2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТЎСИҚ

Баланд тоғ этакларида жойлашган фермер хўжалиги қўйчивонлари оғзидан, «Бўрининг қулоғи овда. Ўзи тўйса ҳам кўзи тўймас», деган ибора тушмайди. Яхшиям чорвоқлик Файзи мерган бор, унча-мунча хавфни бартараф этиб туради.

Файзи мерган чўпонларнинг мўъжазгина уйчасига кираркан:

– Марҳамат қилиб, тоғ инъомларини қабул қилинг, – деди ва қўлидаги бир боғ жамбилу нордон мевали буталарни дастурхон чеккасига қўйди.

Хонани бирпасда ёқимли ҳид эгаллаб, чўпонлар кўнг­лидаги ғубор бироз тарқагандай бўлди.

Уйчага кираверишдаги ўчоқда қумғон шақирлаб қайнар, суви чўққа сачраб чарсилларди. Меҳмон бир пиёла чой устида ферма жамоасининг шу кеча-кундуздаги юмушлари билан қизиқди.

Содиқ амаки бошлиқ фермер хўжалиги ҳисобида бир уюр йилқи, юз чоғли қўй ва ўнта сигир бўлиб, жамоа давлатга ҳар йили катта миқдорда гўшт ва сут топширади. Ниҳоят, мавриди келиб, фермер қурол ва ўқ-дорининг тақчиллиги туфайли йиртқичлар фаоллашиб, тинчлик бермай қўйганидан гaп очди. Уч-тўрт кун илгари ҳам тонг-саҳар уюрдаги йилқиларнинг безовта кишнаши ва туёқларининг дупур-дупурига қарамай, бўрилар уч кунлик қулунни нимталаб кетишди. Айниқса, тунда дарё бўйида қолиб кетган ғунажиннинг дом-дараксиз ғойиб бўлгани молбоқарларни ҳангу манг қилиб қўйди. Изламаган жойлари қолмади. Охири жониворнинг лоши бутазор орасидан топилди. Шу-шу, жамоа чорвани эҳтиётлаш мақсадида тунда навбатчилик қиладиган бўлди.

Мерган дастлаб ферма теварагини синчиклаб ўрганди. Йиртқичлар ошиб ўтадиган тўсинлар ёнига қопқон ўрнатди. Шунга қарамай бўри қопқонларни четлаб, уч метрлик девордан ҳам ошиб, қўйларни ўмариб кетишига ақл бовар қилмасди. Ўйлай-ўйлай, охири вилоят овчилар жамиятининг рухсатномаси билан йиртқичлар юрадиган йўлларга заҳарланган гўштни хўрак қилиб қўйиб чиқди. Лекин қоринлари таталаб туришига қарамай махлуқлар хўракка яқинлашмади. Кексалар изоҳ беришди: бўрилар эски озиққа қайрилиб ҳам қарамайди.

Қуёш энди «ётоғи»га бош қўйганида овчи билан Нарвон тоғи ошувидан ўтарканмиз, ёлғизоёқ тупроқ йўлда йиртқичларнинг янги изларига кўзимиз тушди. Харсанглар панасига беркиниб, уларни пойлай бошладик. Қоронғилик чўкиб, тўлин ой чиққанида тун сукунатини турли мавжудотларнинг шовқин-сурони буза бошлади.

Тонг ёришгач, Қашқирсой дараси томондан тўрт-беш шарпанинг биз томон келаётганини кўрдик. Ўртада эллик-эллик беш одим қолганида бўрилар бизни пайқаб қолди шекилли, бошловчиси юришини секинлатди. Орқадагилари тўхтаб қолди. Хуллас, туни билан овимиз бароридан келмай, тоғда яна бир неча кун қолиб кетдик.

Қуёш бўй кўрсатганда Осмонсой текислигидаги шувоқзорга уловни арқонларкан, този итларининг келиб қолганидан овчининг ҳафсаласи пир бўлди. Тозилар бу ерга эгасининг исини олиб, ўнлаб чақирим масофани босиб келганди. Овчи оёғига тушов бўлмаслиги учун уларни улов ёнида қолдириб, юқорига ўрлай бошлади.

