2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АБУ АЛИ ИБН СИНО (980 – 1037)

УЛУҒ АЖДОДИМИЗ

 дунёнинг буюк мутафаккирлардан бири — Абу Али ибн Сино Бухоронинг Афшона қишлоғида, ҳижрий 370 (980) йилнинг сафар ойида туғилди. 986 йилда ибн Сино оиласи Бухорога кўчиб келади ва шу вақтдан бошлаб ёш Ҳусайн бошланғич маълумот олишга, илм-фанни ўрганишга киришади.

Европада Авиценна номи билан машҳур бу зот ўн ёшидаёқ Қуръони Каримни бошдан оёқ ёд ўқир эди. 13 ёшларидан математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғулланади. Ибн Сино ёш бўлишига қарамай, Абу Абдуллоҳ Нотилий раҳбарлигида фалсафани, Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийдан тиббиёт илмини ҳар томонлама ўрганади, табиблик билан ҳам шуғулланади. У ўзидан аввал ўтган Шарқ мутафаккирларининг асарларини чуқур ўрганиш билан бирга, қадимги юнон табиий-илмий, фалсафий меросини, хусусан Аристотель, Евклид, Птолемей, Гален, Гиппократ, Пифагор, Порфирийларнинг асарларини ҳам қунт билан ўрганди.

16-17 ёшидаёқ ибн Сино машҳур табиб — ҳаким бўлиб танилди.

ХОРАЗМДА

Маъмун академиясида Беруний, ибн Мискавайҳ, Абу Саҳл Масиҳий, Абулхайр Ҳаммор, Абу Наср ибн Ироқ каби етук олимлар билан танишди. Лекин бу даврда кучайиб бораётган Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб, Хоразмни ташлаб кетишга ва Хуросон, Эроннинг турли шаҳарларида сарсон-саргардонлиқда юришга мажбур бўлди. Нишопур орқали Журжон шаҳрига келган ибн Сино ҳоким Қобус ибн Вашмгир саройида машҳур табиб сифатида яшади, бўлажак шогирди Жузжоний билан танишди. 1019 – 1021 йилларда Ҳамадонда вазир лавозимида хизмат қиларкан, ҳоким билан келиша олмай, 4 ой қамоқда ётиб чиқди. 1023 йилда Исфаҳонга қочди ва бутун умрини илмий асарлар ёзишга бағишлади.

Ибн Синонинг «Китоб ал-қонун фит-тибб», «Китоб ун-нажот», «Китоб ул-инсоф» каби машҳур асарлари, гео­метрия, астрономия, ўсимлик, ҳайвонот олами, мантиққа оид рисолалари, «Ҳайй ибн Яқзон» фалсафий қиссаси сўнгги йилларда ёзилган.

У Исфаҳонда расадхона қуриш билан машғул бўлди. Умрининг сўнгги йилларида феодал урушлар кучайиб кетганлиги, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзи ҳам фаол қатнашганлиги туфайли у Исфаҳон, Рай, Ҳамадон шаҳарлари орасида сарсон-саргардонлиқда юриб, 1037 йил 18 июнда Исфаҳон шаҳрида 57 ёшида қулунж касаллигидан вафот этди.

УЛУҒ ТАБИБ

асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган, холос. Унинг бизга маълум бўлган катта асари «Китоб уш-шифо» («Шифо китоби») 22 жилддан иборат бўлиб, 4 та катта бўлимини мантиқ, физика, математика, метафизикага доир масалалар эгаллаган. Унинг айрим қисмлари лотин тилига, Оврўподаги бошқа тилларга, Шарқ тилларига, шунингдек, рус, ўзбек тилларига таржима қилинган.

Аристотель (Арасту) таълимоти хусусида Абу Райҳон Беруний билан ва шогирди озарбайжонлик мутафаккир Бахманёр билан ёзишмалари фан оламида машҳур. Айниқса, табобат, у билан боғлиқ ҳолда анатомия, психология, фармакология, терапия, хирургия, диагностика, гигиена каби илмлар ибн Сино ижодида бир қанча янги ихтиролар билан бойиди ва янги босқичга кўтарилди. Булардан ташқари, кимё, минералогия, астрономия, математика, ўсимлик дунёси, геологик жараёнларни ўрганиш соҳасида ҳам у янги-янги фикрларни олға сура олди.

ТИББИЁТГА ОИД

қомусий асари «Китоб ал-қонун фит-тибб» 5 мустақил катта асардан таркиб топган.

Биринчи китобда тиббиётнинг назарий асослари, унинг предмети, вазифалари, бўлим ва методлари, касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари, соғлиқни сақлаш йўллари, киши анатомияси ҳақида мазмундор, аниқлиги билан кишини таажжубда қолдирувчи қисқача очерк, соғлиқни қандай сақлаш кераклиги ҳақидаги таълимот (кейинчалик гигиена деб номланган) баён этилади.

Оддий дориларга бағишланган иккинчи китобида 800 га яқин дорининг хусусиятлари, уларни тайёрлаш ва истеъмол қилиш усуллари баён этилган. Ибн Сино симоб, унинг бирикмаларини дори қилиб ишлатишни биринчи бўлиб тавсия этади, шаробни қувватга киритувчи, жароҳатларни тозаловчи дори сифатида ишлатади.

