2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ҚУРОЛЛИ КУЧЛАР ПЕНСИОНЕРЛАРИНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 7 февралда ишловчи пенсионерларнинг айрим тоифаларига пенсияни тўлиқ тўлаш назарда тутилган фармонга имзо чекди.

Ушбу муҳим ҳужжат Қуролли Кучлар пенсионерлари ижтимоий ҳимоясини янада такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш тизимида илмий салоҳиятни сақлаш, ўсиб келаётган ёш авлодга ҳарбий хизматчилар ва куч тузилмалари вазирлик ҳамда идораларидаги ходимларнинг тўпланган бой тажрибалари, билимларини етказиш ва улардан самарали фойдаланиш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, республика ҳарбий саноат мажмуасини ривожлантириш каби мақсадларга хизмат қилади.

Фармонга кўра 2018 йилнинг 1 мартидан Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Президент хавфсизлиги давлат хизмати, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона хизматининг ҳарбий хизматчилари ва ходимлари жумласидаги пенсионерлар қуйидаги ташкилотлар ва лавозимларда ишлаганда пенсияни тўлиқ оладилар:

 Қуролли Кучлар таркибида ва юқорида санаб ўтилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида, шу жумладан маслаҳатчи сифатида ишловчилар, пенсияни қайси идорада расмийлаштирганлигидан қатъи назар, хизматда бўлишнинг белгиланган чегара ёшига тўлганлиги туфайли пенсияга чиққан тақдирда (соғлиғи ҳолатига кўра пенсияга чиққанлар бундан мустасно);

 умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда директор, унинг ўринбосарлари, бошланғич чақирув (ҳарбий) тайёргарлик, шунингдек мудофаага ёрдам берувчи «Ватанпарвар» ташкилоти ўқитувчилари сифатида;

 олий ўқув юртларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари ўқитувчилари сифатида;

 маҳаллий ҳарбий бошқарув органларида (мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимлари), шунингдек фахрийлар ишлари бўйича кенгашларда;

 Президентнинг вилоятлар, туман (шаҳар) Халқ қабулхоналарида;

 Мудофаа саноати давлат қўмитасининг ижроия аппаратида;

 ҳарбий қисмларда ва муассасаларда Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимларида;

 Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бошқарув аппаратларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича гуруҳларда;

шаҳар ҳокимликлари (вилоят марказлари) бошқарув аппаратларининг сафарбарлик ишлари ва фавқулодда вазиятлар бўйича мутахассислари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва пойтахт раҳбарларининг маслаҳатчилари сифатида.

Пенсияни тўлиқ миқдорда олиш шарти – юқорида санаб ўтилган лавозимлардаги иши пенсионернинг ягона иш жойи бўлиши керак.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Информеры