2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ДУНЁНИ ОЛОВДАН АСРА, ЭЙ, ОДАМ!

Инсоният бошига кўп кўргуликларни солган Иккинчи жаҳон урушининг тамом бўлганига ҳам 72 йил бўлди. Даҳшатли уруш Ўзбекистондан жуда олисларда кечди. Бироқ унинг азоблари ҳеч бир ўзбек хонадонини четлаб ўтган эмас!

Олти ярим миллион аҳолининг бир ярим миллиони урушга сафарбар қилинганидан кейин ҳар бир хонадоннинг унга дахлдор бўлиши шаксиздир. Фронт ортидаги меҳнат-чи?! Бўйи станокка етиб-етмай ишлаган болалар, ўсмирлар, далаларда тонгдан шом қоронғисига қадар тер тўккан аёллар, қариялар…

Иккинчи жаҳон уруши йилларида мамлакатимизга 1 млн 200 минг киши эвакуация қилинган. Айрим манбаларда улар сони бундан ҳам кўплиги айтилади.

Нима бўлганда ҳам мазкур рақамлар бугун юксак даражада ривожланган Европани хавотир-у талвасага солаётган қочоқлар сонидан ортиқ бўлса ортиқки, кам эмас!

Биз, уруш кўрмаган авлод уни кинолардагина кўриб, тасаввур қилганмиз. Ана шу тасаввурларимизда уруш қаҳрамонликлар майдони эди. Бироқ уруш кинолардагидек бўлмас экан…

Уруш барбод бўлган тақдирлар, болалиги бўлмаган болалар, дарёдек оққан қонлар, инсон қадрини ер билан яксон қиладиган асирлик, одамлар тириклай ташланадиган газ камералари, даҳшатли қамал, сарсон-саргардонлик, вайронага айланган шаҳар-қишлоқлар экан.

Уруш – бир сидра кийим билан аёллар қўлига қурол тутқизган фожиадир, ҳафталаб, ойлаб ечилмайдиган этиклар, ювилмайдиган кийим-кечаклар, сув босган ертўлаларда совуқдан, юқумли касалликлардан вафот этган юзлаб инсонлар, кичик хато учун ҳам адолатсизлик билан Ватан хоинига чиқарилганлар, фронт ортида очликдан кунжара еб, шишиб ўлган тақдирлардир.

Уруш миллионларнинг ёстиғини қуритди. Фашизм устидан қозонилган Улуғ Ғалаба ортида мислсиз йўқотишлар ҳам бўлганини унутишга ҳаққимиз йўқ. Бу урушда қатнашган ҳар бир юртдошимиз, ҳар бир ўзбек жангчиси жасорат, мардлик аждодлардан мерос бўлиб, қон-қонига сингиб кетганини тенгсиз жангларда намойиш этди. Катта авлод тарих китобларининг Иккинчи жаҳон уруши тарихи битилган саҳифаларида буюк ғалаба рамзи бўлган ҳарбий параддан битта расм гоҳи муқоваларда, гоҳи нуфузли журналларда бот-бот босиларди. Ана шу расмда биринчи қаторда, биринчи бўлиб, асосий планда забун бўлган ғаним байроғини ерга қаратиб турган музаффар жангчи – ўзбек ўғлони эканлигини биласизми?! Бу инсон Собир Султонов бўлиб, бир неча ой муқаддам ёруғ оламни тарк этди. Музаффар жангчининг охиратлари обод бўлсин.

Кейинги йилларда дунёнинг олтмиш мамлакати иштирок этган улкан муҳораба билан боғлиқ ҳақиқатлар юзага қалқиб чиқмоқда. Беларус адибаси Светлана Алексивичнинг Нобель мукофоти билан тақдирланишини гегемонликка даъво қилувчи айрим миллат вакиллари бир оз нописандлик билан қабул қилган эдилар.

Ана шу нописандликдан ҳайратланиб, унинг «Уруш аёллар иши эмас» асарини ўқиб чиқдим. Ушбу асарнинг қиммати шундаки, адиба турли мамлакатларни кезиб, қаҳрамонларининг уруш билан боғлиқ бошидан кечирганларини тинглаб, рўйи рост ҳикоя қилади. У сизнинг уруш ҳақидаги романтик ўй-хаёлларингизни чиппакка чиқариб, реал воқелик билан таништиради. Унда ўқчи ротанинг санинструктори бўлган Ольга Яковлевна Омельченконинг хотиралари шундай баён қилинади: «Мен бошдан кечирган даҳшатларга айрим эркаклар ҳам бардош беролмасди… Операция қилинадиган чодирнинг бир четида кесилган қўл-оёқлар ташланадиган жой бор эди… Бир гал мана шу операция чодирига мен билан бирга бир офицер ҳам кирди, унинг жароҳатини қайта боғлаб қўйишим керак эди. Чодирга кириб, кесилган қўл-оёқларга кўзи тушди-ю, ҳушини йўқотиб, юзтубан йиқилди. Эркак ҳам дош беролмади».

Ҳа, эркак ҳам дош бериши қийин ҳолатда аёл – Онани кўриш фожиадир. Биз экранда кўриб, одатланганимиз чиройли юбка-ю бежирим этик кийган қувноқ қиз-жувонлар бор-йўғи фильм қаҳрамонларидир. Бундай либос, ҳа, ҳа, айнан либос даҳшатли муҳораба учун бутунлай ёт эди! Уларни адолат билан ўргансак, фронтда ўтган ҳар бир куннинг қийматини, жасорат нима эканлигини теранроқ англаймиз.

