2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МЕТИН ҚАЛҚОНЛАР

Машғулотлар давомида ҳар бир ҳарбий хизматчининг индивидуал ва гуруҳ таркибида қўйилган вазифаларни сифатли адо этишига, бўлинмаларнинг эса бир-бирини тўлдириб, ўзаро уйғунликда ҳаракатланишига жиддий эътибор қаратиляпти.

Аниқ режа асосида

Юқори қўмондонликдан берилган топшириққа кўра тревога сигнали бўйича ҳаракатланиб, ҳарбий техникалар воситасида белгиланган жойга етиб келган капитан Элмурод Раҳмонқулов етакчилигидаги бўлинма ҳарбий хизматчилари муҳим жанговар вазифани тезкорлик билан бажаришга киришди.

Командирнинг етакчилик қобилияти ва салоҳияти айнан шундай пайтларда билинади. Яъни у ностандарт қарорлар қабул қила олиши, тезкор тактик режа ишлаб чиқиб, қўл остидагиларнинг тўғри ҳаракатланишини ташкил қилиши лозим.

Тезда вазиятни ўрганиб чиққан командир бўлинмани гуруҳларга ажратди ва ҳар бирига тегишли вазифалар белгилади. Машғулот шартига кўра, шартли душман кучлари жойлашган ҳудудда жанговар операция ўтказилиши керак. Бўлинма командири капитан Наби Ҳусенов етакчилигидаги гуруҳга шартли душман кучлари жойлашган ҳудудга сездирмай етиб бориш ва уларни йўқ қилиш, зарурат туғилганида, ҳудудда тозалаш операцияларини ўтказиш вазифасини қўйди. Шартли душманнинг таянч воситалари, яъни ёрдамга келиши мумкин бўлган кучлар, уларнинг ҳарбий техникаларини яксон қилиш ва зарурат туғилганида, капитан Наби Ҳусенов гуруҳини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган иккинчи гуруҳга капитан Аброр Дўстов етакчилик қилиши белгиланди. Қўшимча кучларга эҳтиёж сезилганда ёрдамга шай туриш учун пистирмада сержант Анвар Норбоев командирлигидаги гуруҳ қолдирилди. Жараёнда алоқанинг узлуксиз таъминланиши қатъий уқтирилди.

Ҳудуд бўйлаб ҳаракат

Топшириқни бажаришга киришиш олдидан капитан Наби Ҳусенов гуруҳни сафлаб, топшириқни етказди. Ҳар бир ҳарбий хизматчининг ҳарбий аслаҳа ва анжомларини, ахлоқий-руҳий ҳолати, қурол билан муомала қилиш борасидаги билимларини пухта текшириб, машғулотга киришиш ҳақида буйруқ берди.

Гуруҳ йўлга тушди. Ўғлонлар чор-атрофни кузатиб, сергаклик билан ҳаракатланишмоқда. Ҳарбий хизматчилар ҳаракат давомида мудофаада туриш, ҳужумга ўтиш ва алоқага чиқиш каби машқларда маҳоратларини мустаҳкамлаб боришяпти.

Машғулот ўтказилаётган ҳудуд рельефи паст-баланд адирликлардан иборат. Бир томон олис уфқ кенгликларига туташиб кетган. Бу табиий омиллар беркиниш учун қулай. Шу билан бирга, ҳар қадамда пистирмага дуч келиш эҳтимоли ҳам бор.

Бу орада капитан Аброр Дўстов етакчилигидаги гуруҳ шартли душман кучлари чекиниши ва уларга ёрдам келиши мумкин бўлган ҳудудни мўлжаллаб, қуролларини қулай позицияларга жойлаштириб улгуришди.

Гуруҳ командири фурсатдан фойдаланиб, ҳар бир қуролнинг ўрнатилган позициясини ва уларга бириктирилган ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарликларини назоратдан ўтказишга киришди.

Шиддатли ҳужум

Капитан Наби Ҳусенов командирлигидаги ҳужум гуруҳи таркибида ҳаракатланаётган мерган сержант Қодиржон Маҳмудов оптик мўлжаллагич ёрдамида атрофни диққат билан кузатишга киришаркан, ортдагиларга тўхташ ишорасини берди ва командирга номаълум қуролланган шахсларнинг ҳаракати пайқалганини маълум қилди. Командир узоқликни кўрсатувчи мослама орқали ҳудудни кузатиб, бунга ишонч ҳосил қилди.

Шундан сўнг гуруҳ командири шахсий таркибга қай тарзда ҳаракат қилишни тушунтирди. Олдинга тезкор бўлинма юборилди. Ён томонлардан уларни пулемётчилар ва мерганлар ҳимоя қилиб туришди. Ҳарбий хизматчилар шиддат билан ҳужумга ўтишди. Шартли душман кучлари очиқ ялангликка сиқиб чиқарилди. Бу ҳақдаги маълумот машғулот раҳбарига етказилгач, капитан Аброр Дўстов етакчилигидаги гуруҳга уларга зарба бериш вазифаси қўйилди. Кўзда тутилган тактик режа самара берди.

Машғулотда шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Сайфиддин Сайдуллаев, пулемётчи шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шаҳзод Каримов ва ўқчи сержант Санжар Ражабов, сержант Дилмурод Фозилов командирлигидаги шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар Жаҳонгир Тоштемиров ва Жасур Нуруллаев, сержант Ҳасан Поёнов етакчилигидаги шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар – Ҳасан Очилов ва Самандар Сид­ёров профессионалларга хос ҳаракат қилишди.

Доимий жанговар шайликка соҳа илмини назарий жиҳатдан чуқур ўрганиш ва уни амалиётга муваффақият билан татбиқ этиш, шунингдек, ҳар қандай шароит ва вазиятда ўз вазифасини пухта бажариш, қўйилган топшириқларнинг тўлиқ адо этилиши орқалигина эришилади. Бунинг учун эса тинимсиз изланиш, ўрганиш ва машқ қилиш зарур.

Ёшин ҲАКИМОВ

 

Информеры