2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БОБУР ҚАРОРГОҲИ

Турон рамзи

Шайбонийхон жангдан тап тортмас диловарлар билан Турон юраги Самарқандга яқинлашиб қолганди. Албатта, бу ҳарбий тадбирда хавотир... ва Тангрига таваккал бор эди. Соҳибқирон тузган улкан салтанатга қурол билан кириб келиш учун ҳар кимнинг юраги дов бермасди. Аммо Шайбонийхон шу ишни қилди.

Қадам қўяётган воқеаларимиз эртакдай... Аслида улар Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси тарихига оид қадимий ёзма манбаларга туташиб кетган ҳикоялардир. Самарқанд шаҳри Регистони дунё халқлари назарида Турон (Ўзбекистон) рамзига айланган. Ушбу шарафли маскан Мирзо Улуғбек бунёд эттирган иншоотлар асосида шаклланган. Улар орасидан ўрин олган Улуғбек мадрасаси икки қаватли, ақлларни лол қилувчи маҳобатли кўркам бино эди. Ёнида қад керган улуғвор нақшин миноралар унинг абадий қўриқчилари каби ҳозиргача турибди.

Беш аср олдин душманларидан қутулиш режасини тузиш учун Улуғбек мадрасасининг томига Мирзо Бобур чиқади. У ушбу хатарли қалтис дамларни эслаб ёзади: «Тонгласиға Хожа Абдумакорим ва Қосимбек ва жамиъ беклар ва ичкилар ва сўз тегар йигитларни чорлаб машварат қилиб, сўзни қўрғонни беркитмакка ва ўлук тирикни қўрғон ичида кўрмакка қўйдук. Мен ва Қосимбек ва ёвуғумдағи ичкилар ва йигитлар била кўмак бўлдук. Бу маслаҳат учун шаҳарнинг ўртасида Улуғбек Мирзонинг мадрасасининг томининг устида оқ уй тикиб ўлтурдим».

Бу воқеалар 1501 йил баҳорида бошланганди. Бобур ва Шайбонийхон ўртасида Самарқанд учун кураш бораётганди. Кундан кун Бобурнинг талафоти ортаверди. У тўрт ойча қамалда қолди.

XIX асрга тегишли бир ҳужжат ҳикояси

Ушбу ўқув иншооти қурилиши гувоҳи бўлган Абдураззоқ Самарқандий уни завқланиб таърифлайди: «Самарқанд шаҳри ичкарисида шаҳарнинг ўртаси ва майдоннинг марказида, Сардуваник деб аталадиган мавзеда бир-бирига рўбару мадраса ва хонақоҳ бино этиб, бу икки мақомни қуриб тамомлаш борасида бир неча йил давомида саъй-ҳаракатлар қилди. Уларнинг баландлиги ва безаклари баланд осмоннинг ғашини ва Чин суратхонасининг рашкини келтирар, биноларнинг мустаҳкамлиги ва устунларнинг нозиклиги Ҳарамон ҳайъати ва Тавъаман суратини эслатар эди. Ҳақиқатан у икки иморатнинг латофатини ёзув қалами ва баён рақами билан тасвирлаш мумкин эмас».

Мирзо Улуғбек мадрасаси меъморий тарихий ёдгорлик сифатида кўп ўрганилган. Бироқ таълим соҳасидаги фаолияти деярли жиддий тадқиқ этилмаган. Таниқли олим Ботурхон Валихўжаев «Самарқанд олий таълим – мадрасайи олия-университет тарихидан лавҳалар» китобида мазкур мадрасадаги ўқув жараёнини илмий ёритишга ҳаракат қилади. Бироқ мадраса фаолиятига оид тарихий маълумотлар етарли эмаслиги ва ҳозиргача унинг вақф ҳужжати топилмагани сабабли мавзуга зарур даражада аниқлик киритилмай қолган. Тадқиқотчи ёзади: «Мадрасайи олияда 100та толиби илм бўлиб, шунга мувофиқ ўнта мударрис ва тегишинча муъид, ҳофиз ва бошқалар билан таъминланган».

XIX аср охири ва ХХ аср бошларидаги ҳужжатларга кўра, Мирзо Улуғбек мадрасаси 31 ҳужрали эди.

