2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ШИРОҚ

Туркий халқларнинг дунё тараққиётидаги ўрни ва улуши ҳали тўлиқ ўрганилмаган бўлса-да, илм-фанда, давлат қурилишида оламшумул натижаларга эришган вакилларининг номи асрларни-да писанд этмай, ҳозиргача жаҳон аҳлининг тилларида достон.

Милоддан аввалги асрларда яшаган Широқ саркарда эмас эди. У буюк саркардалар сув ичган булоқлардан сув ичган, улар нафас олган ҳаводан нафас олган, улар ёмон кўрган нарсаларни ёмон кўрган, мардлик достонларини ҳавас билан тинглаган, адоғи йўқ кенгликларнинг қудратини қалбига жо қилган, юртини бир фарзанд ўлароқ севган оддий бир чўпон эди. Унинг бир ўзи беҳисоб қўшин ва кучга эга бўлган Доро I ни енгади. Бу ҳақдаги афсона Рим императорларининг қулоғига-да етиб борган эди. Бу ҳақда қадимчи Полиен ўзининг «Ҳарбий ҳийлалар» асарида хабар берган.

Қуйида унинг ёзганини айнан ўқийсиз.

Полиен. Ҳарбий ҳийлалар. XII, 12.

Дорога қарши йиғилган сак лашкаридаги Саксфар, Омарг, Оамирис номли сак подшолари вазиятни муҳокама қилиш учун бир ерга тўпландилар. Очиқ жойда ўтказилаётган мажлислардан бирида уларнинг олдига Широқ деган бир отбоқар яқинлашиб келди. «Агар, – деди у, – болаларим ва набирачаларимни уй-жой ва пул билан таъминласангиз, форс қўшинини қириб ташлашни бўйнимга оламан». Подшолар талабини бажаришга қасам ичиб, сўз бергач, у ёнидан пичоғини олиб, ўзининг қулоқ, бурнини кесиб ташлади. Сўнг бошқа аъзоларини ҳам тилиб жароҳатладида, қочқин сифатида Доро қошига борди. Ўзини бу аҳволга сак подшолари солган, деб айтди. Доро унинг бахтиқаро ҳолига раҳми келиб, гапларига ишонди. Широқ мангу олов ва муқаддас сувни кўмак беришга чақириб деди:

– Мен душманларимга форслардан фойдаланиб жазо беришга қарор қилдим. Бунинг йўли бор. Гап шундаки, саклар бугун тунда қароргоҳларидан чиқишни режалаштирганлар. Агар бир қисқа йўлдан юриб, улар ўтадиган жойда пистирмада турсак, балиқни қармоққа илинтиргандек қўлга олардик. Отбоқарлик қилиб юрганимда йўлларни яхши билиб олганман, йўлбошловчи бўлишим мумкин. Дарвоқе, бир ҳафталик емагу ичмак олиб олишимиз керак.

Қўшин етти кунлик йўл юриб, сувсиз унумсиз ерга келиб қолганда, мингбоши Реносбат йўлбошловчидан: «Подшоҳни алдаб, шундай катта форс қўшинини на бирорта булоғи йўқ, на бирорта қуш ёки ҳайвон кўринмайдиган, на олдинга юриб, на ортга қайтиб бўлмайдиган саҳрога нима сабабдан бошлаб келдинг?» – деб сўради. Широқ қўлларини шод ўйнатганча, қаттиқ кулиб жавоб берди:

– Мен ғалаба қозондим! Чунки юртдошларим – сакларнинг бошидаги балони қайтариб, форс қўшинини очлик ва ташналик балосига йўлиқтирдим.

Реносбат шу заҳотиёқ унинг калласини олиб ташлади. Дорошоҳ эса баланд қирнинг (барханнинг) устига чиқди, бош ҳукмдорлик белгилари бўлмиш: қизил денгиз чопонини (порфира), чўққи қалпоғини (тиара), асоини (скипетр), пешона боғини (диадема) ечиб – баридан қутулиб ёнига қўйди. Кунчиқар сонияда Аполлондан ўтиниб, форсларни ўлимдан қутқариш учун осмондан оби ҳаёт юборишини сўради...

«Қадимги тарихчилар Ўрта Осиё ҳақида» ­китобидан олинди.

Рус тилидан Зоҳир Аълам таржима қилган.

 

Информеры