2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ОЙ ТЎЛИШГАН ТУНДА

Кулранг, қизғиш кўринишдаги тоғ қуёнларининг нозик териси қуюқ жун қопламидан иборат бўлиб, мўйнасининг узунлиги ва ранг туси йил фаслларига қараб ўзгариб туради. Улар асосан мўйнаси ва гўшти учун овланади. Гўшти тўйимли бўлгани учун тулки ва оқсувсарлар ҳам хавф солиб туради.

Тиниб-тинчимас жониворлар қишда юлғун, саксовул кабиларнинг шох-шаббаси ва буталар пўстлоғини ғажиб озиқланади. Йилнинг қолган фаслларида дарахтнинг яшил қисмлари, ўсимлик илдизи ва пиёзчаларини ейди.

Кенг сайҳонликда қор кўрпаси узра деярли ҳеч нарса қимирламасди. Ерда ковуш ботгулик қор бор. Машинада юқорилаб борарканмиз, олдимизга қуён сакраб чиқиб, чироқ нурида кўзи қамашганидан бир неча лаҳза тик қотди-да сўнг, йўл ёқасидаги буталар орасига кириб, ғойиб бўлди. У бошдан-оёқ кулранг, момиқ жун билан қопланган эди. Куз охирлаб қиш нафаси сезилиб қолган бўлса-да, ҳали тусини ўзгартирмаганди. Биз вақтни бой бермаслик учун дарҳол машинадан тушиб, чироқ ёруғида унинг ортидан эргашдик.

Изғирин шамол ва аёз қулоқ-бурунни чимчилар, ҳали олдинда бизни нималар кутаётганини билмасдик. Қуённинг яна қайтиб келишига ишонганимиздан сабр-тоқат билан пойлашга тушдик. Негаки, ҳамроҳимиз Фарҳод амаки ов олдидан қуёнлар атрофдагиларни чалғитиш мақсадида тўрт-беш қадам ён томонга сакраб изини йўқотиши ва албатта юриб ўтган йўлидан қайтиши ҳақида сўзлаб берганди.

Ой тўлишган тунда машинамиз томон энди ўгирилган ҳам эдик-ки, «тирс» этган товуш қулоққа чалинди. Бундан Фарҳод амаки ҳеч ҳам таажжубга тушмади. Чунки у қуёнларнинг жойидан сакраб қўзғалишини шундан билар экан. Жонивор кўз очиб юмгунимизча жуфтакни ростлаб қолганди.

Овнинг навбатдаги тунида машинамизни пастда қолдириб қоя томон кўтариларканмиз, тош уюмларидаги ёриқ-тирқиш ва буталар тагидаги инларда қуёнларнинг дам олиб ётганлиги устидан чиқдик. Одатда, улар ўзларига қарашли ҳудудда қанча озиқ борлигига қараб бир-бирларидан маълум масофада оила-оила бўлиб яшар, то зим-зиё қоронғилик тушмагунича ташқи оламга кўриниш бермасди. Лекин Фарҳод амаки уларнинг ёрқин тоғ қуёши нурларида соатлаб исинганлигини бир неча бор кузатган экан.

Кўпайиш олдидан урғочиси буталар тагидаги инини хас-хашак ва жунини юлиб тўлдиради. Қуёнчалар дунёга келгач, сут билан боқа бошлайди. Миттивойларга иссиқ вужуд, мўйна ва она ғамхўрлиги зарур. Ҳиди атрофга унчалик сезилмаганлигидан йиртқичлар эътиборини жалб қилмайди.

Тунда яна янги изларга дуч келдик. Бу изларни қора қилиб юриб, кўп вақтимизни бекор ўтказдик. Бир пайт қуённинг харсанглар оралиғидаги майсаларни чимдиб озиқланаётганини кўргач, севиниб кетдик. Бироқ хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Бир зумда жонивор тошлар уюми оралиғига кириб кетди. Яна кутиш ва теварак-атрофга зийраклик билан қулоқ тутишимизга тўғри келди. Орадан икки соатча вақт ўтиб, унинг ўтириб олиб бизни томоша қилаётганлигидан ҳайратга тушдик. Лекин қанчалик яқинлашмайлик, илгарилаб борар, қувлаш учун эса катта куч керак.

Ўша ойдин тунда қуён ортидан изма-из юриб, тонг ёришганини сезмай қолибмиз. Ниҳоят, у қўйлар подаси юриб ўтган изга тушиб, бизни чалғитмоқчи бўлди ва пода изи билан ўнг томон қолиб, сўлга, чамаси, беш қадам наридаги ёйиқ тош устига чиқиб олди. Энди жонивор тамоман ҳолдан тойган, қўрққанидан қулоқларини қапиштириб олганича тош устида турар, аъзойи бадани қалтирарди. Беихтиёр раҳмимиз келди ва ортга қайтдик. 

А.САИДОВ

 

Информеры