2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ТАНҚИД ВА ТАҲЛИЛ

 

вазифаларга юзаки ёндашиб бўлмайди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси мажлислар залида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг 2018 йил биринчи чораги якунларига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгашнинг минтақавий бўлинмалари раислари, ҳарбий округлар қўшинлари қўмондонлиги ва шахсий таркиб билан бевосита маънавий-маърифий йўналишда ишларни ташкиллаштириш учун масъул бўлган офицерлар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири, Кенгаш раиси Иқбол Мирзаалиев кириш сўзи билан очди ва олиб борди. Йиғилиш давомида Мудофаа вазирининг ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари полковник Азизбек Икрамов «Жамоатчилик кенгаши ва унинг минтақавий бўлинмалар фаолияти самарадорлигини ошириш борасида таклиф ва тавсиялар», мавзусидаги шунингдек, Кенгаш аъзоларининг ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси доирасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги устувор вазифалар тўғрисидаги маърузалар тингланди.

Жамоатчилик кенгаши раиси Кенгаш аъзолари саъй-ҳаракатларини танқидий таҳлилдан ўтказиб, бу борада ташаббуслари билан ўрнак бўлаётганларни ва аксинча, вазифаларига юзаки, шунчаки расмиятчилик учун ёндашаётганларни тилга олди. Боиси, Кенгаш аъзоларининг вазифалари белгиланган бўлса-да, улар томонидан фақат таклиф асосида Қуролли Кучлар ҳаётидаги муҳим тадбирларга қатнашиб келинаётгани, таклиф ва ташаббуслар йўқлиги таъкидланди.

Маълумки, 2017 йилнинг 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор имзоланди. Ушбу қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари тузилди. Бироқ Кенгашнинг минтақавий бўлинмаларига юклатилган вазифалар тўлиқ бажарилмаётгани сабаб, Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ҳозирда такомиллашди, дейишга ҳали эрта. Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган устувор вазифаларни тўлақонли бажаришда Кенгашнинг ҳар бир аъзоси сидқидилдан ҳаракат қилиши зарурлигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, Жамоатчилик кенгаши томонидан асосий вазифалар сифатида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жой билан таъминлаш, уларнинг тиббий таъминотини, яшаш ва хизмат шарт-шароитларини яхшилашга қаратилган давлат дастурларининг ижросини комплекс равишда таҳлил қилиб, амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, шунингдек, Қуролли Кучлар резервига бўшатилган фуқароларнинг ижтимоий ва профессионал мослашуви билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсад қилинган.

Видеоселектор йиғилиши давомида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