Учинчи китобда айрим органлар (ҳатто соч, тирноқлар)нинг касалликлари, уларни даволаш усуллари баён этилади, уни махсус патология дарслиги деб атаса ҳам бўлади. Бу китобда бош мия, нерв, кўз, қулоқ, бурун, томоқ, қорин, тиш, юрак, жигар, буйрак касалликлари батафсил таҳлил қилинади.

«Қонун»нинг тўртинчи китоби организмнинг умумий касалликларига бағишланган. Унда иситмалар, ўсмалар, уларнинг сабаби, жарроҳлик касалликлари, (суяк синиши, чиқиши, жароҳатланиш) ва уларни даволаш усуллари, ҳар хил дорилардан заҳарланиш ва бунда кўриладиган чоралар тўғрисида маълумот берилади. Чечак, қизамиқ, мохов, тоун, вабо ва бошқа юқумли касалликлар тафсир этилади.

«Қонун»нинг бешинчи китобида мураккаб дориларнинг организмга таъсири, уларни тайёрлаш, истеъмол қилиш усуллари баён қилинган. Бу китоб доришунослик илмига — фармакологияга бағишланган.

«Қонун» 800 йил давомида ҳакимлар учун асосий қўлланма бўлиб келди. Ўрта асрларда «қонун» шарқдагина эмас, балки Ғарб мамлакатларининг университетларида ҳам талабалар учун тиббиётдан ягона қўлланма эди.

«КИТОБ УШ-ШИФО»

асарида турли тиббиёт илмларига: ботаника, геология, минералогия, астрономия, математика, кимёга оид кўп маълумотлар келтирилади. Унинг тоғларнинг вужудга келиши, ер юзасининг даврлар ўтиши билан ўзгариб бориши, зилзиланинг сабаблари каби турли жараёнлар ҳақидаги фикрлари кейинчалик геология илмининг мустақил равишда ривож топишига катта таъсир кўрсатди. Айрим жойларнинг бир вақтлар денгиз бўлганлиги, шу сабабли қаттиқ қатламларда турли денгиз ҳайвонларининг излари сақланиб қолганлиги ҳақида ҳам турли мисоллар асосида фикр юритилади; метеоритлар, вулқонлар ҳақида маълумотлар келтирилади. Минералогия илмининг ривожида ҳам ибн Синонинг хизмати катта.

ИБН СИНО

ижтимоий-фалсафий масалаларда Форобий қарашларини давом эттирди, илғор фалсафий оқимни янги табиий-илмий фикрлар билан бойитиб, тизимлаштирди ва янги босқичга кўтарди.

Ибн Сино ижодида фаннинг структурасини текшириш, илмларнинг тартибини аниқлаш, уларни тасниф қилишга эътибор алоҳида ўрин эгаллайди. Бу масалада ҳам олим Форобий бошлаб берган фанлар таснифи ҳақидаги масалани янада тараққий эттиришга ҳаракат қилади.

 «Мантиқ, — деб ёзади ибн Сино,— инсонга шундай бир қоида берадики, бу қоида ёрдамида инсон хулоса чиқаришда хатолардан сақланади». Мантиқ ёрдамида инсон ҳақиқий билимни ёлғондан ажратади ва номаълум нарсаларни ўрганади. У мантиқ илмини тадқиқ этишга катта эътибор беради, унга махсус рисолалар бағишлайди.

МАНТИҚДАН ТАШҚАРИ

барча қолган илмларни ибн Сино табиат ва ижтимоий ҳодисалар ҳақидаги илмлар сифатида ўзининг «Ақсом ул-улум ул-ақлийа» («Ақлий билимлар таснифи») асарида алоҳида-алоҳида санаб, таъриф бериб ўтади.

Ибн Сино жамият кишиларнинг ўзаро келишуви асосида қабул қилинадиган адолатли қонунлар ёрдамида бошқарилиши лозимлигини таъкидлайди. Жамият аъзоларининг ҳаммаси бу қонунга итоат этишлари, қонунни бузиш ва адолатсизлик жазоланиши, башарти подшонинг ўзи адолатсизликка йўл қўйса, халқнинг унга қарши қўзғолони тўғри ва жамият томонидан қўллаб-қувватланмоғи лозим.

Ибн Сино ўзининг кўп тармоқли маҳсулдор ижоди, бой мероси билан бутун Шарқ ва Европадаги маърифат, маданият тараққиётига катта таъсир кўрсатди. У «Шайх ур-раис», «Олимлар бошлиғи», «Табиблар подшоҳи» каби энг буюк номларга сазовор бўлди.

Ибн Сино машҳур мураббий сифатида Абу Убайд Журжоний, Умар Исфаҳоний, Муҳаммад Шерозий, Аҳмад Маъсурий, машҳур Озарбайжон мутафаккири Бахманёр ибн Марзбон, Юсуф Ийлоқий, ажойиб олим ва шоир Умар Ҳайём каби шогирдларини тарбия­лади. Уйғониш даври миниатюра ва суратларида ибн Сино машҳур қадимги юнон олимлари Аристотель, Гален, Гиппократ, Птолемей, Эвклид билан бир қаторда тасвирланган.

Ўсимликларнинг биринчи илмий таснифини яратган табиатшунос Карл Линней доимо яшил бўлиб турувчи бир ўсимликни ибн Сино шарафига «Авицения» деб атади.

Фазлиддин МЕЛИЕВ 

Информеры