2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ»НИ ХАЛҚИМИЗГА ҚАЙТАРГАН ЗОТ

Маълумотларга кўра, бу асарнинг асл нусхаси туркий тилда ёзилган. Аммо бизнинг давримизга қадар унинг форс тилидаги нусхалари сақланиб қолган. Ушбу нодир асар ўтган асрнинг 60-йилларида Шарқ тилларининг билимдони Алихонтўра Соғуний (1885 – 1976) томонидан ўзбекчага маҳорат билан ўгирилган.

Ўша таҳликали замонда “Темур тузуклари”ни халққа қайтариш учун чинакам темурий жасорат ва журъат лозим эди. Ҳатто, юз берган мушкулотлар ҳам 80 ёшдан ошган нуроний зотни аҳдидан қайтара олмайди.

Алихонтўра Соғуний “Тузуклар” ҳақида шундай ёзадилар: “Амир Темур йигирма етти пойтахтли ерни ўзига бўйинсундириб, шунчалик кўп турлик ташвишлар ичида яшаб турганига қарамай, яна бу китобни ўзи ёзиб, бизга эсдалик қолдирмишдир”.

Журналист Рустам Раҳмон эсдаликларидан:  “Уруш туфайли нашри тўхтатиб қўйилган “Гулистон” 1967 йилдан қайта чиқа бошлади. Албатта, биринчи сонини тайёрлашга бир неча ой олдин киришилди. Ойноманинг биринчи сонидан бошлабоқ ўқишли ва янгича чиқаришни мақсад қилдик. Бунинг сабаби – бош муҳарриримиз юракли, ҳар қандай ижодий ва айни пайтда қалтис ташаббусларга эркинлик берадиган, ходимларга ниҳоятда ғамхўр раҳбар эди.

– Янгилик топинглар, журнал таламон бўлиб ўқиладиган бўлиши керак, – дерди у.

Ўша кунларда муҳарририятимизга Тошкент Давлат дорилфунунининг файласуф домласи Карим Маҳмудов тез-тез келиб турарди. Биз унга ўзбек пазандачилиги тўғрисида мақолалар буюртма берардик. Бир куни янги гап топиб келди: Тошкентда улуғ бир олим кишида Амир Темур қўли билан ёзилган асар бор эмиш. У журналда босилса, хўп ажойиб иш бўларди-да, деган фикрни айтди.

Буни эшитиб, юракка ғулу тушди. Шитоб билан бош муҳаррир ҳузурига кирдик.

– Бугуноқ бориб олиб келинглар. Қимматли топилма бўлса, албатта, босамиз, – деди Иброҳим Раҳим.

Кечки пайт Карим Маҳмудов мени олим ҳузурига бошлади. Ишчилар шаҳарчасига борадиган трамвайга ўтириб, “Известия” бекатида тушдик ва маҳалла оралаб кетдик. Эгри-бугри тор йўлакдан анча юриб, саҳни кичкина эски бир ҳовлига кирдик. Чапда бир қадар кўтариб солинган эшик-ромли уй, ўнгда пастқам, омонат уйча – уй дейишдан кўра бостирма ё ўтинхона дейиш тўғрироқ.

Биз сўраб борган одам шу чоққина пастқам уйчада электр билан иситиладиган сандалда ўтирган экан. Оппоқ соқолли фариштали қария биз билан самимий сўрашди.

Муддаомизни эшитиб, шахт билан ўрнидан турди-да, ташқарига чиқди. Ҳаял ўтмай оқ дуррага тугилган нарсани олиб кирди. Сандалга очиб қўйди: кўк муқовали кўп варақли дафтар эди.

– Бу Амир Темурнинг ўз қўли билан ёзилган китоб, – деди у ишонч билан. – Мен уни зўр ҳавас, қаноат билан форсчадан ўзбекчалаштирдим. Мумкин қадар ҳозирги тилимизга яқин бўлишига тиришдим. Агар хоҳласанглар, марҳамат, босиб чиқаринглар.

– Майли. Бизга бериб туринг, ўқиб кўрайлик, кейин жавобини айтамиз, – дедик биз.

Уй эгаси аввалига кулди, кейин жиддий ҳолатда:

– Мен бу дафтарни ҳеч кимга бермайман. Керак бўлса ҳузуримда кўчириб олинглар, – деди, сўнг сабабини айтиб берди.

Маълум бўлишича, у бу китобни (“Темур тузуклари”ни) бундан олдин ҳам бир таржима қилган экан. Яқин танишларидан бири келганида китобга қизиқиб қолиб, ўқиб беришга сўрабди. Алихонтўра меҳмоннинг юзидан ўтолмай қўлига берибди. Эртаси келиб, қўлёзма йўқолганини, паришонхотирликда таксида қолдириб кетганини айтибди. Ҳаммалари Тошкентдаги барча такси-мотор паркига боришиб, минг сўм суюнчи белгилашибди. Аммо қўлёзма топилмабди. Шундан кейин Алихонтўра тўрт ой деганда бошқатдан таржима қилибди.

Сутдан оғзи куйган қатиқни пуфлаб ичар, деганларидек, кўнгилчанлик қилиб яна алданмаслик учун розилик бермаган экан. Биз у кишининг ҳолатини тушундик.

Алихонтўра айтиб турадиган, мен кўчириб оладиган бўлдим. Шу куниёқ қўлёзманинг дастлабки бобларини кўчириб олдим. Уни муҳарририят ходимлари тўпланишиб ўқиб чиқдик. Янги топилма ҳаммага маъқул тушиб, уни “Гулистон” ойномасининг 1967 йил февраль ойи 2-сонидан бошлаб босадиган бўлдик...”

