2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК ВА МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ТАРБИЯ

Ҳеч бир инсон, ҳеч бир ташкилот ёки муассаса шунчаки яшаб, фаолият юритиб кетавермайди. Ҳар бир ишнинг якуни, сарҳисоби бўлади. Ана шундай маҳалда юзи ёруғ бўлиши учун бир умр интилиб яшаган борки кам бўлмаган.

Гапнинг индаллосига кўчсак, 24 октябрь куни Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ташкил этилганига роппа-роса беш йил тўлди. Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ишларининг сарҳисоби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида фуқаролик назорати механизмлари» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ўтган 5 йиллик фаолияти таҳлил қилиниб, иштирокчилар истиқболдаги режалар билан ҳам таништирилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев ўтган йиллардаги фаолиятни сарҳисоб қилиб, келгусида режалаштирилган ишларга тўхталиб ўтди. Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмита раиси, Жамоатчилик кенгаши комиссия раиси Фаррух Дадаходжаев кенгашнинг минтақавий бўлинмаларини тузиш йўналишлари бўйича маълумот берган бўлса, Мудофаа вазирлиги давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи полковник Мақсуд Абилов жамоатчилик уюшмалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа турдаги институтлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатишда Жамоатчилик кенгаши қанчалар муҳим ўрин тутаётганини аниқ мисоллар билан гапириб берди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, кенгаш аъзолари Мудофаа вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, давлатнинг мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасидаги сиёсатини амалга ошириш ва ривожлантиришга фуқаролар ва жамоат бирлашмаларини жалб қилиш, ҳарбий касб нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва чақириққача бўлган ёшларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимини шакллантириш сингари устувор мақсадларга хизмат қилмоқда.

– Кенгашнинг депутатлар, республикамиз ижодий уюшмалари, вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, уюшмалар, жамғармалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, санъат ва фан намояндалари билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиб бораётгани белгиланган вазифаларнинг тўлақонли бажарилишига, ҳарбий хизматчиларнинг қатъий ирода ва характер, фаол ҳаётий позицияларини янада шакллантиришга имкон бермоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмита раисининг ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Акмал Раҳмонов. – Шу маънода 2017 йилнинг 23 август куни Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди. Ушбу қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари ташкил этилиб, айни пайтда фаолиятлари қизғин давом этмоқда. Улар округлар қўмондонликлари билан яқин ҳамкорликда ҳарбий ва меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, Қуролли Кучларимиздан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга чуқур ҳурмат туйғуларини камол топтириш учун ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларни ўтказиш бўйича ишларни янада кучайтиришга бор куч ва имкониятларини ишга солмоқдалар.

Матбуот анжумани давомида ўтган вақт мобайнида Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан Мудофаа вазирлиги фаолияти шаффофлигини таъминлашга, ҳарбий хизматчиларга муносиб хизмат ва маиший шароитлар яратишга, ҳарбий қисмларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни сақлашга, ҳарбий хизмат мавқеини оширишга, чақирувга қадар ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ҳарбий-ватанпарварлик ҳамда маънавий-маърифий руҳда тарбиялаш ишларини такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшиб келинаётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, амалга оширилаётган ишлар бир томондан Ватан ҳимоячиларининг кайфиятини, Қуролли Кучларда кечаётган ислоҳотлар, ўзгаришларга ҳарбий хизматчиларнинг муносабатини аниқлашга имкон бераётган бўлса, иккинчи томондан халқимизнинг ўз армиясига бўлган эътиборини оширишнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Бунинг натижасида Қуролли Кучлар ва халқимиз ўртасидаги ришталар янада мустаҳкамланиб, миллатимизнинг ўз армиясига нисбатан фахр, ғурур, ифтихор туйғулари янада ошмоқда.

Анжуман мобайнида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.

Азиз НОРҚУЛОВ