2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАРИХИЙ СИЙМО ПОЙИДА

Пойтахтимизнинг энг сўлим, энг салобатли, энг мафтункор гўшаларидан бири Амир Темур хиёбонида Соҳибқирон таваллуди муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Бобокалонимиз туғилган кунда хиёбон янада гавжумлашди. Узоқни кўзлаган улуғ зот авлодларга оқ фотиҳа бераётгандек, буюк ишларга чорлаётгандек мағрур, виқор-ла турарди.

Тарихий сиймо пойидаги учрашувда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба ёшлар, ҳарбий хизматчилар, кенг жамоатчилик, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари қатнашди. Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Н. Ҳабибуллаев, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Е. Утембаев, Темурийлар тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари номзоди Х. Файзиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Н. Жўраев ва бошқалар сўзга чиқди. Бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳамда «Темурбеклар мактаби»нинг ўқувчилари ўзларининг жанговар юришлари ва саф қўшиқлари билан Соҳибқиронга муносиб авлод шаклланаётганини кўрсатди.

– Амир Темур ҳарбий юришларда аскарларнинг нафақат жисмоний ва жанговар ҳолати, балки маънавияти, ғоялар билан нақадар «қуролланганига» жиддий эътибор қаратган. Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳам «Полигонлар ҳарбий хизматчиларнинг амалий кўникмаларини ошириш билан бирга ғояга хизмат қилиши зарур. Бу ер ифтихор, ғурур, куч, билим маскани бўлиши керак», дея таъкидладилар. Бу каби тадбирлар Ватан ҳимоячиларининг тарихий шахслар тимсолидан улгу олиб, маънавий юксалишларига хизмат қилади, – дейди Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети курсанти Шуҳратжон Саламов.

– Давлат арбоби Амир Темур таваллуди мамлакатимизда ўзгача руҳда, кўтаринкилик билан нишонланмоқда. Улуғ  бобокалонимиз, моҳир саркарда Амир Темур томонидан яратилган ҳарб илми санъатининг энг ноёб усуллари ҳали ҳам ўз қадр-қимматини йўқотгани йўқ. Дарс соатлари давомида Амир Темурнинг жанг санъатини, қўллаган тадбирларини ўрганиб, ҳарбий тузилмаларни бошқариш ва тузиш тажрибаларидан керакли хулосаларни чиқараяп­миз. Келажакда Ватан ҳимоясига камарбаста бўладиган етук офицер бўлиш ниятидамиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига қарашли Тошкент шаҳридаги «Темурбеклар мактаби» ўқувчиси Акбарали Шоймуродов.

Гулдастани аранг кўтараётган болажонлардан ҳаётнинг пасту баландини кўриб қўйган отахонларгача тарихий сиймони хотирлаб, унинг пойига гуллар қўйдилар. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов иштирок этди.

Абдулла ҲОТАМОВ

 

Информеры