Йўқолган дунё

Мирзо Улуғбек ушбу мадрасаси учун катта миқдорда вақф мулклари ажратган. Яна Абдураззоқ Самарқандийга мурожаат қиламиз. У ёзади: «Кайвон виқор ва муштарий асар шаҳзода кўп даромадли ерлар, экинзорлар ва ариқларни у жойга вақф қилиб ажратди. Уламоларнинг энг билимдонлари ва фозил кишиларнинг тажрибакорларини мадрасада дарс бериш ва тушунтириш учун тайинлади. Хонақоҳга билимдон машойихлар ва мубаширларни белгилади ва ҳамда бу икки олий мақомнинг муҳим ишларини тадбирли кишиларнинг саъй-ҳаракати қўлига топширди. Вақфга ажратилган даромадли ерлар ва экинзорлардан ҳар йили жуда кўп ҳосил олинарди ва у икки жойнинг заруратлари сарфидан ортиб қолар ва ўша икки жойнинг ўз хазинасига йиғиб қўйилар эди».

Бу маълумотни машҳур муаррих Мирхонд ҳам тасдиқлайди. Аммо мазкур ўқув даргоҳи дунёси – Мирзо Улуғбек томонидан тузилган тарихий ҳужжат йўқолган, ҳозиргача топилмаган.

Йўл бошловчи Сатр

Бу сатр олдимизда пайдо бўлиб, Абдураззоқ Самарқандий таърифлаган вақф мулклари, биз қидираётган дунё сари йўл бошлади. У Самарқанд шаҳридаги Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий мадрасаси вақф ҳужжати сатрлари орасидан чиқиб келди. 1974 йили Москвада таниқли олима О.Д. Чеховичнинг «XV-XVI асрга оид Самарқанд ҳужжатлари» деб номланган китоби нашр этилади. Ундаги вақф ҳужжатларидан бирида қуйидаги ёзувлар бор: «Кеш вилоятидаги... Қаба Митин мавзесидаги вақф қилинган бошқа бўлак ернинг чегаралари қуйидагичадир: Шарқи Навқад Қурайшнинг мазкур ариққа туташган махсус экин ерлари; шимоли ушбу жойдаги йарғучиларнинг ери; ғарби машҳур шайхлар қабристони тепалиги, қабристон нови ва ушбу вақф мулкига кирадиган эски экин ерларини суғорадиган ариқ билан туташган.

Вақф мулкига кирувчи бошқа бўлак ернинг чегаралари қуйидагича: Шарқи мазкур Навқад Қурайш мавзесининг баъзи ерлари ва Аланларга тегишли бўлган қисми; шимоли машҳур Нова ариғи; ғарби Оллоҳ раҳмат қилгур, Султон аш-шаҳиднинг Самарқанддаги машҳур мадрасасига вақф қилинган Султонобод ариғи ерлари. Бу ариқ қайд этилган ушбу майдон ва юқорида зикр этилган йарғучиларнинг шу ердаги мулки чегараси ҳисобланади. Жануби машҳур Қизилқоқ ерлари билан туташдир».

Шоҳрухия ва Султонобод

Ҳужжатда кўрсатилаётган ерлар Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳудудидаги Чимқўрғон-Қамаши ва Қарши-Чироқчи йўллари кесишган чорраҳа ёнларидир. Худди шу чорраҳанинг ғарб тарафида баланд тепалик бор. Бир пайтлар Қабай Митан жанги ўрнини аниқлаш мақсадида бу жойларни келиб кўргандик. Вақф ҳужжатидаги ариқлар ва қабристонлар, Қизилқоқ, Навқад Қурайш, Қабай Митан ҳақидаги гаплар ҳозир ҳам бу ҳудудларда тасдиғини топади.

