2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ЁШЛАРНИ ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ТАРБИЯЛАШ КОНЦЕПЦИЯСИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил «23» февралдаги 140-сон қарорига

1-ИЛОВА

ЁШЛАРНИ ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ТАРБИЯЛАШ

КОНЦЕПЦИЯСИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб аталади) мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва асосий принциплари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги мураккаб глобаллашув даврида, ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган шароитда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан боғлиқ долзарб вазифалар ва уларни ҳал этиш йўллари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оила, маҳалла, таълим-тарбия институтларининг бу борадаги роли ва аҳамиятини, ўзаро ҳамкорлигини миллий ва халқаро ҳуқуқий нормаларни ҳисобга олган ҳолда белгилаб беради.

2. Мазкур Концепцияда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига жисмонан ва маънан соғлом авлодни тарбиялашга оид яхлит таълим-тарбия тизимининг узвий ва ажралмас қисми сифатида қаралиб, Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси талаб­лари асосида миллий ва жаҳондаги илғор тажрибалар, бугунги Ўзбекистон ҳаётидаги реал ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

3. Она-Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг шуҳратини дунёга тараннум этиш билан боғлиқ энг муҳим тушунчалар, ҳаётий ва профессионал кўникмаларни илм-маърифат асосида ёшларнинг қалби ва онгига илк болалик давридан бошлаб сингдириб бориш орқали Ўзбекистоннинг ҳақиқий ватанпарвар фуқароларини тарбиялаш Концепциянинг асосий мазмунини ташкил этади.

4. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш – бу миллати, тили ва касбидан қатъи назар, ёшларда Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, уларни ўз фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини бажаришга, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қодир шахслар этиб тарбиялашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотларининг кўп босқичли, тизимли, мақсадли ва мувофиқлаштирилган фаолиятидир.

2-боб. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг мақсади ва асосий вазифалари

5. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг мақсади ёшларда жамиятнинг турли тармоқлари, айниқса, ҳарбий соҳа билан алоқадор бўлган давлат хизмати турларида фаоллик кўрсатиш, тинч ва ҳарбий шароитда Конституция ва ҳарбий бурчга садоқатли бўлиш, уларда ўз юрти ва халқи тақдири учун юксак масъулият ва жавобгарлик каби муҳим хусусиятларни шакллантиришдан иборат.

6. Қуйидагилар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбия­лашнинг асосий вазифалари ҳисоб­ланади:

ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш;

қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни кучайтириш;

миллий армиямизга жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизмат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч экани ҳақидаги тушунчани ҳамда бу борадаги назарий-амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш;

ёшларда ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнларга миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ёндашиш кўникмаларини, турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш;

ҳар қандай мураккаб вазиятларда тезкор ва мустақил қарор қабул қилиш, замонавий ҳарбий техника воситаларидан самарали фойдаланиш малакасига эга ёшларни тарбиялаш;

Ўзбекистон манфаатларини нафақат ҳарбий соҳада, балки ҳаётнинг барча жабҳаларида ҳимоя қилишга тайёр туриш, юрт учун фидойи бўлиш – бу бугунги кун талаби эканини ҳаётий мисоллар ва таъсирчан воситалар орқали ёшлар онгига сингдириб бориш.

3-боб. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими ва унинг асосий принциплари

7. Ёшларни ҳарбий­ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими узлуксиз жараён бўлиб, у бир-бирига боғлиқ сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ғоявий-мафкуравий, маданий-маърифий тадбирлар мажмуасидан иборат.

8. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Қуролли Кучларнинг Умумҳарбий низомлари ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб борилади.

9. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари мунтазам равишда тизимли ва илмий асосда ташкил этилади.

10. Ёшларни ҳарбий­ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими қуйидагилардан иборат:

таълим-тарбия жараёнида ижтимоий-маънавий аҳамиятга молик қадриятларни, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари;

оммавий ва ҳарбий-ватанпарварлик ишларини амалга оширадиган давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек бошқа ташкилотлар.

11. Қуйидагилар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг асосий принциплари ҳисобланади:

илмийлик;

тарихийлик;

аниқлик ва тезкорлик;

мунтазамлик;

фаоллик;

таълим ва тарбия ишларининг уйғунлиги;

тарбия жараёнининг изчиллиги;

ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясида эришилган ижобий натижа ва ютуқларга таяниш.

4-боб. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг усул ва шакллари

12. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш усуллари ёшларда зарур ҳаётий билим, кўникма, маҳорат ва мустаҳкам иродани, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантиришга қаратилган, уларнинг онги, руҳияти ва фаолиятига таъсир кўрсатадиган омиллардан иборат.

Қуйидагилар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг усуллари ҳисоб­ланади:

ишонтириш;

машқ қилдириш ва мустақил ишлаш;

кузатиш;

рағбатлантириш;

ўрнак кўрсатиш ва шахсий намуна.

