2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАМИША ҒАМХЎР, МЕҲРИБОН!

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар бир томондан Ватан ҳимоячиларининг кайфиятини, уларга яратилаётган шарт-шароитларни, кечаётган ислоҳотлар, ўзгаришларга ҳарбий хизматчиларнинг муносабатини аниқлашга имкон бераётган бўлса, иккинчи томондан халқимизнинг ўз армиясига бўлган эътиборини, ишончини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланди.

Мана бир неча йиллардан буён кенгаш аъзоларининг жонбозлик кўрсатиб келаётганига барчамиз гувоҳмиз. Эндиликда биз ҳам улар сафидан ўрин олдик.

Минтақавий бўлинмамизнинг аъзолари режага кўра йиғилишиб, келгусидаги ишларни муҳокама қиламиз, қилинган ишларнинг сарҳисобини юритамиз. Ҳар гал олдимизга шундай саволларни қўямиз – мен армия учун нима қилиб бера оламан? Ўтказилаётган учрашувлар, очиқ мулоқотлардан қандай самарали натижаларга эришилаяпти?

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригига қайта-қайта мурожаат қиламиз. Бизга алоҳида дахлдор жойи қуйидагича: “Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича кўпгина ютуқларга эришмоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда, вилоят ҳокимликлари таркибида ушбу кенгашнинг минтақавий бўлинмаларини тузиш орқали унинг имкониятларини кенгайтириш зарур. Бу бўлинмаларнинг ишини ҳарбий округлар қўмондонлиги билан яқин ҳамкорликда ташкил этиш мақсадга мувофиқдир”.

Минтақавий бўлинмамиз амалий фаолиятга, халқ билан мулоқотга кўпроқ аҳамият қаратмоқда. Фахрийлар ҳолидан хабар олинади, ҳарбий қисм ва муассасаларда учрашувлар ўтказиб, ёшлар билан суҳбатлашилади. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ҳисобот йиғилишларида фаолиятимизни умумлаштириш ҳамда тажриба алмашиш имкониятига эга бўламиз. Бу борадаги фаолиятимизни бошлаганимизга у қадар кўп бўлгани йўқ. Лекин, ўйлашимча, бугун “буларнинг барчаси миллий армиямизни халқимизга, халқимизни миллий армиямизга янада яқинлаштиришдек ғоят муҳим мақсадга хизмат қилаётгани”ни росмана ҳис қилиб турибмиз.

Бугунги кун аскари нималарни тановул қилади? Унинг ётоқ жойи, дам олиш хоналари қай аҳволда? Борингки, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги-ю маънавий дунёсидаги ўзгаришларгача кенг жамоатчиликнинг эътиборида. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, минтақавий бўлинмалар аъзолари Қуролли Кучлардаги барча ислоҳот ва янгиланишлардан тўлақонли бохабар. Нафақат хабардор, балки юртдошларимизнинг, ота-оналарнинг вакили сифатида ҳамиша кўз-қулоқ, ғамхўр, меҳрибон.

 Рисолат ЭШҚОБИЛОВА, Қашқадарё вилоят ҳокимининг ўринбосари,

хотин-қизлар қўмитасининг раиси,  Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмаси раҳбари

Информеры