Хожа Аҳрор Валий мадрасаси вақф ҳужжатида номи қайд этилган Султонобод мавзеси маркази, ҳарбий истеҳкомга эга қалъа эди ва ҳозир маҳаллий аҳоли унинг тепаликка айланган қолдиғини «Кийик тепа» деб атайди. Бугун ҳам унинг атрофида экин ерлари бор. Олти юз йил аввал улар «Султон аш-шаҳид» – Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги мадрасаси вақф мулки бўлган. Муиниддин Натанзий Нийоза мавзеи ва унинг атрофларини «Соҳибқирон Амир Темурнинг меросий мулки» дейди. Ҳужжатдаги маълумотга асосланиб, у Мирзо Улуғбекка меросий мулк бўлиб ўтган, десак бўлади. Султонобод қўрғони Нийоза ва Навқад Қурайш қалъалари ўртасида, қадимий Насаф-Кеш йўли устида барпо қилинган. Қўрғондан жануби ғарб томонда Ғузор йўлида маҳобатли Қабай Митан қалъаси кўриниб турган. Ҳозир Қизилдарёдан ажралиб чиққан Уғруқ қўл суви Султонобод харобасини шимолдан айланиб, ғарбга оқади ва Қашқадарёга қуйилади. Бу ерга борган пайтимизда қишлоқларда Йилбоши байрами қизғин давом этаётганди. Ерга ҳали экин экилмаганди. Унга яқинлашганимиз сайин ҳақиқий қалъа аломатларига дуч кела бошладик. Хожа Аҳрор Валий вақф ҳужжатида эслатилган «шайхлар» ёки шу ерлик кексалар айтган «эшонлар» қабристони текисланиб кетган экан. Тепаликка етгунимизча далада сочилиб ётган қадимий ғишт, сопол қолдиқлари кўплаб учрай бошлади. Улар орасида юқори ҳароратда эриб кетган ғишт бўлаклари (шлак) ҳам оз эмасди. Қаршимиздаги манзара қадимда шу атрофда ғишт ва сопол ишлаб чиқарадиган корхона жойлашгани ва бу жой 60–70 йиллар илгари қандай ҳолатда бўлганини тасаввур қилишимиз учун етарли ахборот бераётганди.

Юқоридаги маълумотлар битилган вақф ҳужжати 1490 йилгача тузилган. XV асрнинг ўрталарига яқин расмийлаштирилган бошқа ҳужжатлар ва турли тарихий манбаларда ҳам Мирзо Улуғбек «Султон аш-шаҳид» тавсифи билан келади. Барча маълумотлар умумлаштирилганда, вақф ҳужжатида кўрсатилган жойда мазкур қалъани Мирзо Улуғбек қайта тиклагани ойдинлашади. Унинг шарафига қўрғон ва атрофдаги ерлар Султонобод номини олган. Бу ҳолат Соҳибқирон Амир Темур мўғул қўшинлари буткул вайрон қилган Банокат қалъасини 1392 йили қайта тиклаб, кенжа ўғли Шоҳрух Мирзо шарафига «Шоҳрухия» деб атаган ҳодисага ўхшашдир.

2017 йил 12 август куни машҳур археолог домла Рустам Сулаймонов билан бу ерда бошланғич тадқиқотларни амалга оширдик. Дастлабки текширувда қалъа Темурийлар давридан анча илгари мавжуд бўлгани аниқланди.

Бир сатр ортидан шунча воқеа чиқиб келишини ҳеч кутмагандик. Бироқ унинг ортида бошқалари ҳам турган экан.

Мирзо Улуғбек кўприги

Тадқиқотлар чоғида Султонободдан тўрт-беш чақирим ғарбда Мирзо Улуғбекка тегишли яна бир иншоот мажмуаси борлиги аниқланди. У «Мирзо Улуғбек кўприги» эди. Ўтмишда «Пули Мирза» номи билан машҳур бўлган. Кўприкнинг бу номи ҳозиргача сақланиб қолган. 2006 йили 13 май куни ўрта асрларда машҳур бўлган Нийоза мавзесини қидираётганимизда ушбу кўприкка оид маълумотлар тўплашга ҳам ҳаракат қилгандик. Аммо аҳолидан йиғилган ахборотлар кўприкнинг қадимий тарихини ёритишга яроқсиз эди. У пайтлар фақат далилсиз тахминимиз бор эди. 2014 йили у «Мирзо Улуғбек кўприги» экани ва Соҳибқирон Амир Темур даврида «Пулижар» (Жаркўп­рик) деб аталгани маълум бўлди. Ушбу кўприк жойлашган ҳудуд ҳақида «Убайдулланома» асари муаллифи Мир Муҳаммад Амин Бухорий: «Барча Пули Мирза атрофида йиғилди. Бу жой Пулижар мавзеси номи билан ҳам машҳурдир», деб ёзади. «Пулижар» сўзини асар таржимони А.А. Симёнов «булжар», деб ўқийди. Тадқиқот мобайнида бу кўприкка тегишли кутганимиздан ҳам кўпроқ маълумотлар чиқа бошлади.

Барча манбаларда «Пули Мирза», «Пулижар» (ё «Булжар») деб ёзилаётган бу мавзенинг тўлиқ номи ниҳоят, Мутрибий Самарқандийнинг «Нусхаи зебои Жаҳонгир» асаридан топилди. Мутрибий шайбоний Абдуллахон қурдирган ва таъмирлаган иншоотлар ҳақида сўз юритиб, уларни турли йўналишлар бўйича кўрсатади ва: «Иккинчиси, Оллоҳ сирини муқаддас қилгур, ҳазрат Хожа Баҳовуддин Нақшбанд мозори дарвозасидан бошланиб, ўша ердан Хожа Каъб ул-ахбор ва у ердан Қурсоқлик, Янтоқлик ва Мирзо Улуғбек кўприги йўли орқали Шаҳрисабз, Чекдалик, Дарбанди оҳанин, Термиз, Қубодиён, Қундуз, Толиқондан Бадахшон вилоятининг узоқ чеккаларигача бўлган ерлар билан тугади», деб ёзади. Мутрибий тушунтиришидан шайбоний ҳукмдор Абдуллахон ҳам бу кўприкни таъмирлатгани аён бўлди.

Сандиққа айланган устун

Мирзо Улуғбек кўприги туфайли Қашқадарёнинг чап соҳилидаги Султонобод ерларига туташган ҳудуд «Мирзо кўприги мавзеси» (Пули Мирза) номини олади. Бу жой ҳозир Қамаши туманига қарашли Ғишли, Манғит, қисман Чимқўрғон қишлоқлари ўрнига тўғри келади. Олдинги тадқиқотлар чоғи кўприкнинг тарихий Кеш (ке­йинчалик Яккабоғ) вилояти тарафида карвонсарой, масжид ва минора бўлгани аниқланганди. Ўтган асрнинг 50-йилларида уларнинг вайронаси ғиштлари қўпориб олиниб, давлатга қарашли қурилишларга ишлатиб юборилган экан. 1980 йил бошларида ҳам Мирзо Улуғбек кўпригининг ғиштин устунлари бутун эди. Дарёда чўмилаётган болалар улардан сувга сакрарди. Янги замонавий кўприк қурилиши муносабати билан ўша қадимий устунлар қўпориб ташланибди. 2006 йили бир уюм ташландиқ ғиштин тўдага айланган устунлар қолдиғини суратга олгандик. Қўй-эчкилар уларнинг ораларига кириб иссиқдан паналаётганди. 2016 йил февраль ойи бошларида борганимизда суратга олинган ўша ташландиқ уюм ҳам ғойиб бўлибди. Улардан фақат катта сандиқдек яхлит бир бўлак қолибди.

Кураш якуни

Бу воқеалар эртак кабидир. Уларга берилиб кетдик. Яна Бобур Мирзо ҳикоясига қайтайлик. У 1501 йили август-сентабр ойларида Шайбонийхоннинг сулҳ таклифини қабул қилишга мажбур бўлади. Ҳодисани ўзи ҳикоя қилади: «Бу маҳалда Шайбақхон сулҳ сўзини ораға солди. Агар бир тарафдин умидварлиғ бўлса, ё захира бўлса, сулҳ сўзига ким қулоқ солур эрди. Зарурат бўлди, сулҳгуна қилиб, кечадин икки паҳар бўла ёвушиб эдиким, Шайхзода дарвозасидин чиқилди...»

Ушбу жангда Мирзо Улуғбек мадрасаси қамал охиригача Бобурнинг ҳарбий қароргоҳи бўлиб туради.

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР Ўзбекистон Фанлар

академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими

Информеры