Кутилмаганда дарахтлар орасидан қашқирнинг хирилдоқ товушда увиллагани эшитилди. Биз эҳтиёткорлик билан дарахтлар оралаб борарканмиз, ёлдор бўрининг ёнида бир неча йиртқич чўнқайиб ўтирганининг гувоҳи бўлдик. Шунда овчи «ҳайт» деганча бирин-кетин бешотарнинг тепкисини босди. Бироқ ўқ нишонга тегмади. Йиртқичлар узоқлашгач, биз уларни таъқиб қилишга тушдик. Кейин пайқаб қолдим: ёлдор бошқа бир дарахт тагига бориб, чўнқайган экан. Овчи дарахтларни оралаб, йиртқичнинг важоҳати ва асабийлашганини кўргач, уни нишонга олишга юраги дов бермади.

Куз охирлаб, ҳаво бирдан совиб кетди. Тунда эсган шамол этни жунжиктирарди. Овчи йиртқичлар юрадиган йўлларни қайта кўздан кечираркан, йўлнинг икки ён тарафига оқ байроқчалар ўрнатиб чиқишни топшириб, ўзи сой этагига бир неча қопқон ўрнатиш тараддудини кўра бошлади. Тўрткўз лақабли итимиз билан теваракни кузатиб турганимизда қишлоқдан овчилар ёрдамга келиб қолишди. Вақт тиғиз. Энг муҳими, зиммамизда байроқчалар оралиғидан ўтадиган йиртқичларни сой этагигача ҳайдаб боришдек муҳим вазифа турарди.

Шовқин-сурон остида йиртқичларни тоғдан пастга ҳайдай бошладик. Аввалига улар байроқчаларга параллел равишда сой этагига қараб бораётганидан овимиз бароридан келадигандек суюндик. Ёлдор сойга яқин қолганда тўхтаб, биз томон ўгирилди ва чап бериб кетди. Қолган йиртқичлар ҳам унинг ортидан эргашди. Ана холос. Улар нимадан чўчиди экан?

Қопқонлар ўрнатилган жой қайта кўздан кечирилганда ҳаммаси ўрнида эканининг гувоҳи бўлдик. Лекин ёлдор байроқчаларга параллел равишда бораркан, сой этагига етаверишда икки марта сапчиб, ортига бекорга қайтмаганди. Демак, илгари ҳам бу ҳудудда бирор кор-ҳол рўй берган.

– Йиртқичларни итлар билан қувиб кўрсак-чи? – таклиф қилди кимдир.

– Қачонгача тун зулматида улар ортидан юраверамиз? – нолиди яна аллаким.

– Ҳозир ўйлаб ўтиришнинг мавриди эмас, – деди овчи қатъий. – Таваккал қиламиз.

Биз йиртқичларни йўлга солиб, яна ҳайдай бош­ладик. Лекин ҳар гал сой этагига яқинлашганда ёлдор оловга тушиб қолгандай сапчиб кетарди.

Биз фермахона отбоқори билан эгри-бугри йўл бўйлаб энди юқорига кўтарилганимизда тоғларни ларзага солувчи ўқ овози қулоқни қоматга келтирди, кейин эса, «қўлга тушди», деган таниш овоз эшитилди. Етиб борганимизда ёлдор бўри ер тишлаб ётарди. Қолганлари ҳам отилганди. Кўпдан қуён қочиб қутулмас. Уларнинг қорнини ёриб кўрганимизда қўй думбасининг бўлаклари чиқди. Ҳаш-паш дегунча уларнинг терисини ажратдик. Кейин уйча шифтига осиб қўйдик.

Маълум бўлишича, ёлдор илгари ҳам олд oёғидан бир неча бор қопқонга тушиб, жароҳат олганидан суяги синиб, ўсимта ҳосил бўлган экан. Афтидан, қаттиқ оғриқ ва таҳлика ёлдор бўрининг хотирасида мустаҳкам ўрнашиб колганди.

Абдулла САИДОВ

 

Информеры