2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ЛАЙЛАК ҚАРҒАГАН ОВЧИ

Қўл-оёғи бехосдан қимирламай қолган Қулман овчини уйидагилар тезликда шифохонага олиб боришди. Орадан бир ой ўтса-да беморнинг аҳволи ўнгланмади. Хотини боёқиш ромчи-фолбинларга ҳам бориб келди. Фолбинлардан бири: «Овчи экан, парранда-даррандаларга кўп зиён етказибди, кўзимга аллақандай оққуш кўринди, беморлиги ўшандан», дебди. Дўхтирлар ҳам охири Қулман овчига: «Уйга бориб, бир ҳаво алмаштириб келинг», деб жавоб беришди. Дашту далада юрган одамнинг уйда ўтириши ва юролмай қолишининг турган-битгани азоб-уқубат эканини Қулман овчи бошидан ўтказди. Охири тақдирга тан берди. Содир этган гуноҳининг жавобини олди.

Ўшанда Қулман овчи кўнглини ёзиш учун милтиғини елкасига осиб дарё бўйидаги тўқайзорга борганди. Иккита қуён ва уч-тўртта қуш отиб, энди қайтмоқчи бўлиб турганди. Дарёнинг жилдираб оқадиган жойида турган икки жуфт оққушга кўзи тушди. Овчи ўйлаб ҳам ўтирмай милтиқнинг тепкисини босди. Қушларнинг бири қулади, иккинчиси жон ҳолатда ҳавога кўтарилиб учиб кетди.

Қулман овчи ўлжасини сувдан олиб кўрди ва қўрқиб кетди, ўлиб ётган қуш лайлак эди. Унинг ёдига отаси айтган сўзлар тушди. «Болам, овчиман деб жонзотларга кўпам зиён-заҳмат етказма, айниқса мусича, каптар, лайлак ва қалдирғочга ўқ уза кўрма. Улар фариштали қушлар, Биби Фотиманинг қушлари...»

Овчининг кўзи баланд, тарвақайлаб кетган кекса тут дарахтидаги лайлак уясига тушди. «Бекор қилдим, бечора лайлакни нега отдим?» – деб ўз-ўзига дашном берди.

***

Ўғлининг касалхонадан келганини эшитган Чори бобо уни кўргани борди. Тўшакда ётган бемор отаси билан бош ирғаб саломлашди. Бобо охири ўғлидан сўради.

– Болам, менга тўғрисини айт, касалинг оддий дардга ўхшамайди, қандай айб қилувдинг?

Қулман овчи бошидан ўтган ҳодисани яширмасдан минг бир надомат чекиб сўзлаб берди. Ота ўғлининг сўзларини тинглаб бўлгач, деди:

– Ҳой, нодон бола-я, охири мен кутган фалокат бўлибди-да, сен нодон лайлакнинг қарғишига қолибсан.

– Энди нима бўлади, ота? – сўради Қулман овчи зорланиб.

– Мен эртага Кийиктепага бориб мулла Содиқдан бир маслаҳат сўрайин, балки бирор йўлини кўрсатар. Эртасига супада «Қуръон» тиловат қилиб ўтирган мулла Содиқ Чори бобони илиқ кутиб олди. Икки тенгқур қария ҳол-аҳвол сўрашгач, Чори бобо ўғлининг бошидан кечган воқеа­ларни сўзлаб берди. Мулла Содиқ чуқур ўйга толди ва оҳиста сўради.

– Меҳмон, билишимча сиз художўй одамсиз, нега ўғлингиз бунчалик раҳмсиз бўлиб тарбия топди. Ёки она томонидан бирортаси бадфеъл ўтганми?

Чори бобо ростини айтди.

– Онасининг тоғалари кўзи очроқ, айтишларича катта тоғалари ўғрибоши бўлган экан.

– Алҳазар, Қулманбой ўшаларга тортибди-да, – деди мулла Содиқ ҳайратланиб.

Чори бобо ўксик товушда сўради.

– Энди мен нима қилай, бу қарғишдан қутилишнинг имкони борми?

– Буни етим қолган лайлак болалари ҳал қилади, бу ҳали жуфтидан айрилган ёлғиз лайлакнинг қарғиши, палапонларининг қарғишига қолса ёмон бўлар-ов...

Чори бобонинг кўз ўнгидан ўғли Қулманнинг уч ўғли ва икки қизи ўтди.

– Ишқилиб қарғиш болаларига урмасин-да...

***

Мулла Содиқнинг Чори бобога раҳми келди, аммо қўлидан нима келарди, ич-ичидан эзилаётган қарияга қандай таскин берсин?

Мулла Содиқ охири деди:

– Энди бир гап, ўша лайлак уясини топинг, палапонларга хўрак беринг, фақат ўғлингизнинг молини сўйиб, нимталаб ташланг, зора, лайлаклар ҳам Оллоҳнинг яратгани, шафқат қилишар...

Чори бобо ўғлининг семизгина қўчқорини сўйиб нимталади ва халтага солиб лайлак уя қурган тут тагига сочиб ташлади. Шарпани сезган лайлак аввалига лаҳм гўштни чўқилаб кўрди ва бир бўлагини тумшуғига илиб уясига кўтарилди. Очиққан палапонлар бир зумда гўштни еб бўлишди. Лайлак яна пастга шўнғиди ва бояги ҳаракатини такрорлади.

– Хайрият, – дея Чори бобо тин олди, сўнгра ўзига-ўзи далда берди. «Эртага яна гўшт олиб келаман, қўй-эчкиси тугаса, сигирини сўйиб келаман, фақат, ўғлим, болалари омон қолса бўлгани!»

Орадан кунлар, ҳафталар ўтди. Чори бобо эса тинимсиз лайлак болаларига емиш таширди.

– Отангиз бу кетишда бизни кафангадо қилади, – деди шифтга қараб ётган Қулман овчига аёли...

– Ишинг бўлмасин, отам бир нарсани биладики, қилаяпти, агар эсон-омон шу балодан қутилиб олсам, қўлимга милтиқ ушламайман, йигит сўзим!

***

Ниҳоят Чори бобо ва унинг ўғли Қулман овчи, унинг оила аъзолари кутган кун ҳам келди. Лайлак болалари учирма бўлди. Лайлаклар мустақил ўлжа топадиган бўлишди. Ҳадемай кузак шамоллари эсиб бир-икки бор ёмғир ёғди. Кунларнинг бирида бешта лайлак Қулман овчининг ҳовлисини беш бора айланди ва Тангритоғ тарафга учиб кетишди.

Бомдод намозини ўқиб бўлган Чори бобонинг ёнига невараси ҳовлиқиб келди.

– Бобо, суюнчи беринг, отам юриб кетди, қўллари ҳам қимирлаяпти!

Бобо меҳр билан набирасининг пешонасини силади. Лайлакларнинг муруввати, шафқати учун шукроналар қилди.

Ўролбой ҚОБИЛ, таълим фахрийси

Информеры