2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ВАКИЛЛАРИ – БУХОРОДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жойларда қатор тарғибот тадбирлари, учрашув-мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Жамоатчилик кенгаши фаоллари жойларда бу борада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Бухоро вилоятида бўлдилар. Мазкур сафар давомида улар бир неча таълим муассасаларида, ёшлар даврасида бўлиб, маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказишди.

Вилоят мудофаа ишлари бош­қармасида кенгашнинг вилоят минтақавий бўлими йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сенатор, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев, кенгаш аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Учрашувда таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда уюшган ва уюшмаган ёшлар ҳамда миллий армиямиз сафларидаги ёш авлод вакиллари билан ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларни тизимли ташкил этиш ва шу йўналишдаги тарғибот-ташвиқот тадбирларининг самарадорлигини таъминлаш борасида ўтган даврда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Йиғилишда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев сўзга чиқиб, барча жабҳалар қатори юртимиз Қуролли Кучлари тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш­лар, уларнинг аҳамияти, ёшлар таълими ва тарбиясига берилаётган эътибор, шунингдек, давлатимизнинг тинчликпарвар сиёсати, қўшни мамлакатлар билан муносабатларни янада яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталди.

Шунингдек, йиғилишда ҳарбий хизматчилар, аскар йигитларни миллий-маданий меросимиз билан янада чуқурроқ таништириш, хусусан, китоб мутолаасига жалб этиш орқали уларнинг маънавий эҳтиёжини қондириш, билим ҳамда тафаккурини ўстиришда биринчи галда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги масаласи ҳам диққат марказида бўлди. Негаки, навқирон авлодни она юртга садоқат руҳида камол топтириш, ёшларнинг мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилишга бўлган қизиқишларини ошириш, уларнинг бу борадаги интилишларини қўллаб-қувватлашда айнан маънавий-маърифий воситалар улкан аҳамиятга эга.

Сафар мобайнида Жамоатчилик кенгаши аъзолари Президентимиз ташриф буюрган, Когон туманида жойлашган ҳарбий қисмда ҳам бўлишди. Улар бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ҳарбий хизматчиларнинг тактик ва амалий машғулотларини кузатиб, улар билан суҳбат қурдилар. Қизғин мушоира давомида ҳарбий хизматчиларга бадиий адабиётлар туҳфа қилинди.       

Жамоатчилик кенгаши вакиллари Бухоро нефть ва газ саноати коллежида ҳам бўлиб, бу ерда олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодлар тайёрлаш бўйича қўшимча вазифалар юклатилган махсус гуруҳ ўқувчилари билан учрашдилар.

Сафар якунида Жамоатчилик кенгаши вакиллари вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида бир гуруҳ бухоролик йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросимида иштирок этдилар. Унда сўз олган Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев, кенгаш аъзоси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр ва актёр Ҳилол Насимов ва бошқалар Ватан мудофаасига отланган йигитлар ва уларнинг яқинларини унутилмас кун билан қутлаб, оқ йўл тиладилар.

Тадбир вилоят санъаткорлари концерт дастури ҳамда аскарлар ва уларнинг яқинлари учун ёзилган тўкин дастурхон атрофидаги мушоира кечасига уланди. 

Полковник Мақсуд АБИЛОВ