2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ХОН ТОҒИ

Ғаллаорол тумани ҳудудидаги Қўйтош, Хон тоғи ва Ўсганчўққи тоғларининг бепоён яйловларидаги доривор гиёҳлар ҳамда шаффоф булоқлар ўқувчиларни оҳанрабодек ўзига тортади. Бу сўлим гўша табиати олдида унча-мунча мусаввир ҳам лол қолади.

Биз «ёш табиатшунослар» тўгараги аъзолари Хон тоғи бўйлаб тобора юқорилаб борган сайин бир қанча сўқмоққа дуч келдик. Тик ва ўнқир-чўнқир йўллардан юришнинг ўзи бўлмайди. Йўл-йўлакай катта-кичик шаршараларни кўриб ҳайратимиз янада ошди. Бу ерда ўтлоқлар катта майдонни эгаллайди. Яшил оламнинг турфа мавжудотларини учратиш мумкин. Яккам-дуккам ёввойи олма, олча, дўлана ва писта дарахтлари кўзга ташланиб қолади.

Обиҳаётнинг мўллиги барча мавжудотнинг яшаши учун қулай. Булоқ бўйларида сайроқи какликларнинг хониши бир дам  ҳам тўхтамайди. Чор атрофи осмонўпар чўққилар билан қуршалган. Хон тоғи ҳақида халқ ўртасида кўплаб ривоятлар юради.

Эмишки, баҳорнинг илиқ кунларида Аббосхон уч-тўртта навкарлари билан баланд тоғ этагидаги сой бўйида ов қилиб юраркан, ёлғиз оҳунинг теварак-атрофга олазарак боқиб, безовталанаётганини кўриб қолади. Жонивор қулоқларини динг қилганича бу ердан нари кетмасди. Шунда хон навкарлари унинг олдини тўсиб, ўз оёғи билан келиб қолган тайёр ўлжани нишонга олмоқчи бўлишади. Аббосхон ўқланган милтиғини қўлига олишга олади-ю, беозор жониворнинг тенгсиз гўзаллигига, қадди-қоматига маҳлиё бўлганича ҳаяллаб қолади. Оҳунинг орқа сонларида чизиқчалари бор эди. Хуллас, кимдир атайлаб бўяб қўйганга ўхшарди. Икки кўзи қоп-қора мунчоқдек. Сарғиш-кўкимтир майин жунлари шамолда тўзғиб, осонликча тутқич бермасди. Аббосхон оҳунинг сутга тўлиб турган елинига кўзи  тушиб: «Жониворнинг боласи бор экан. Уни жувонмарг қилиш увол-ку!» дея пичирлайди ўзига-ўзи.

Орадан беш-ўн дақиқа вақт ўтиб жонивор жар ёқасига бориб қолади. Бироқ у ҳамон бу ердан нари кетмас, қоп-қора кўзларидан билинар-билинмас ёш сизиб оқар, аъзои бадани қалтирарди.

Кутилмаганда хон навкарлари жар тубидаги оҳу боласини пайқаб қолишади. Афтидан уч-тўрт кунлик жонивор очлик азобидан тинка-мадори қуриб, жойидан тура олмасди. Уни жар ёқасига олиб чиқишганида она оҳу боласи томон талпина бошлади. Кейин эса искаланиб боласини эмизишга тутинди. Бироқ мурғак жониворнинг оёққа туришга ҳам ҳоли йўқ эди. Шунда она оҳу эвини қилиб эгилганича орқа оёқларини букиб иссиқ сийнасини боласи тумшуғи томон олиб борди. Бу воқеани диққат билан кузатиб турган хон навкарлари  ҳайратдан ёқа ушладилар ва ўзларини секин панага олдилар. Кўп ўтмай норасида жонланиб оёққа турди ва она оҳу ортидан эргаша бошлади. Она оҳу беш-ўн одим юрар-юрмас ортига қайрилиб, бошини бир-икки сермаб қўйди. Бу эса унинг халоскорига миннатдорчилиги эди.

Шу-шу ушбу сўлим маскан Хон тоғи деб аталган экан. Мактабимиз тўгарак аъзолари шу ерда истиқомат қилувчи кексаларнинг суҳбатларини ҳам тингладилар. Бу суҳбатлар ва саёҳат Одина Алибоева, Сардор Султонов, Юлдуз Носиржонова, Ислом Каримов каби ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.

Роҳат ЖЎРАЕВА, Жиззах шаҳридаги

1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Информеры