2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ҚАҲРАТОН СОВУҚ ВА САЛҚИН ЁЗ БЎЛИШИ МУМКИНМИ?

Сайёрамизнинг ўртача йиллик ҳарорати кўп омилларга боғлиқ, шулардан энг муҳими Қуёшдан заминимизга келаётган иссиқлик ва ёруғликдир. Бу миқдор доимий бўлиб 1365 Вт/м2 га тенг.

Тарихда Қуёшдан келаётган доимий миқдор қуёш спектрининг юқори частотали ва корпускуляр қиймати ҳисоби бор-йўғи 6% га ўзгарган. Бу 6% – қуёш энергияси атмосферанинг юқори қатламларида ютилиб, мураккаб ўзгаришлардан кейин Ерга тушади.

Қуёш фаоллиги даврий характерга эга ва йирик сайёраларнинг тортиш кучига боғлиқ. Бундан ташқари, Ердаги ҳарорат, Ер сайёрасининг Қуёш атрофида ҳаракатланиш траекторияси ва  Ойнинг таъсир кучларига боғлиқ. Кўриб турибмизки, Ердаги иқлимни мураккаб ансамбллар аниқлаб беради.

Сизда шундай савол туғилиши мумкин: атиги – 6% энергия сайёрамиз иқлимининг ўзгаришига қандайдир таъсир кўрсатиши мумкинми?

Охирги икки аср давомида Қуёш фаоллиги ошиб борди. Биз глобал исиш гувоҳи бўлаяпмиз. Кўпчилик олимлар буни саноатдаги инқилоб натижасида атмосферага СО2 нинг катта миқдорда чиқиши оқибатида, дейишмоқда. Шубҳасиз, иссиқхона газлари иқлимнинг исишида ўз ҳиссасини қўшади. Лекин фикримизча, иқлимнинг исиши қуёш фаоллиги билан боғлиқ бўлган ҳамда мунтазам қўшилиб турган ўша озгина энергиядир.

Сабабини XVII асрлар иқлими таҳлилида кўрамиз. Ўша даврда Қуёш фаоллиги 0 га тушиб қолган эди. Қуёшда бирорта ҳам доғ бўлмаган вақтлар бўлган. Бундай давр қуёш фаоллигининг Маундеровский минимуми дейилади. Бу даврда Ер шари «ўша» – 6% энергияни ола билмаган. Ўша даврда Голландияда каналлар музлаб, яхмалак учадиган жойга айланган, Москвада ёз фаслида қор ёққан.

Бундай совуқ даврлар Марказий Осиё ва Афғонистонда 1650 йилнинг  қиш фаслида кузатилган. Бу тўғрида тарихчи Муҳаммад Юсуф Муқимий қуйидаги маълумотларни қолдирган: «Аҳоли қаҳратон совуқдан қутулиш учун ёнадиган барча нарсаларни – чодирларини, камон ва ўқларининг ёғоч дасталарини, палансин ва бошқа бор нарсаларини ёқа бош­ладилар. Чунки Аллоҳ иродаси бу одамларни йўқ қилишни белгилаган. Совуқ авж олиб, уларнинг ҳаёт чироқларини Аллоҳ қаҳрининг бўрони билан ўчирарди». Бу сўзлар Балх шаҳрини қамал қилган Шоҳжаҳон аскарлари ҳақида эди.

Қаҳратон совуқлар 1692 – 1693 ва 1695 – 1696 йилларда ҳам қайд қилинган. Бунга яна кўп­лаб мисоллар келтириш мумкин. Тарихчилар Амир Темур даврида ҳам қиш қаттиқ совуқ келганини, буюк саркарда Амир Темур кучли шамоллашдан вафот этганини ёзадилар.

Бугунги кунда астроном олимлар Қуёш фаоллиги тушиб бориши оқибатида келаётган 25 цикл – Маундеровский минимуми каби бўлишини башорат қилишмоқда. Демак, ўтмишдаги совуқ даврларнинг такрорланиши ва Ўзбекистон иқлими ўтган даврлардагидан ҳам совуқроқ бўлиши мумкин.

Олимлар томонидан Қуёш ва Ой ҳадларини қамраб олувчи 17 та компонент бўйича ишончли ҳисоб-китоблар қилинган. Тошкент метеообсерваторияси архиви маълумотлари асосида Тошкент шаҳри бўйича ўртача йиллик ҳароратни аниқласа бўлади.

Оптималлаштириш методидан фойдаланиб, ҳар бир 17 та компонентнинг фазаси ва амплитудасини аниқлаб, модель қаторининг ҳақиқий қатордан катта фарқ қилмайдиган ҳолатига эришиш мумкин. Натижада модель қатори янада узайтирилса, масалан, 2100 йилгача узайтирсак, нимани кўришимиз мумкин? 2020 йилдан бошлаб Тошкентда ҳарорат пасая боради ва абсолют минимум 2080 йилда кузатилиши мумкин.

Келажакда қаҳратон совуқ ва салқин ёз бўлиши эҳтимоли бор.

Охирги йилларда дунёда содир бўлаётган табиий  офатлар (катаклизмлар) мазкур прогнознинг тўғри бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Тамара АҲМЕДОВА,

Гидрометеорология

илмий текшириш

институти директори

вазифасини бажарувчи.

Алек СТАРОВАТОВ,

физика-математика

фанлари номзоди.

Информеры