Журнал ходими ҳар гал Алихонтўра хонадонига бориб, қўлёзмани араб алифбосидан кирилл ёзувига кўчириш дамларида баъзан бошқа мавзулар юзасидан суҳбатлашиб қолишарди. Бу улуғ зотнинг чуқур билими, бағрикенглиги, инсоф-диёнати, айниқса, халқ бахти-саодати йўлида қилган улуғвор ишлари ва чеккан заҳматлари ҳар қандай одамни беҳад ҳайратга соларди.

Алихонтўра Соғунийнинг Амир Темур шахсига бўлган ҳурмат ва эҳтироми беқиёс даражада эди. Айниқса, “Тузуклар”ни айтиб туриб кўчиртириш жараёнида Соҳибқироннинг ҳайратомуз фикр ва ибораларидан таъсирланиб, гоҳо сукут сақлашлари, гоҳо ҳўнг-ҳўнг йиғлашлари кишининг кўнглини вайрон қилар эди.

Хуллас, “Темур тузуклари”ни бир неча ой давомида оз-оздан кўчириб, асосий қисми ойнома саҳифаларида ёритилган. Замоннинг зайли билан қўлёзмадаги айрим диний фикрларни, Қуръондан келтирилган оятларни тушириб қолдиришга мажбур бўлишади.

Ўша таҳликали замонда “Темур тузуклари”нинг охирги парчасини журналда бериш имконияти бўлмаган. “Гулистон” ўзбек тилини тарғиб қилиши, миллий руҳга эрк бериши, ўзбек халқи тарихини, маданиятини юзага чиқаришга уриниши айрим намояндаларга хуш келмади.

Шундай қилиб, “Темур тузуклари” журналда тугалланмай қолди.

Истибдод даврида бу “олтин китоб”ни юзага чиқариш асл темурий жасоратни талаб этарди. Алихонтўра Соғуний “Тузуклар”ни таржима қилгач, уни чоп эттиришни тайинлар экан, ўз яқинларига шундай деган экан: “Мен фақат Аллоҳдан қўрқаман. Ҳақиқат ва адолат йўлида керак бўлса, ўлимга тик бораман. Зўравонлик, тажовуз ва қўрқитув орқали одамларни мутеликда тутиб турувчи кучлардан қўрқмайман ва улар олдида тиз чўкмайман. Билингизким, ўлим инсоннинг кучи ва амри билан эмас, балки Тангрининг хоҳиши билан бўлади”.

“Улуғ зот тарих саҳнасига чиққанини, ғаламислар унга қарши дарҳол бирикиб, хуруж қилишларидан ҳам билиш мумкин”, деган экан бир донишманд. “Темур тузуклари”нинг “Гулистон” ойномасида босилиши тўхтатилса-да, таржимон ва журнал таҳририятига нисбатан хуружлар давом этган. Тожикистонда чиқадиган “Садои Шарқ” журналида ўзини “олим” деб ҳисобловчи икки ғаламис кимсанинг мақоласи босилади. Мақолада “Тузуклар”га нисбатан ўта ғаразли ва салбий муносабат билдирилган эди.

Бу мақола “Гулистон” журналига жиддий айблар қўяётганлиги сабабли, журнал ходимлари уни ҳазрат Соғунийга кўрсатишга мажбур бўладилар. Аллома уларни жим тинглайди-да, жавобига бир ҳафтадан сўнг келишларини тайинлайди.

Айтилган вақтда журнал ходими келиб, ҳазрат Соғуний ёзган жавоб хатини олади. "Олтин китоб ҳимояга муҳтож эмас, аммо..." деб номланган ушбу жавоб, таъбир жоиз бўлса, темурий зарбанинг илмдаги акси эди! Ўн бир варақли, кескин ва фош этувчи жавобни битишда юзлаб ноёб илмий манбалардан фойдаланилган эди. Жавоб хати ушбу байт билан ниҳояланган:

Тош уриб синдирса олтин косани,

Тошнинг қадри ошмагай, олтин баҳоси тушмагай.

Жавоб хатининг залвори шунчалик эдики, уни Тожикистоннинг ўша пайтдаги раҳбари бўлган Расуловга етказадилар. У киши Марказий қўмита бюроси номидан “Садои Шарқ” журнали ва ҳар икки танқидчининг беадаб мақоласи учун Шароф Рашидовдан узр сўрагани хабари келади...

“Темур тузуклари” ўтган олти аср мобайнида дунёнинг турли мамлакатларида қайта-қайта нашр қилинган. Ҳаққоният, адолат ва инсонпарварлик асосида давлатни бошқариш ҳақидаги бу қўлланма миллати-ю динидан қатъи назар, барча даврлардаги ҳукмдорлар учун ноёб манба саналади.

Фақат Истиқлол туфайлигина “Темур тузуклари”ни тўлиқ нашр этиб, халқимизга етказиш имконияти пайдо бўлди.

Истиқлолимиз раҳнамоси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ёзганларидек, “Амир Темурдек буюк ва бетакрор сиймони ҳар томонлама тушуниш, у барпо этган қудратли салтанатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-мафкуравий асосларини, Соҳибқироннинг давлат бошқаруви борасидаги улкан салоҳияти, маҳорати, билим ва тажрибаларини ўрганишда, умуман айтганда, ҳаёт сирларини англаб етишда “Темур тузуклари” бебаҳо қўлланма бўлиб хизмат қилади”.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ

Информеры