13. Ёшларни ҳарбий­ватанпарварлик руҳида тарбиялаш турли шаклларда, жумладан, илмий-амалий анжуманлар, савол-жавоб кечалари, китобхонлик, ўйинлар, машҳур кишилар билан учрашувлар тарзида ва бошқа шаклларда ташкил этилади. Улар маънавий-маърифий ишларнинг ранг-баранглигини таъминлайди, пировард натижада жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Бунда қуйидаги шакллар устувор аҳамиятга эга бўлади:

маъруза ўқиш, савол-жавоб кечалари, якка ва жамоавий суҳбатлар;

бой ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳарбий хизматчи ва фахрийлар, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида, турли мусобақа ва танловларда ғолиб бўлган шахслар билан учрашувлар;

илмий-назарий ва амалий конференциялар, семинар-тренинглар, муайян мавзуга бағишланган кечалар, баҳс-мунозаралар, викториналар, давра суҳбатлари;

тўпланган илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш;

жамоатчилик фикри ва ҳарбий жамоалардаги маънавий-руҳий муҳитни ўрганиш;

телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, фильм ва мультфильмлар, бадиий ва мусиқий асарлар, аскар қўшиқлари, оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар ва электрон ўйинлар ва бошқа техник воситалардан фойдаланиш;

уруш ва меҳнат фахрийлари, жанговар ҳаракатлар иштирокчилари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ташкил этиш;

ҳарбий хизматга чақирилувчилар куни, мардлик сабоқларини ўтказиш ва экскурсиялар уюштириш.

5-боб. Ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг босқичлари ва йўналишлари

14. Давлат ёшларни ҳарбий-­ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини ташкил этиш, унинг натижалари мониторингини юритишни таъминлайдиган асосий институт ҳисобланади. Давлат ёш авлоднинг тарбия жараёнини оилада, мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларида, ҳарбий хизмат давомида, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, турли давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари доирасида ташкил этади.

15. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари қуйидаги тўрт босқичда амалга оширилади:

а) биринчи босқич (3-7 ёшдагилар) атрофдаги олам, Ватан ҳақида дастлабки тасаввурлар пайдо бўладиган босқич ҳисобланиб, унда оила ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга турли шеърлар, куй ва қўшиқлар ўргатиш, мультфильм ва турли ўйинлар намойиш этиш, расмлар чизиш орқали дунёни англаш, давлат рамзлари (байроқ, герб, мадҳия) билан танишиш асосида уларда она-юртга муҳаббатни шакллантиришни ўз ичига олади. Ушбу босқичда қуйидагиларга асосий эътибор қаратилади:

ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида дастлабки тасаввурларни шакллантириш мақсадида эртак ва ҳикоялар айтиб бериш;

она-Ватанга муҳаббат, Ватан ҳимояси муқаддас бурч экани билан боғлиқ мавзулардаги шеър ва қўшиқларни ёд олдириш;

болаларнинг тасаввурини кенгайтиришга доир расмлар чиздириш ва жисмоний қобилиятини мустаҳкамлаш учун турли мусобақа ва танловлар ташкил этиш, шу орқали уларни маънавий рағбатлантириш;

ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги мультфильмлар намойиш этиш ва турли ўйинлар ўтказиш;

ҳарбий музейлар ва ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси билан боғлиқ маданият ва истироҳат боғларига экскурсиялар уюштириш;

б) иккинчи босқичда (7-16 ёшдагилар) ўқувчиларнинг Ватанга муҳаб­бати ва садоқатини мустаҳкамлаш, она-юрт олдидаги фарзандлик бурчини юксак масъулият билан бажариш, уларда Қуролли Кучларимизга бўлган ижобий фикрларни янада кенгайтириш, ҳарбий хизмат нуфузини кўтариш, ёшларнинг жисмонан соғлом, маънавий етук, кенг дунёқарашли, мустақил фикр юритадиган баркамол инсон сифатида шакллантириш каби эзгу ишларга даъват этилади.

Бу босқичда:

замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги мақолалар, бадиий адабиётларни мутолаа қилиш;

умумий ўрта таълим муассасаларида ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида маданий-маърифий тадбирлар, мавзули кечалар ва қўшиқ танловлари ташкил этиш, спектакллардан лавҳалар намойиш қилиш;

ўқувчи ёшлар иштирокида «Ватанимни кўз қорачиғидек асрайман», «Юрт тақдири – менинг тақдирим» мавзуларида иншолар танловини ташкил этиш;

соғломлаштириш оромгоҳларида «Темурбекнинг издошлари», «Ўзбекистон фарзандлари ботир бўлур» каби мавзуларда спорт мусобақалари ва тадбирлар ташкил этиш;

ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида бадиий ва ҳужжатли фильмлар, мультфильмлар намойиш этиш ва уларнинг муҳокамасини ўтказиш;

дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларга буюк саркардаларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни киритиш, уларнинг жасорати, фидойилиги ва қаҳрамонликлари тўғрисида ёрқин мисоллар асосида ҳикоя қилиб бериш;

Темурбеклар мактаблари, олий ҳарбий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг махсус гуруҳлари ва ҳарбий қисмларга экскурсиялар ташкил этиш;

