2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БАЙРАМГА ТАЙЁРГАРЛИК

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг мажлислар залида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирни Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев очди ҳамда кун тартибига қўйилган масалалар билан иштирокчиларни таништирди. Республикамиз Президентининг 2017 йил 7 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармойишидан келиб чиқиб, Жамоатчилик кенгаши олдига қўйиладиган вазифалар, бунда кенгаш аъзоларининг умумхалқ байрами муносабати билан ташкил қилинадиган тадбирларда фаол иштирок этишини таъминлаш юзасидан фикрлар билдирди.

Шундан сўнг, Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Мажид Умаров «Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир!» шиори остида ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳарбий хизматчилар билан тадбирлар ўтказиш бўйича тузилган иш режаси ҳақида тадбир қатнашчиларига маълумот берди.

Мудофаа вазирининг ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари полковник Азиз Икрамов фармойиш асосида тасдиқланган дастурга мувофиқ ташкил этиладиган тадбирларда ҳарбий хизматчиларнинг фидокорона хизмати, жасоратини кўрсатиш орқали, ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғулари янада камол топиши, ҳарбий соҳага ҳурмат ва эҳтиром шаклланишини алоҳида таъкидлади.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Наргиза АСАДОВА

 

 

 

 

 

 

 

Информеры