2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕКИСТОН ЧЕГАРАЛАРИ ДАХЛСИЗ

Мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев «…Биз муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошлаб берган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлини оғишмасдан, қатъий ва изчил давом эттирамиз. Бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида тобора кескинлашиб бораётган қонли можаро ва зиддиятлар, терроризм ва экстремизм хавфи биздан доимий огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этмоқда. Шу борада Ўзбекистон чегараларининг хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, юртимиз остонасига ҳеч қандай бало-қазони яқин келтирмаслик каби ҳал қилувчи вазифалар ҳамиша диққатимиз марказида бўлади», деб таъкидладилар.

МХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан ҳокимлик, жойлардаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида»ги қонуни талабларини аҳолига етказиш бўйича «Огоҳлик – давр талаби» мавзусида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда. Шу билан бир қаторда, чегара олди ҳудудида кенг жамоатчилик вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, спортчилар, ҳарбий хизматчилар ва фахрийларни жалб этган ҳолда Ватан, юрт қадри, мамлакат ҳимояси мавзусида учрашувлар ташкил этиляпти.

МХХ Чегара қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясига эътиборни алоҳида таъкидлаш жоиз. Буни барча талабларга жавоб берадиган ҳарбий қисм ва чегара пости мажмуалари қад ростлаётгани, мавжудлари эса қайта реконструкция қилинаётгани, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун замонавий кўринишдаги тураржой бинолари қуриб фойдаланишга топширилаётгани мисолида кўриш мумкин.

Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ва жанговар тайёргарлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, мамлакатимиз суверенитети ва унинг давлат чегараларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз ўзининг куч-қудрати ва салоҳиятига таянган, ўз сарҳадлари, халқининг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир бўлган, халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллаган, тез ва барқарор суръатлар билан ўсиб бораётган мустақил ва суверен давлатга айланди. Давлатимиз чегараларини турли хуружлардан ҳимоя қилишга қодир Қуролли Кучлар, хусусан, МХХ Чегара қўшинларига эгамиз. Ҳарбий хизматчилар салоҳияти билан фахрланишга ҳақлимиз. Юртимиз тинчлиги, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, осмонимиз мусаффолигини таъминлаш учун Юртбошимизга камарбаста бўлишимиз шарт.

Давлат чегараларини мустаҳкамлашда шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлиги ва шайлигини ошириш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилди. Бу ишда сержантлар тайёрлаш мактаблари ва МХХ Чегара қўшинлари ўқув марказлари катта роль ўйнади.

Диний экстремизм ғояларининг тарқалишига, наркобизнесга қарши кураш, қўпорувчи-террорчи гуруҳларнинг чегарани бузиб ўтишига йўл қўймаслик мақсадида МХХ Чегара қўшинлари шахсий таркиби билан доимий равишда назарий ва амалий машғулотлар олиб борилмоқда.

Ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси МХХ Чегара қўшинларида ҳам ўсиб келаётган ёш авлоддан муносиб ўринбосарлар тайёрлаш, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга  киришлари учун шароитлар яратиш, Ватанга муҳаббат, ҳарбий-ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилиш, давлат чегараларининг дахлсизлиги, Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш учун масъулиятни янада кучайтиришда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бир неча йилдан буён «Ёш чегарачилар» ҳарбий спорт мусобақаси ўтказиб келинмоқда. Анъанага айланган ушбу мусобақа ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сарҳадларимизда сергак ва ҳушёр турган ўғлонларимиз юксак профессионал маҳорат, мардлик ва жасорат намунасини кўрсатиб, юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш бўйича ўз ватанпарварлик бурчларини содиқлик билан ўтаб келишяпти.

 

Раззоқ ШАЙМАРДОНОВ

 

Информеры