2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

МЕҲРИБОН ВА ҒАМХЎР ОНА АЙИҚ

Бахмалнинг Ойқор тоғи оралиқларида қўнғир ва жигарранг айиқларни учратиш мумкин. Бу ақлли ва синчков жониворлар ҳид билиш ҳисси ёрдамида шерикларини топиб олади. Бурни таъсирчан, ўттиз чақирим наридагиларни ҳам сеза олади. Унинг кўриши яхши бўлмаса-да, ҳид билиш ва эшитиш қобилияти зўр. Ҳатто беш-олти соат олдин юриб ўтган шериклари исини билади. Тезак ҳамда атрофдаги тошларни ҳидлаб шериклари ортидан кетаверади. Дарахт танаси ва йирик буталарга ишқаланиб ҳидини қолдиради. Бу белгилар ҳудудий низоларнинг олдини олишдан дарак беради.

Тўдадаги катта айиқ яхши ов қилиш жойини тез топа олади. Ясси бурни ва ўткир тирноқларидан ҳеч бир рақиб қочиб қутулолмайди. Унга қаҳратон совуқ писанд­мас. Қалин мўйнаси, тери остидаги ёғлари уни совуқдан сақлайди. Вазни оғир бўлса-да, тез югура олади.

Ваҳшийлиги ҳаракатларидан шундоққина сезилиб туради. Мустаҳкам жағлари билан дарахт шохлари, бута ва пояларни осонгина ғажийди. Емак танлаб ўтирмайди.

Қиш охирлаб кунлар исий бошлади. Она айиқ мана икки ойдан бери болалари билан бирга яшаб келмоқда. Бу даврда у ўта меҳрибон бўлиб, болаларини диққат билан парваришлади. Уяда меҳрибон она бағридек илиқ жой борми? Кичкинтойлар учун уя иссиқ ва қулай.

Она айиқ уядан чиқиш вақтини билади. Теварак-атроф жимжит бўлганида айиқ болалари илк бор инидан чиқиб ташқи олам билан таниша бошлайди. Улар бўғилиб тоза ҳавога чиқадилар. Уларда ёруғ дунёга чиқиш ҳаяжонли кечади. Она айиқ эса доим кўз-қулоқ бўлиб, болаларига далда бериб туради. Дарахтга тирмашиб чиқишга кичкинтойлар уста, худди тирноқлари илгакка илингандек бўлади. Мабодо қўрққудек бўлишса она айиқ уларни тинчлантиради.

Ақлли жонивор озиқланиш учун йўлга чиқишни тўғри танлайди. Қордан сирпаниб тушиш анча қувватини тежайди. Панжалари музда сирпанмайди. У фақат эркак айиқдан доимо хавотирда. Кичкинтойлар эса беташвиш. Улар ўта ўйинқароқ. Бу вақтда она сергак туради.

Она айиқ хатарни олдиндан сеза бошлади. У асабийлашиб қочиб кетиш тараддудида. Бу ягона ва тўғри йўл. Болалари эса яшириниш пайига тушдилар. Инстинкт шуни тақозо этади. Болаларининг бири эркак айиқдан қочиб қутулолмади. Лекин кунлар илиб, ҳадемай қолган икки боласи мустақил ҳаётга тайёр бўлади. Бу вақт мобайнида у болаларига анча сабоқ беради.

Айиқлар учун энг хавфли душман қондошлари – эркаклари. Она айиқ жонини бериб бўлса ҳам улардан болаларини ҳимоя қилиши лозим. Синчков ва ғамхўр она учун ўлжа қидириш узоққа чўзилиши мумкин. Бу ҳеч ҳам яхшиликка олиб келмайди. Турли кўнгилсизликка рўбарў бўлиши мумкин.

Вақт келиб она бола айиқлар ўртасидаги ришта узилиб, болалари яккаланиб қолишади. Олдинда улар учун оғир синовлар давом этади.

«Ойқор қишлоғининг тошлоқ дарё соҳиллари ўнлаб чақиримгача чўзилиб кетган. Айиқ ўлжасини сезиб қолди ва ўттиз қадам наридаги балиқларни илғаб, уларни мўлжалга олади. Тўғри танланган марра – омадли овдир. Ов абжирлик ва мерганликни талаб қилади. Бу юмушлар устасига чикора.

Озиқ-овқат кам пайтлари айиқларга хурсандчилик татимайди. Шунда ўтган йилдаги поя илдизлари ҳамда туганакларни ҳам эътибордан четда қолдирмайдилар. Айиқлардаги очлик қишлоқ чеккасидаги экин майдони ва дарё қирғоқларига боришга мажбур қилади. Тошларни ағдариб мингоёқ, моллюска ва шу каби ҳашаротларни излайди. Сарқитдан ҳам тап тортмайди. Қорин тўқлаш ғамини ейди. Ов қилиб куч тўплайди.

Очлик, рақиблар таҳдиди, ўғринча ов қилувчи одамлар айиқлар ҳаётига хавф солиб туради. Лекин қишлоқ одамлари ва ақлли жониворлар бир-бирларига кўникиб қолишган. Жониворлар атрофдагиларга зиён етказмайди. Доимо бир сўқмоқдан юради, одамларга ҳужум қилмайди, одамлар ҳидини сезади улар. Тоғликлар ҳам шовқин солмасдан уларга ёқмайдиган иш қилишдан эҳтиёт бўлишади. Акс ҳолда айиқлар хавфлидир.

Ойқор қишлоғи аҳолиси жониворлар билан тотув яшаб келишади. Айиқлар учун ҳам бу осойишта гўшадир. Улар вақти-вақти билан сув бўйига тўпланиб атрофни кузатишади. Ёзгача озиқланиб кўпроқ вазн тўплашлари керак.

Қишлоқ одамларида айиқлардан ҳимояланиш учун зарур анжомлар йўқ эмас. Улар зийрак ва синчков жониворлар ғашига тегмаслик, ўлжасига кўз олайтирмаслик кераклигини яхши билишади. Айиқлар ҳам инсон ҳаёти ва мулкига дабдурустдан тажовуз қилишмайди. Шу сабабли уларнинг турмуш тарзи осуда давом этмоқда. Лекин барибир айиқлар одамлар меҳрига муҳтож.

Абдулла САИДОВ

 

Информеры