2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КЎНГИЛ БОҒИН НУРАФШОН АЙЛАБ

Меҳрга, мурувватга муҳтож инсонларга ғамхўрлик қилиш –  инсонийликнинг энг юксак кўриниши. Зотан, озгина эътибордан, шафқатдан, меҳрнинг тафтидан кўнгиллар осмон қадар юксалади. Яхшилардан яхшилик кўрган инсоннинг яшашга, ҳаётга муҳаббати ортади. Йиллар ўтиб у ҳам ортидан яхши ном қолдиришни истайди, хайрли амалларни ҳаётининг мазмунига айлантиради. Шундай қилиб яхшилар сафи кенгаяверади, яхшиликлар қулоч ёзиб бораверади. Аслида бизнинг ўзбеклигимиз ҳам бошқаларга меҳр-шафқатли эканлигимизда, эзгу амалларни муборак санаб ҳамиша юрагимиз тўрида асраб юришимизда, бир-биримизга саховат кўрсатиб, қадримизни баланд сақлаб келаётганимиздадир. Ҳурмат-иззатда бошқаларга ибрат бўладиган бу фазилатлар бизга авлод-аждодларимиздан мерос бўлиб келяпти.

Қадимий қадриятларимиз саналадиган хайрли ишга ҳарбийлар ҳам одатланишган. Биз газетамизда ҳарбий хизматчиларнинг меҳрибонлик уйларига қилаётган ташрифи ҳақида, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига кўрсатаётган эътибори хусусида кўп ёзамиз. Бундай тадбирлар давомли бўлаяпти. Яқинда подполковник О. Маъмуров командирлик қилаётган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ҳам шундай хайрли ишга бош қўшди. Ҳарбий қисм Ёшлар иттифоқи фаоллари майор Ҳасан Ҳасанов, капитан Ермекбай Асанов, сержант Нодира Бозорова бошчилигидаги бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Тошкент вилояти, Қуёшли  қўрғонида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу билан бирга ногирон фарзандлари бор оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ёрдам  кўрсатишди. 

– Доимий равишда ҳолимдан хабар олаётган ҳарбий хизматчилардан миннатдорман, – дея қувониб сўзлайди 15 ёшни қарши олаётган Абдумалик Обиджонов. – Улар хонадонимизнинг қадрли меҳмонига айланган. Мен уларни яхши кўраман. Уларнинг оиламизга, менга кўрсатаётган  ғамхўрлигини, мурувватини ҳеч қачон унутмайман...

– Мен мана шундай меҳрли инсонлар тимсолида тинч ва фаровон Ватанимизнинг, оқибатли ватандошларимизнинг қиёфасини кўраман, – дейди Суннатилла Неъматжонов. –  Бугунги ташриф кўнглимни чароғон қилди. Мен ёлғиз эмаслигимдан, атрофимда мен учун жон куйдирадиган инсонлар борлигидан беҳад шодман.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры