2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ЙЎРҒА ТУВАЛОҚ

Баҳор фаслида табиат жуда очилиб кетади. Ҳавода ажиб ифорлар таралади. Дил яйрайди. Боғларни, тоғларни-ку қўяверинг, чўллар ҳам яшнаб кетади. Бепоён даштларда ажиб манзараларни кўрасизки, ке­йинроқ ёз ёки куз фаслида келсангиз бу ҳудудда баҳорда шундай ажойиботлар бўлганини тасаввур ҳам қила олмайсиз.

Бундай пайтда табиат ошуфтаси бўлган киши уйда ўтира олмайди, кўнгил табиат сингари яйрагиси келса керак-да… Мен ҳам кўнгил измига бўйсуниб, саёҳатга чиқиб кетганимни билмай қолибман. Шу ўзимизнинг Ғаллаорол туманидаги Тоғайтепа ва Суғумбой қишлоқлари кенгликларига…

Ҳаво артилган ойнадек тиниқ. Осмонда сўфитўрғайлар чириллайди. Муаллақ турганча қўшиқ куйлайди. Ҳайратингиз ошади. Қандай қилиб ҳавода муаллақ турар экан-а? Кейин дарров ерга қўниб, худди сувга чўккандек ғойиб бўлади. Узоқда тоғлар кўзга ташланади. Юраверсангиз яқинлашиб келаётганга ўхшайдию, яна диққат қилсангиз ўша жойда турганини кўрасиз.

Осмонда бургут пайдо бўлади. Назаримда у шу чўққилардан учиб келган. Ҳозир теварак-атрофда емиш кўп. Қушлар бола очяпти. Гоҳо чўл тулкилари кўзга ташланиб қолади. Шарпа сезилиши билан ўзларини панароқ жойга олишади. Бу жойдан узоқлашганингизда, уларнинг кузатиб турганини сезасиз. Сезасизу уларнинг туси ер рангида бўлганлигидан билинмайди.

Кутилмаганда рўпарамда бир қуш ўтиб қолди. Тувалоқ экан. Унга болалигимдан қизиқаман. У ҳақида кўп маълумотлар тўплаб алоҳида фотоальбом қилганман. Тувалоқнинг вазни бир килограмм­дан икки ярим килограммгача келади. Қанотларининг узунлиги 350-400 миллиметр. Патлари сарғиш, қум рангида, худди атайлаб чизиб қўйилгандек қорамтир йўл-йўл чизиқлари бор. Буталар орасида, даштдаги ялангликларда тезда кўзга ташланмайди. Унинг тез югуришини кўриб ҳайратингиз ошади. Соатига 35-40 километр тезликда югура олади. Югурганда бўйнидаги узун «ёқаси» – оқ патлари аниқ кўзга ташланиб, янада чиройли бўлиб, ялтираб кетади.

Афтидан буталар остида уяси бўлса керак, тез югурди-ю, ортидан бормаганимни кўриб тўхтади. Кейин қаёққадир йўқолиб қолди. Буталар тагида уяси бор экан. Бир жуфт тухум, биттаси очиб чиқибди. Палапон ожизгина чи­йиллайди. Демак, она тувалоқ мени кўриб, чалғитиш учун уясидан чопиб чиққан. Нар тувалоқ овга кетган бўлса керак. Одатда мода қуш тухум босади, нар эса жуфти учун ризқ териб келади. Улар ковул мевалари, шувоқ поялари, шунинг­дек, калтакесак ва турли ҳашаротлар билан озиқланади.

Орадан кўп вақт ўтмай нар тувалоқ ҳам пайдо бўлди. Энди бир жуфт тувалоқ атрофимда айлана бошлади. Палапонларининг хавф остида қолаётгани уларга тинчлик бермасди. Мен бу ердан узоқлашганимда улар тинчиб қолишди.

Йўлда кетаяпману ўйлайман. Тувалоқлар камайиб кетганлиги учун «Қизил китоб»га киритилган. Кўпайтириб, яна табиатга қўйиб юборишса, балки шунда кўпайиб кетармиди…

Ўша куни шу хаёллар билан саёҳатдан қайтдим. Қайтдиму тувалоқларни хаёлдан чиқариб бўлмади. Палапонлар ва она қушнинг атрофимда нолакор айланиши кўз олдимдан кетмайди. Шундай кунларнинг бирида танишим Маматқул Жумановни учратиб қолдим. У ҳам табиат шайдоси. Унга дардимни айтдим…

– Ҳа, бу иш қилиняпти, – деди Жиззах вилояти овчилар ва балиқчилар жамияти раиси Маматқул ака Жуманов хотиржам. – Йўрға тувалоқлар махсус инкубаторларда очирилиб, парваришланиб, сўнг табиатга қўйиб юборилмоқда. Табиат – инсонлар учун берилган бебаҳо инъом. Шундай экан атроф-муҳитни, яъни келажагимизни муҳофаза этиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи лозим.

Шу билан кўнглим хотиржам тортди. Табиатни асраётган одамлар борлигидан, табиатни асрашга эътибор қаралаётганидан хурсанд эдим. Ахир табиат билан барчамиз бир бутунмиз. Шундай. Ўзлигимизни асраяпмиз.

Тувалоқнинг 11 уруғга мансуб 24 тури бор. Ўзбекистонда 3 тури – тўхтатувалоқ, бизғалдоқ ва йўрға тувалоқ учрайди. Улар Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ларига киритилган.

Холиёр ОЧИЛОВ,

Ғаллаорол туманидаги 29-умумтаълим

мактабининг олий тоифали биология фани ўқитувчиси

Информеры