2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АВТОБУС: ЧИРЧИҚДАН ТИББИЙ КЎРИККА ҚАДАР

Пойтахтимизнинг равон кўчалари бўйлаб автобус елиб боряпти. Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилувчи ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтиш учун келаётир.

Ҳукуматга қарашли бўлмаган «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасининг Тиббий ижтимоий марказидаги кўрикда бу гал юздан ортиқ ҳарбий хизматчининг оила аъзолари иштирок этди.

Кўрикка келганлар замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган хоналарда терапевт, педиатр, офтальмолог, гинеколог, эндокринолог, ультратовуш текшируви, лор, электрокардиография текшируви, ортопед мутахассислар томонидан тиббий текширувдан ўтказилди. Шу билан бирга, тиббий маданиятни оширишга бағишланган мавзуларда маърузалар тингланди.

– Болаларим билан келиб, тиббий кўрикдан ўтамиз, – дей­ди подполковник Бахтиёр Саидовнинг рафиқаси Зулхумор Аъзамова. – 3 нафар фарзандимиз бор. Болаларим спорт билан шуғулланишади. Уларнинг саломатликларини назорат қилиб боришда, спортга мунтазам қатнашида бу каби тиббий кўрикларнинг аҳамияти катта.

– Кўриш қобилиятимдаги ўзгаришларни шу тиббий кўрикдан ўтиб билдим, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Бегзод Холмуродовнинг турмуш ўртоғи Ситора Шоҳбоева. – Тажрибали шифокор офтальмолог Елена Белолипованинг кўрсатмалари ва тавсияларига асосан энди даволаш чораларини олиб бормоқчиман. Бу ердаги шароитлар менга ёқади.

Бола қалбини тушунувчи, сўзи ширин, тажрибали шифокорлар шу куни барчани бирдек тиббий кўрикдан ўтказишди. Беэътиборлик, ҳафсаласизлик билан соғлиғига путур етказаётганлар бир муддат сергак тортишди. Тиббий кўрикка ҳам саёҳатга келгандек ошиққан болакайларнинг қий-чуви билан ортга қайтаётган автобус ойнасида эса фарзандларининг соғлиғидан мамнун оналарнинг қиёфалари акс этди.

Наргиза АСАДОВА

Информеры