2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ШИФОКОРЛАР – МАҲАЛЛАДА

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали мутахассислари пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги «Боғимайдон» маҳалласида бўлиб, туман оилавий поликлиникаси билан ҳамкорликда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди.

Госпиталь бошлиғининг ўринбосари тиббий хизмат полковниги Баҳодир Абдул­аҳатовнинг маълумот беришича, патронаж тадбирига ўнта энг малакали мутахассис жалб қилинди ҳамда 170 га яқин фуқаронинг тиббий ҳолати ўрганилди. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга дори-дармон, гигиена воситалари тарқатилди. Шунингдек, келгусида бу каби тадбирларга аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда зарур дори воситалари рўйхати шакллантирилади.  

– Соғлиққа нисбатан бебаҳо бойлик таърифини қўллаймиз, – дейди Дилшод Маҳмудов. – Бежизгамас. Тан сиҳатликдагина хурсанд­чилик татийди-да. Оила аъзоларим билан ҳарбий шифокорлар кўригидан ўтдик. Хушмуо­мала мутахассислар ташхис қўйиш баробарида муолажа борасидаги маслаҳатларини ҳам бердилар.

– Турмуш ташвишлари билан бўлиб баъзан ўзимизга вақт ажратолмай қоламиз, – дейди Роҳат Бердиқулова. – Натижада шифокор кўригига бориш ёки безовта қилаётган масалалар бўйича йўл-йўриқ сўраш ортга сурилиб кетади. Бунинг жабрини ҳам албатта ўзимиз чекамиз. Баъзан оддийгина, бир-икки кунда ўтиб кетадиган бетоблик узоқ муддатга чўзилиб кетади. Ачинарлиси, унинг асоратлари ҳам қолади. Шифокорлар соғлом турмуш тарзи, доимий тиббий кўрик саломатлик гарови эканлигини яна бир ёдимизга солиб, тиббий билимларимизни бойитишди.  

Шифо улашиш – савобли иш. Саломатлик посбонлари хизмат жойлари – тиббиёт муассасасига кўнгли чоғ бўлиб, кимнингдир кўнглига оро кирганидан мамнун ҳолда қайтгани шубҳасиз. Айтганча, у ерда ҳам уларни беморлар кутишмоқда.

Абдулла ҲОТАМОВ

 

Информеры