2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ОЛТИН КУЗ БАҒРИДА: ШЕЪР, МОНОЛОГ ВА КИТОБЛАР...

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,

Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.

Ул юлдуз уялиб, бошини букиб

Айтадур: «Мен уни тушда кўрамен.

Тушимда кўрамен – шунчалик гўзал

Биздан-да гўзалдир, Ойдан-да гўзал».

Бутун зал сув қуйгандек жим. Осудалик ичра таралаётган бу сатрлар тингловчиларни бир муддат шеър сеҳрига ошуфта этади. Кафти ғанимга мушт, алпкелбат бу норғул йигитларнинг пахтадек оқ ва дийдаси юмшоқ кўнгли борлигини шу тобда илғаб қоласан, киши.

Ўзбекистон халқ артисти, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Афзал Рафиқов томонидан маромига етказиб айтилган Чўлпоннинг «Гўзал» номли шеъридан шу кез таъсирланмаган одам қолмади.

Юргил далаларга кетайлик, дўстим,

Диққинафас уйда ётмоқ пайтимас.

Олтин Ўзбекистон тупроғи бу кун,

Бир пари фаслнинг оғушида маст.

 

Халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Орипов айтмоқчи, айни дам атроф олтин фаслнинг гўзал лаҳзаларига ошуфта. Бундай беқиёслик дов-дарахтлари мўл, сувлари зилол Чирчиқ шаҳрини ҳам четлаб ўтмаган. Мезоннинг товланишлари ўзгача.

Ижодий гуруҳимиз билан ҳарбий қисмга келганимизда бу ердаги ўзига хос тартиб ва озодалик эътиборимизни тортди. Капитан Шоҳрух Носиров етовида ҳарбий қисмнинг мажлислар залига кириб бордик. Ҳамма меҳмонларнинг йўлига муштоқ.

Йўлда ҳамроҳинг, суҳбатдошинг кўнгилга яқин одам бўлгани яхши. Яъни, сен қизиққан, сени ўйлантирган ва хурсанд қилган мавзулар унга ҳам шундай тааллуқли бўлса, йўлингни яқинлиги шу. Ўзбекистон халқ шоири, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев ҳамда таниқли актёр Афзал Рафиқовни Тошкент ҳарбий округи десантчилар ҳарбий қисми шахсий таркиби олқишлар билан кутиб олди.

– Мен доимо ҳарбий хизматчилар билан учрашганда, ўзимда куч, руҳий қувват сезаман, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов. – Улардаги ғайрат, бардош ва қатъият мени янги марралар сари интилишимга, шу она тупроқ, шу азиз халқимиз учун янада жўшиб ижод қилишга ундайди. Бугун мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларнинг ўз вазифасини сидқидилдан адо этишига, ижтимоий ҳимоясига алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу бежиз эмас. Қайси эл қўрғони мустаҳкам бўлса шу юрт осойишта, халқи тўкин бўлса шу юрт фаровон бўлади. Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган ботир посбонларимизнинг маънавиятини янада оширишга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз.

Давлат тизимида маънавиятнинг ўрни улкан аҳамиятга эга. Муҳтарам Президентимиз бу борада кўплаб ижобий ишларни амалга оширмоқдалар. Чунончи, китобга бўлган муносабатни шакллантиришда, мутолаа маданиятини ўстириш йўлида қабул қилинаётган қарор ва фармойишлар бу йўлдаги эзгу ишларга дебоча бўлмоқда.

Меҳмонлар шу куни ҳарбий қисмнинг ўқув биносига кириб, бу ердаги шарт-шароитлар билан танишдилар. Жанговар, маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари қай даражада ўтказилаётганлиги билан қизиқишди. Ўқув хоналари, ётоқхоналар тоза ва шинамлиги, ёруғ ва файзлилиги билан илиқ таассурот қолдирди.

Ҳарбий қисм кутубхонаси билан танишув ва бу ердаги суҳбат мароқли кечди. 8 мингдан ортиқ китоб жамланмасига эга мазкур зиё мас­канига ҳарбий хизматчилар ҳамиша ошиқадилар. Ранг-баранг, ҳали бўёқ ҳиди аримаган янги китоблар, бадиий, тарихий ва илмий адабиётлар кутубхонага зеб, ўқувчига зиёдир.

– Бешикдан то қабргача илм иста, дейилади ҳадисда. Илм инсоннинг умр йўлини, кўнгил уйини ёритгувчи нурдир. Бугун ташриф чоғида дилимиз равшан тортди. Сабаби, ҳарбий қисмда яратилган шароитларни кўриб бир қувонган бўлсак, улар билан бўлган мулоқотдан, уларнинг фикрларидан, қолаверса кутубхонани кўриб яна бир қувондик. Айни пайтда Давлатимиз раҳбари ҳам аскар китоб ўқиши керак, ўқиши шарт, деган илғор фикрни илгари суряптилар. Бу узоқни ўйлаб айтилган сўз. Зеро, маънавияти бутун, қалби Ватан ишқи билан лиммо-лим посбони бор юртнинг сарҳадлари мустаҳкам, эли тинч бўлади, – дейди Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси шоир Иқбол Мирзо.

Ҳарбий қисмни тарк этар эканмиз, халқимизнинг суюкли актёри ва шоирини кузатиб қолган юрт посбонлари бу самимий суҳбатни, дўстона учрашувни, жарангдор овозда янграган шеър ва монологларни ҳали аллазамонларгача хотирасида сақлаб қолади, дея ўйладик.

Н.АСАДОВА