Азиз замондош, дунёда фарзандининг қўлсиз эканлигидан қувонган аёл борлигини эшитганмисиз? Бир овоздан, «йўқ, бундай аёл, она бўлмайди», дейишингизни яхши биламан. Ҳа, Ўзбекистондек осуда бир мамлакатда яшаётган ҳар бир инсон шундай деб ўйлайди. Бироқ юртимизда ҳаёт ҳамма вақт ҳам бугунгидек бўлмаган.

Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида 92 ёшни қаршилаган мўътабар инсон – Парпибой ота Аҳмедов истиқомат қилади. У шундай ҳикоя қилади:

– 1944 йил урушдан қайтдим. Уйда онам ёлғиз эканлар. Мени кўриб, қувониб кетдилар. Айниқса, қўлим йўқлигидан қувониб: «Худога шукур, энди сени яна қайтиб урушга олиб кетмайдилар», деганлари ҳамон ёдимда. Менга қадар ҳам Турсунбой акам қўлидан яраланиб қайтиб келган, яралари битганидан кейин яна урушга жўнатилган экан. Онамнинг қўлим йўқлигидан қувонганига сабаб шу экан. Шу куни икки опам, отамнинг даладан қайтишларига мўлжаллаб, қозонда тўртта думбул (юмшоқ, етилмаган жўхори) қайнатаётган эканлар. Қозонга мен учун бешинчи думбулни солдилар. Кечқурун қулфни очиб, сандиқдан бир парча зоғора нонни олиб, дастурхонга қўйдилар… Кунлар иссиқ бўлишига қарамасдан онам тўн кийиб олган эдилар. «Она, куннинг иссиғида нега тўн кийиб олдингиз, кўйлак кийсангиз бўлмайдими?» – деб сўрадим. «Биттагина ўнгиб қолган кўйлагим бор, уйда кийсам тўзиб қолади, кейин кўчага қандоқ чиқаман?!» – деган жавобларидан алланечук ўзимни айбдордек сезганман…

Ҳа, ҳамма ҳам қайтмаган даҳшатли қирғинбаротдан жангчининг бир қўлсиз бўлса ҳам қайтиши оналар учун чинакам бахт эди.

«…Кўклам палласи эди. Акам билан бир кунда урушга кетган жўраси қайтибди, деган хушхабардан онам билан отам ўз ўғилларини кўрадигандек қўшни қишлоққа югуришди. Ҳовлида мен ва икки синглим қолдик. Катталар келавермагач, биз ҳам йўлга тушдик. Тупроқ йўлдан анча юриб, дарёга ҳам етиб келдик. Қизилдарё унчалик катта бўлмаса ҳам баҳорда сув кўпайиб, анча ёйилиб оқарди. Ҳеч иккиланмай энг кичик синглимни кўтариб, дарёдан ўта бошладим. Қирғоққа етай деганимда кўйлагимдан маҳкам тутиб келаётган Муҳаррам синглим бир мункиб, мувозанатини йўқотди-да, оқиб кета бошлади. Кичигини қирғоққа қўйиб, Муҳаррамни аранг ушлаб қолдим. Яна озгина кечикканимда уни қўшилишда бой бериб қўярдим. Кийимларимизга лойқа ёпишиб, йиғи-сиғи билан бир аҳволда урушдан қайтган аскар ҳовлисига кириб келдик. Озиб-тўзиб кетган бўлса ҳам акамнинг жўрасини дарров танидим. Бизни бир-бир бағрига босди. Унга термилганча: «Акам қачон келади?» – деб сўрадим. У бошини ғалати ликиллатиб: «Келади, келади…» – деди бизга қарамасдан. Акам эса… келмади. Бедарак кетди. Меҳрибон эди. Биз, сингилларини бирам яхши кўрарди…»

Акаси ҳақида бу эртакнамо хотирани раҳматли онам – Ҳаловатпошшо сўзлаб берган эди.

Ҳа, бир ярим миллион жангчининг ҳаммасига ҳам юртга қайтиш насиб этмади. Бегона элларда, бегона тупроқларда мангу қолишди. Бироқ энг даҳшатли балонинг пайини қирқишди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг кўпчилик бундай даҳшатли қирғин қайта такрорланмайди деб ўйлаган эди. Афсуски, дунёда уруш оловини ёқишдан манфаатдор кучлар бор, ҳамон дунёнинг турли чеккаларида манфаатлар кесишиб, қуролли тўқнашувлар юз бермоқда. Дунёнинг мўътабар шаҳарлари ўққа тутилмоқда, қариялар, аёллар, болалар сарсон-саргардон бўлишяпти. Буларни кўриб, инсон табиати унутишга мойилмикан, деб ўйлаб қоласиз. Улкан муҳораба ҳақидаги ҳақиқатлар қалбларни мудроқликдан уйғотишига умид қиламиз.

Бу гал 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни юртимизда ўзгача шукуҳ билан нишонланди. Мазкур байрам қалбда шукроналик туйғуларини уйғотиши билан қадрлидир. Инсониятни фашизм балосидан халос этишга қаҳрамонларча ҳисса қўшган, сўнгги бурда нонини ўзга миллатлар билан баҳам кўрган, фронтга бир неча ўнлаб эшелонларда пешона терини тўкиб, йиғиб-терган маҳсулотини жўнатган халқ юксак эҳтиром ва иззатга лойиқдир.

Инобат ИБРОҲИМОВА

 

Информеры