2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕК ЭЛИДА ЎКСИК ФАРЗАНДЛАР БЎЛМАГАЙ

Дунёни меҳр асрайди, дейишади. Дарҳақиқат, меҳру мурувват борки, имон-инсоф бор, одамийлик бор, шафқат бор. Меҳр берсанг қадр топасан, деб бежиз айтишмаган. Негаки, меҳр кўриб улғайган инсон муҳаббатга ошно, атрофидагиларга ғамхўр бўлади. Зеро, меҳр ёвузлик билан шафқат ўртасини тўсиб тургувчи сеҳрли девордир. Ҳа, меҳр отлиғ бу тенгсиз туйғу инсон учун ҳар онда, ҳар қадамда керак. Меҳрибонлик уйларида бўлганингизда, бу ҳақиқатни янада теран ҳис этасиз.

Орзулар оламидаги болажонлар

А.Б. Хлебушкина номидаги 22-сонли меҳрибонлик уйидамиз. Ташриф буюрган одам ўзини мўъжазгина замонавий шаҳарчада ҳис этади. Болаларга яратилган шароитдан кўнглингиз яйрайди, кайфиятингиз кўтарилади. Бу ерда вилоятлардан келтирилган меҳрга муҳтож ўғил-қизлар давлатимиз, халқимизнинг меҳр қўри остида вояга етмоқда. Бири биридан иқтидорли, билимдон болажонлар.

Ушбу даргоҳга келувчилар, ўғил-қизларнинг кўнглини кўтаришни истовчи мурувватли инсонлар беҳисоб. Бироқ бизнинг ҳарбий хизматчиларимиз кириб боришганида уларнинг кўзларида ўзгача қувонч ва ҳаяжонни ҳис қилдим. 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Тошкент ҳарбий округи ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорликда амалга оширган бу ташриф, меҳрибонлик уйи болалари учун чиндан-да байрам совғаси бўлди. Айниқса, учрашув жараёнида ҳарбий хизматчиларимиз томонидан, «Ораларингда Ватан ҳимоячиси бўлишни истовчилар борми?» дея савол берилганида ўғил болалардан кўпларининг қўли баланд кўтарилди. Улар ҳарбий акалари билан орзулари борасида дилдан ўртоқлашишди, ҳарбий бўлиш учун нималарга эътибор қаратиш хусусида маслаҳатлар олишди.

 Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари томонидан тайёрланган, миллий маданиятимиз акс этган бадиий кўргазма барчада катта таассурот қолдирди. Болажонларга байрам совғалари топширилди.

 «Ватан – менинг онамсан»

Меҳмонлар шу куни Юнусобод туманидаги 23-сонли меҳрибонлик уйида ҳам бўлишди. Болаларга яратилган шароит билан яқиндан танишиб, суҳбатлар ўтказишди.

 Ватан – менинг онамсан,

 Меҳринг қалбим йўргаги.

 Сен-ла ҳамдам ҳамнафас,

 Урар жажжи юрагим.

 Тарбияланувчи Робия Жўраеванинг Ватан ҳақидаги шеъри барчани тўлқинлантириб юборди. Шундан сўнг, қизалоқлар бирин-кетин ватанпарварлик мавзусидаги шеърларни ўқий кетишди. Айниқса, уларга китоблар топширилганда қувонганларини кўрсангиз эди.

 – Болалар учун энг яхши совға китоб, – дейди меҳрибонлик уйи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Наргиза Зияева. – Улар дарсдан бўш пайтлари турли тўгаракларга қатнашиш билан бир қаторда, китоб мутолаа қилишади. Болаларимизнинг ичида иқтидорлилари, турли мусобақа ғолиблари жуда кўп. Қувонарли томони, Жамшид Асадов мураббийлик қилаётган футбол жамоаси дунёдаги меҳрибонлик уйлари ўртасида ўтказилган 24 та жамоа ўртасидаги беллашувда жаҳон чемпиони бўлди. Яъни май ойида Москвада ўтказилган мусобақада ғолибликни қўлга киритиб қайтишди. Айни дамда меҳрибонлик уйи­даги «Ёш қутқарувчилар» жамоаси Беларуссияда ўтказиладиган мана шундай беллашувга тайёргарлик кўришмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг ташрифи, ватанпарварлик руҳидаги суҳбати эса ўғил-қизларимизнинг ўзига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

 Меҳр – умр зиёси

Капитан Сарвар Исмоилов бош­чилигидаги ҳарбий хизматчилар Ўлмас Камолов директорлик қилаётган 21-сонли меҳрибонлик уйида бўлишди. Меҳр – умр зиёси, деб бежиз айтишмаган. Тарбияланувчилар меҳмонларни илиқ қарши олди. Ўртадаги суҳбат самимий кечди, болажонлар келажак орзулари билан ўртоқлашишди. Уларнинг миннатдор қиёфасидан Ватан ҳимоячиларига бўлган меҳр ва ишончни англаш қи­йин эмасди.

 Ҳарбий хизматчилар томонидан болажонларга топширилган совға-саломлар эса ўғил-қизларнинг кайфиятини янада зиёда этди.

Зулфия ЮНУСОВА

Информеры