2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ОНА ТИЛИ БОР МИЛЛАТ – БОЙ МИЛЛАТ

Айни пайтда ер юзидаги тилларнинг сони айрим манбаларда икки ярим мингдан зиёд, баъзиларида ўн мингга яқин дейилади. Халқаро «National Geographic» ташкилотининг маълумотларига кўра, бугун сайёрамизда 6909 та тил мавжуд. ЮНЕСКО маълумотларига қараганда эса ер юзидаги мавжуд бу тилларнинг ярми яқин вақтларда сўнгги сўзловчисини йўқотиши мумкин экан.

«Айтар сўзни айт, айтмас сўздан қайт», «Айтилган сўз – отилган ўқ», «Анжом – уй зийнати, сўз – инсон тийнати», «Ариқни сув безар, одамни сўз», «Буғдой нонинг бўлмасин, буғдой сўзинг бўлсин», «Гапнинг ози яхши, қизнинг нози», «Кўнгилсиз гапнинг кечиккани яхши»... бу каби мақол ва нақлларга бой миллатнинг тили йўқолиши мумкин эмас. Ҳар куни сўзлашувда қанчадан-қанча сўз айтамиз. Ўзбекона лутф жозибасини кулги ва табассум, ҳурмату эъзоз билан ўз ўрнида қўллашга интиламиз. Бировнинг дилини сўз билан оғритиб қўймасликка уринамиз. Бу ҳам бўлса забонимизнинг бетакрорлигидан, оҳори тўкилмаганлигидан дарак.

Яқинда полковник Ш. Розметов командирлик қилаётган ҳарбий қисмда ўтказилган «Ўзбек тилим – жону дилим» мавзуидаги маърифий тадбир она тилимизга бўлган меҳримизни ифодалашга, адабий тилнинг нуфузини оширишга бағишланди.

Ҳарбий қисм маданият саройида ташкил қилинган анжуманда Ўзбекистон халқ шоири, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ҳамда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари бош муҳаррири, шоир Ўткир Раҳмат ва подполковник Ўктамжон Маҳмуджонов она тилимизнинг бетакрорлиги, унинг кенг имкониятлари, бой тарихи ҳамда уни асраш ва авайлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар хусусида сўз юритишди.

– «Адабиёт яшаса – миллат яшайди», деган эди ўз даврида маърифатпарвар шоир Чўлпон. Адабиётнинг асоси эса тилдир. Ўз тилига, ўз динига ва тарихига эга миллат дунёда бой халқ. Бизнинг халқимиз бу жиҳатдан жуда бой ва қадимийдир. Туркий тилнинг қудратини Алишер Навоий ўз вақтида рўйи заминга кўрсатиб қўйган бўлса, бундан кейин ҳам тилимизнинг имконияти, жозибаси зарра камайгани йўқ. Фақат муносабат бир оз сусайди. Онага ҳурмат оиладан бошлангани каби тилга эъзоз ҳам оиладан бошланади. Шундай экан, ўзбек тилига меҳр ва эътиборни оиладан шакллантирмоқ керак, – деди ўз сўзида Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон.

Тадбир давомида шоирлар томонидан янграган Ватан, меҳр ва оқибат, муҳаббат мавзуидаги шеърлар иштирокчиларга манзур бўлди. Ҳарбий хизматчилар, чунончи оддий аскарлар – Аслбек Зиёдуллаев, Асқаржон Омонов томонидан айтилган шеърлар эса меҳмонларнинг олқишига сазовор бўлди.

Наргиза АСАДОВА