 «Мард ўғлон» давлат мукофотига сазовор бўлган юртдошларимиз билан учрашувлар ўтказиш, улар эришган ютуқ ва натижаларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш;

умумий ўрта таълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари иштирокида «Темурбек ворислари» ҳарбий-спорт ўйинларини босқичма-босқич ташкил этишга алоҳида аҳамият бериш;

в) учинчи босқич (16-18 ёшдагилар) ёшларда Ватанга ва унинг ҳимояси учун муносиб хизмат қилишга руҳан ва жисмонан тайёрликни таъминлашга йўналтирилади. Мазкур босқичда юқоридаги вазифаларга қўшимча равишда қуйидаги масалаларга эътибор қаратилади:

ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, ҳарбий хизматга нисбатан уларнинг мустақил фикри ва ижобий қарашларини шакллантириш, ватанпарварлик туйғуларини кучайтириб бориш;

ўқувчи ёшларнинг назарий ва амалий билим ва кўникмаларини бойитиш мақсадида мудофаа ишлари бўлимлари ва ҳарбий қисмлар, ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда турли сермазмун ва қизиқарли тадбирлар ташкил этиш;

миллий армиямиз учун жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизматнинг аҳамияти, Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот бериб бориш;

г) тўртинчи босқич (18-30 ёшдагилар) ёшларнинг жисмоний ва маънавий қобилияти, етакчилик кўникмалари ва интеллектуал салоҳияти, умумий ва профессионал малакасини ошириш, уларни ўз устида мунтазам ишлаш, соғлом ҳаёт кечиришга ундаш ва шунга эришишни назарда тутади. Ушбу босқичда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш талаб этилади:

ёш авлодни ҳар томонлама етук, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак, ота-она ва Ватанига садоқатли инсонлар этиб тарбиялашнинг аҳамияти тўғрисидаги тасаввур ва билимларни янада бойитиш;

Ватан ҳимоясига доимо тайёр бўлиш ва Қуролли Кучлар сафида хизмат бурчини ўтаётган ёшлар билан фахрланиш, конституцион бурч ва Ҳарбий қасамёдга содиқлик туйғуларини шакллантириш;

ҳарбий хизмат шароитларига мослашиш ва ҳарбий ихтисосликларни пухта эгаллаш, ҳар қандай қийинчиликка тайёр туриш, матонат ва жасорат фазилатларини мустаҳкамлаш, қурол-аслаҳа, ҳарбий техника, давлат ва ҳарбий мулкни асраб-авайлаш кўникмаларини ривожлантириш;

жанговар тайёргарлик ва ҳарбий маҳоратни мунтазам ошириб бориш, ҳарбий жамоада қарор топган ўзаро ёрдам ва дўстона муносабатларни қадрлаш каби фазилатларни шакллантириш;

ёшларнинг ўз танлаган касбини пухта эгаллаши ва етук мутахассис бўлиб етишиши учун яқиндан кўмаклашиш;

китобхонликни кенг тарғиб этиш, жамиятда юксак маънавиятни қарор топтиришда бадиий асарларнинг роли ва аҳамиятини ёшлар онгига сингдириш;

миллий мафкурамизга зид бўлган ёт ғояларга қарши танқидий қараш ва мафкуравий иммунитетни, ўзига ишонч, ҳушёрлик ва огоҳлик туйғуларини мустаҳкамлаш;

ёшларда фаол ҳаётий позиция ва ўзининг мустақил фикр­мулоҳазаларини аниқ баён эта олиш, масъулиятни ҳис этиш, қатъий тартиб ва интизомга риоя қилиш фазилатларини шакллантириш, уларни қатъиятли бўлишга ўргатиш.

6-боб. Ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлиги ва мезонлари

16. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг самарадорлиги ушбу жараённинг баркамол авлод тарбиясига, ёшларнинг ватанпарварлик даражасига қай даражада ижобий таъсир этгани билан белгиланади.

17. Ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясидаги самарадорлик даражасини аниқлашнинг муҳим шарти ёшларда ватанпарварлик, ҳарбий бурч, жанговар анъаналарга содиқлик каби хислатларнинг реал ҳолатда янада ривожланиши ва такомиллашувига ижобий таъсир этадиган омилларни мунтазам равишда ҳисобга олиб, таҳлил этиб боришдан иборат.

18. Ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим мезонларидан бири ўсиб келаётган ёш авлод олдига жамият томонидан қўйилган талаблар бу борада олиб борилаётган тарбиявий ишларнинг маъно-мазмуни, шакл ва усуллари билан қай даражада мутаносиб экани билан белгиланади.

7-боб. Якуний қоидалар

19. Мазкур Концепция ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг самарадорлигини ошириш, уларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар, фуқаролик позицияси, Ватанни севиш ва уни кўз қорачиғидек асрашга қаратилган билим ва кўникмаларни ошириш учун услубий асос бўлиб хизмат қилади.

20. Концепциянинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, миллий армиямиз сафларини замонавий билим ва профессионал малакага, мустаҳкам ирода, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ёшлар билан тўлдириб бориш имконини беради.

 

 

 

 

 

Информеры