб турган.

2013 йил маълумотлари бўйича ОТО минтақасида 25 600 АҚШ денгиз пиёдалари жойлашган. Улар асосан Японияда (18 400 киши) ва Гавай оролларида (6579 киши). Жанубий Кореяда 250 киши, минтақанинг қолган давлатларида унчалик кўп эмас.

Шунга қарамасдан, бугунги Америка – Япония муносабатларининг муҳимлигидан қатъи назар америкалик йирик геосиёсатчиларнинг фикрига кўра, бу минтақада кунчиқар мамлакати АҚШ учун унчалик муҳим роль ўйнамай қўйган. Киссинжер ва Бжезинскийларнинг фикрича, ОТО минтақасида АҚШнинг янги стратегик ҳамкори Хитой бўлиб қолади.

Шунга қарамай, Хитойнинг дунё миқёсидаги буюк давлатга айланишига бир қатор омиллар тўсқинлик қилишини кузатиш мумкин.

Биринчидан, ХХР юқори суръатда иқтисодий ўсишини яқин икки ўн йилликларда сақлаб туриши қийин бўлади.

Иккинчидан, Хитойга жиддий муаммолардан бири хом-ашё ва энергия манбаининг етишмаслик масаласи бўлиши мумкин.

Яна битта масала – озиқ-овқат муаммоси. Хитой аҳолиси кўпайиб бормоқда ва озиқ-овқат импорти ХХР ички барқарорлигида муҳим роль ўйнайди. Импортга боғлиқлик нафақат нархларнинг кўтарилишига, балки ташқи кучлар томонидан босим ўтказиш учун қулай шароит туғдиради.

Ундан ташқари, ОТО минтақасида Хитойни халқаро тўқнашувларга тортиб кетиши мумкин бўлган қуйидаги муҳим зиддиятли масалаларни санаб ўтиш мумкин:

– Жанубий Хитой денгизидаги Парасел ва Спратли ороллари денгиз тубидаги қимматли энергия ресурсларига эгалик қилиш мақсади Хитой ва бир қатор Жануби-шарқий Осиё давлатлари ўртасида тўқнашувлар бўлиш хавфини туғдиради. Хитой охирги вақтларда Жанубий Хитой денгизини қонуний ўзиники, деб ҳисобламоқда;

– Сенкаку ороли Япония ва Хитой ўртасида талашиб келинмоқда;

– Кореянинг бўлиниши ва Корея Халқ Демократик Республикасидаги беқарорлик, унинг ядровий давлат бўлишга интилиши, мазкур яриморолда тўсатдан уруш бошланишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ўз ўрнида АҚШни ва билвосита Япония ва Хитойни урушга тортиши мумкин;

– бошқа ёпиқ ҳудудий-этник қарама-қаршиликлар қаторига рус-хитой, хитой-вьетнам ва хитой-ҳинд чегара масалалари ҳамда Синцзяндаги этник ҳаракатлар ва океан чегаралари бўйича хитой-индонезия келишмовчиликлари кириб кетади.

Шу билан бирга, Хитой раҳбариятининг сиёсий ва иқтисодий қийинчиликларни муваффақиятли енгиб бораётганини таъкидлаб ўтмасликнинг иложи йўқ. ОТО минтақасида вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида, Хитой ўзининг сиёсий алоқаларини АҚШ, Россия, Покис­тон, Бирма ва Шимолий Корея билан кенгайтиришга интилмоқда.

Хитойнинг Покистон билан иттифоқи ва Бирмада ҳарбий кучларининг мавжудлиги минтақада Ҳиндистон таъсирини пасайтиришга қаратилган.

Хитойнинг Покистон билан ҳарбий ҳамкорлиги яхши ривожланган бўлиб, бу хавфсизлик соҳасида Ҳиндистонга анча муаммоларни келтириб чиқариш билан бирга, унинг ОТО минтақасида етакчи  ва Хитойнинг геосиёсий рақобатчиси бўлиш имкониятларини чеклайди.

Хитойнинг Бирма билан ҳарбий ҳамкорлиги мамлакатнинг Жануби-шарқий Осиёда ва айниқса Малак кўрфазида янги стратегик имкониятларни очиб беради.

Кореянинг бирлашиши масаласи чуқур сиёсий илдизга эга. Фикримизча, бирлашган Корея ўз-ўзидан Америка ва Япония таъсири тарқаладиган ҳудудга айланиб қолади, бу эса Пекиннинг сиёсий иззат-нафсониятига тегадиган кучли зарба бўлиши мумкин.

ОТО минтақасида хавфсизликни таъминлаш, ички ва ташқи таҳдидларнинг олдини олиш масалалари бўйича турли даражадаги форумлар ўтказиб келинмоқда. Масалан, “Сеул мудофаа диалоги” халқаро форуми, “Сяншань” халқаро форуми. Бундай тадбирларнинг замирида ОТО минтақасида мавжуд хавф ва хатарларнинг биргаликда олдини олиш ва уларга нисбатан холис баҳо бериш, шунингдек, хавфсизликнинг долзарб муаммолари бўйича фикр алмашишдек устувор мақсадлар мужассам.

