2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК ТАРБИЯСИ

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан кучга кирган Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаб­буси билан яратилган мазкур Концепция мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва асосий принциплари асосида ишлаб чиқилган.

Анжуманда Мудофаа вазирининг ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари полковник Азизбек Икрамов иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон халқ шоири, сенатор, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг раиси Иқболжон Мирзаалиев, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти марказий кенгаши раиси ўринбосари, Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари Мажид Умаровнинг ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Жамоатчилик кенгаши олдида турган вазифалар ҳақидаги маърузалари тингланди.

Анжуманда Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида «Турон» театр-студияси ташкил этилгани эълон қилинди. Бу мамлакатимиз маданий ҳаётида юз берган муҳим воқеалардан биридир.

Театр бадиий раҳбари режиссёр Сайфиддин Мелиев театр-студия олдида турган вазифалар, режалар ҳақида тўхталар экан, «Турон» мустақиллик йилларида ташкил этилган биринчи театр эканлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, унинг жамоаси маҳоратли артистлардан ташкил топгани, Тўмарис, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур каби буюклар ҳаёти акс этган тарихий асарлар саҳналаштирилиши, айрим асарлар юртимизнинг турли ҳудудларида Ватан ҳимоячилари ҳузурида муваффақият билан намойиш этилгани ҳақида сўз борди.

Инсон онги ва қалбини забт этиш учун курашлар кескин тус олган айни даврда ёшларни ҳар қандай таҳдидлардан асраш, уларда мустақил фикр, эътиқод ва қатъий ҳаётий позицияни шакллантириш энг муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифалардан саналади. Бу борада ибратхона аталмиш театрнинг ўрни беқиёсдир.

Анжуманда иштирок этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова ўз мулоҳазаларини баён этар экан, фидойи ижодкорлар Ватан ҳимоячилари билан бир сафда эканини таъкидлади.

Инобат ИБРОҲИМОВА