2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ОҚ ЛАЙЛАКЛАР

Оқ лайлаклар барака, эзгулик ва меҳр-оқибат тимсоли, юртга фаровонлик, рўшнолик келтиради. Қанотларидаги узун парлари ўзгача чирой бағишлаб турувчи бу қушлар инсонларни яқин тутади. Қишлоқ аҳолиси ҳам уларга меҳрибон, бегоналардан қўриқлайди.

Баҳор келиши билан самода парвоз қилаётган оқ лайлакларнинг шовқин сурони бир дам тўхтамайди. Содда ва юввош бўлган бу қушларда ўзаро муносабатлар ишончли тус олади, бир-бирига меҳр кўрсатиб, омонлик тилашади. Кўпайиш мавсуми улар учун катта аҳамиятга эга. Шундан сўнг улар учун масъулиятли дамлар бошланиб, симёғоч, минора ва масжид томлари устига ин қурадилар.

Юртимизга жанубдан учиб келган оқ лайлаклар ҳар йили уя қурган жойига қайтиб келади ва ошиён қуришда катта куч сарфлайди. Симёғочдаги уя бесўнақай бўлса-да, ишончли ва мустаҳкам. Беозор жониворлар ҳар йили инларини янги чўплар билан тўлдириб туради. Турли чўпларни бир-бири билан боғлаб орасига лой қўяди, ичига похол ва газлама қолдиқларини тўшайди.

Биз Зарбдор туманидаги Тоғайтепа ва Сутбулоқ қиш­лоқлари ҳудудидан оқиб ўтувчи «Наврўз» канали соҳилларида бўлганимизда эндигина ниш ураётган ўсимликларнинг ўнлаб турларини учратдик. Кундан-кун ҳарорат кўтарилиб, яшил либосга бурканган дов-дарахт, ўт-ўлан ва анвойи гулларнинг ажойиб манзарасини кўриб кўзингиз қувнайди.

Оқ лайлаклар эрталаб ва кечқурун фаол бўлишади. Озуқанинг мўллиги бошқа турдаги қушларни ҳам емиш билан таъминлайди. Қишлоқлар кўркам ва хушҳаво. Аҳолининг яшаш тарзи ҳам ўзига хос.

Оқ лайлаклар тухумдан чиққан полапонларининг эҳтиёжига эътиборсиз эмас. Уларни чувалчанг, қисқичбақа, моллюска каби сув ҳашоратлари билан озиқлантиради. Майда бақалар ҳам эътибордан четда қолмайди. Шу тарзда кундан-кун кичкинтойлар қанот чиқариб, улғайиб боради. Катталар эса хавфдан огоҳ бўлиб туришади. Уларда ота-оналарга хос фидойилик мужассам.

Бир куни танаси совуқ ва кўримсиз илон симёғочга тирмашиб уядаги полапонларга таҳдид солмоқчи бўлади. Тепада «ға-ға»лаб бир зум ҳам нари кетмаган лайлакларнинг қулоқни қоматга келтирувчи шовқин сурони оламни бузгудек. Кўп ўтмай бу нохушликдан хабар топган қўшни лайлаклар ҳам жар солиб, уя атрофида пайдо бўлишади. Охири ниятига эриша олмаслигига кўзи етган илон ортга чекинишга мажбур бўлади. Хавф бартараф этилиб, беозор қушлар хаёти яна ўз маромида давом эта бошлади.

Кичкинтойлар учишга шай, яшашга бўлган иштиёқи баланд. Улар ҳадемай ўзларини уддалаб кетишади. Энди кичик жамоада овқат топиш ва уни ташиш муаммоси йўқ. Бу эса жамоа аъзолари ўртасидаги муносабатларни шакллантириб боради.

Нигора ТЎРАҚУЛОВА

 

Информеры