Хусусан, 2015 йил 16-18 октябрда Пекин Миллий анжуманлар марказида олтинчи “Сяншань” форуми бўлиб ўтди. “ОТО минтақасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик: воқелик ва истиқболлар” мавзусидаги ушбу тадбирда  49 та давлат ва 5 та халқаро ташкилот вакиллари қатнашган эди.

Форумдаги маърузачиларнинг аксарияти, ОТО ҳудудида минтақавий хавфсизликни таъминловчи механизмнинг йўқлиги, ушбу минтақада янги зиддиятлар ўчоғини ташкил этиши мумкинлигини таъкидлаб ўтишди. Минтақанинг ривожланишига Осиёнинг йирик давлатлари ўртасида турли муаммоларнинг мавжудлиги (Хитой – Япония, Хитой – Ҳиндистон, Ҳиндистон – Покистон) таҳдид солиб келмоқда.

ХХР мудофаа вазири генерал-полковник Чанг-Вангуан ўзининг маърузасида Хитой халқ озодлик армиясининг Осиёдаги хавфсизликни таъминлаш жараёнларидаги роли ҳақида тўхталар экан, ҳарбий қудратни ошириш зарурлигини таъкидлаб, фикрини қуйидагича асослаб берди:

биринчидан, ўтмишнинг аччиқ тажрибаси, Хитой, жумладан, Қуролли Кучларининг ҳам заифлиги билан етакчи давлатларнинг колониал сиёсати объектига айланиб келгани;

иккинчидан, Хитой халқининг мамлакатни тўлиқ бирлаштиришга интилиши (Тайван);

учинчидан, ХХР Қуролли Кучлари, унинг қудрати мамлакатни умумий ташқи ва ички хавфсизлигини таъминлайди.

Ундан ташқари, ХХР мудофаа вазири ОТО минтақасида минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича Хитой раҳбариятининг қуйидаги ташаббусини айтиб ўтди:

давлатлараро баҳсларни музокаралар ва халқаро ҳуқуқ ролини ошириш йўллари билан бошқариш механизмини ишлаб чиқиш;

хавфсизликнинг эҳтимолий таҳдидлари бўйича мамлакатлараро доимий ва тезкор ахборот алмашиш;

очиқлик, шаффофлик ва ҳамкорлик муносабатларига асосланган,  давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, “хавфсизлик архитектурасини” шакллантириш.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги хулосага келиш мумкин. Хитойнинг ОТО минтақасидаги ҳарбий сиёсати – мамлакат атрофида нобарқарорлик омилларини камайтиришга ва қулай шароитларни яратишга қаратилган, сиёсий, дипломатик ва иқтисодий характерга эга бўлган чораларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

ХХI асрда Хитойнинг ҳарбий сиёсати Осиё Тинч океани (ОТО) минтақасида юқори нуфузга эга бўлган ва ўзининг сиёсий таъсирлари, иқтисодий ва ҳарбий қудрати бўйича дунёнинг бошқа етакчи давлатлари билан тенг кела оладиган, аср ўрталарига келиб кучли, модернизациялашган, бирлашган (Тайван муаммоси ечими топилиши кўзда тутилмоқда), “держава” мақомига эга бўлиш мақсадида миллий ривожланиш стратегиясини амалга оширишнинг шартларини таъминлашга қаратилган.

ОТО минтақасида тинчлик ва барқарорликни сақлаш муаммолари бўйича алоҳида давлатлар вакилларининг халқаро форумлардаги маърузалари таҳлили, мазкур минтақада чуқур қарама-қаршиликлар мавжудлиги ва булар шубҳасиз зиддиятларнинг ўсишига сабаб бўлиб қолишидан далолат бермоқда.

Юқоридаги билдирилган фикр ва мулоҳазалар бизлардан дунёда юзага келган ҳарбий-сиёсий вазиятни ва жаҳон иқтисодиёти марказининг Атлантика океанидан Тинч океани ҳудудига силжишини ҳисобга олиб, Осиё Тинч океани минтақасидаги вазиятни тизимли равишда чуқур ўрганиш ва кузатиб боришни талаб қилади.

Миллий армиямизни янада ривожлантириш жараёнида миллатимиз менталитетидан келиб чиқиб, мамлакатимиз Қуролли Кучларига хос хусусиятларини татбиқ қилиш масалаларини кўриб чиқиш мақсадида Осиё Тинч океани минтақасидаги давлатлар ҳарбий сиёсатини ва Қуролли Кучлари ривожлантириш соҳасидаги илғор тажрибаларини ўрганиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Подполковник Собиржон АБДУРАЙИМОВ,

ҳарбий фанлар доктори

Информеры