2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СОҲИБҚИРОННИНГ ҲАРБИЙ МАҲОРАТИ

Ўзига хос доктрина

Амир Темур ўз даврига хос ҳарбий доктринага эга бўлган. Урушлар асосий масала бўлган ўрта асрларда унинг ҳарбий қудратга эришиши минтақаларда ҳимоя ва назоратни амалга оширишда муҳим восита бўлган. Амир Темур жуда ҳам кучли разведка мактабини яратди. У дунёда биринчи марта қўшинни етти қисмга бўлган, тоғларда юрадиган пиёдалар қисмига асос солган.

Амир Темурнинг ҳаракатлари туфайли дунё сиёсий харитасида катта ўзгаришлар юзага келган. Улуғ бобомизнинг 660 йиллик тўйида қатнашган америкалик олим Ричард Нельсон, Амир Темурни «Евроосиё» ғоясининг асосчиси, деб баҳо берганди.

 Тарихий манбаларда ҳайратомуз маълумотларни ўқиш мумкин. Масалан, Кастилия ва Леон (ҳозирги Испания) қироли Дон Энрико Учинчининг Соҳибқирон ҳузурига йўллаган элчиси Клавихонинг ёзишича, қирол уларга Амир Темур ва унинг рақиби Боязиднинг қудратини, бойлигини, бир-бирига қарши қанча аскар ташлаганини ўрганиш ва бўлажак жангни кузатишни топширган эди. Элчи, Соҳибқирон армиясининг аъло даражадаги тузилишини, унинг жанг усулларини, Ҳиндистон юришидан олиб келинган ўрта аср «танклари» – жанговар филларнинг хусусиятларини таърифлаган. Забт этилган ҳудудларда тартиб-интизомнинг таъминланиши, ҳаётнинг қайта изга туширилиши уни ҳайратга солган.

Энг кучли жанговар гвардия

Амир Темур қўшини ўнлик, юзлик, минглик (ҳазора), ўн минглик (туман)ларга бўлинган эди. Шу билан бирга, мўғулларга хос ушбу бошқарув янада такомиллаштирилиб, янгиликлар киритилди. 50-1000 тагача бўлган аскарлар «қўшин», ундан кўпроқлари «қўл» деб, қўшин бошлиқлари «сардор», «амир» деб аталди. Амир Темур қўшинни етти қўлга ажратган, ўнг ва чап қўлни захира (резерв) қўшин билан таъминлаган.

Отлиқ қисмларда жанг бошланиши жараёнида суворийларни муҳорабага солиш учун махсус суворий довулчилар ажратилиб, уларга иккитадан дул ноғора довуллари берилган.

Амир Темур жанг пайтида ёки жанг майдонида ўзини ҳимоялаш учун ҳам баъзи бир тадбирларни бажаришга улгурган. Масалан, уруш пайтида ўрдугоҳ жанг майдонида ёки душманга яқин жойда жойлашганда тезлик билан унинг атрофи мудофаа чизиқлари, яъни чуқур хандақлар (булар хандақ, чорпар, кочимарза номлари билан аталган) ва турли-туман материаллар билан тўр шаклида ўраб олинган. Жумладан, қўшиннинг изофа қисми уруш жараёнида зарур бўлиб қолганда жанг майдонига отланиши билан биргаликда бош қўмондон ўрдугоҳини ҳам қўриқлаган. Қўшиннинг изофа қисмлари ҳамиша ҳушёр ва жанговар руҳда турган тажрибали ва довюрак, душманни таҳликага сола оладиган, ғалабани таъминлайдиган сараланган аскарлар бўлиб, Соҳибқироннинг энг кучли жанговар гвардиясини ташкил қиларди.

12 минг қўшинга қарши 243 киши

Темурбек жанговар фаолиятида ақл бовар қилмас жасоратли саҳифалар жуда кўп. Масалан, 1366 йили Қаршида Темурбек бор-йўғи 243 киши билан 12 минг кишилик душманга қарши жанг қилган ва Тангрининг инояти-ю саркардалик салоҳияти билан зафар қозонган.

1368 йилда Бадахшонда қўли баланд келган душман Соҳибқирон аскарларининг кўпини қириб ташлади ва 130 кишини асир олди. Ёнида бор-йўғи 13 нафар навкар билан қолган Амир Темур Добон тоғи тепасига чиқиб, душман йўлини мардларча тўсди. Беқиёс маҳорат ва жасоратлар эвазига ўз аскарларини душмандан қутқариб қолди.

«Александр Македонскийдан бошлаб барча фотиҳлар ҳар доим ўз зафарларига ишонган ҳолда жангга кирган десак, хато қилган бўламиз, – деб ёзади Люсьен Кэрен. – Атилла ва Наполеон каби буюк саркардалар ҳаётида шундай дақиқалар келганки, улар бўлажак муҳорабада ҳалокатга учрашларини тўлиқ англаган ҳолда жангга киришга мажбур бўлганлар, зеро уларнинг бошқача йўл тутишга иложлари қолмаган».

Махсус қуролланган гуруҳлар

Амир Темур қўшин таркибини тузиб, тартиб билан ўринларини ҳамда вазифаларини белгилаган эди. Жумладан, ўша даврнинг машҳур тарихнависи Шарафиддин Али Яздий ўзининг «Зафарнома» асарида ёзишича, қўшин таркибини еттита асосий қисмга бўлиш ва улар ўрнини белгилаб бериш, тартиб билан жойлаштириш Амир Темур томонидан жорий этилган. Қўшин турида пиёда аскарлар ва отлиқ суворийлар билан биргаликда махсус қуролларни ишга соладиган гуруҳлар ҳам бўлган. Масалан, рандандоз, нафтандоз – ёндирувчи ўтотар қуроллар; сангандоз – тош отадиган қуроллар; манжаниқ – қалъа деворларини бузувчи қуроллар ва ўзиотар қуроллар билан қуролланган жангчилар гуруҳи ҳам мавжуд бўлган.

Рус олими Бобровнинг қайд этишича, нафақат Темурнинг саркардалари, балки унинг армияси қандай қуроллардан фойдалангани, ҳарбий ишни қандай ташкил этгани, тактика ва стратегиялари ҳам чуқур ўрганилмаган.

 «Биз чоп этилмаган материаллар — археологик топилмалар, бутунлигича сақланиб қолган қурол-аслаҳа ва совутлар, ХIV аср охири — ХV аср бошига тааллуқли тенги йўқ тарихий ёзма манбалар устида сўнгги йилларда фаол ишладик. Ушбу манбалар Темур қўллаган жанг олиб бориш тактикаларини энг майда деталларигача қайта тиклаш имконини беради. Амир Темур қўллаган тактика ва стратегиялар ҳарбий санъатда ҳақиқий олға силжиш бўлган, бу тактикалар кўп жиҳатдан ўз замонидан илгарилаб кетган эди», — дейди тарихчи. Амир Темур ишлаб чиққан энг самарали тактик усуллардан бири – қўшин қанотларини душман ҳужумидан ҳимоя қилувчи суворий ҳарбий қисм — қумбул (қанбул)лардан фойдаланиш эди.

Олтин Ўрда кўчманчилари Амир Темур билан жангларда унинг қумбулларига жиддий зарар етказа олмаган. Оқибатда, Амир Темур Олтин Ўрдага ҳал қилувчи зарбани бериб, шу билан Руснинг мўғул-татар тутқунидан қутулишига билвосита таъсир қилган.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

 

 

 

 

Информеры