2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ҲАРОРАТИМИЗНИ ОШИРАЁТГАН ҲАРОРАТ

Шу кунларда ҳамманинг оғзида бир гап. Ёш-у қари ҳавонинг исиб кетганидан шикоят қилгани-қилган. Ҳатто ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бундай иссиқда товада тухум пишириш мумкинлиги ҳам «исботлаб берилди».

Кимдир ҳаво ҳароратини 45 градусдан кам эмаслигини уқтирса, яна биров 50 градусдан келади. Оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинаётган об-ҳаво маълумотларига кўпчилик ишонмай қўйгани аниқ.

Хўш, бизнинг ҳаво ҳарорати ҳақидаги фикрларимиз қанчалик тўғри. Ўзгидромет бош синоптиги Ирина Зайцева кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб қайтарди.

– Ҳаво ҳароратининг кес­кин ошиб кетишига изоҳ берсангиз?

– Республикамизга кириб келган иссиқ ҳаво оқимлари натижасида ҳарорат сезиларли даражада кўтарилди. Корақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ҳарорат 44-45 даражага етди. Бу меъёрдан 5-7 даража юқори дегани.

– Бу ҳол ҳали давом этадими?

– 24 июлдан бошлаб марказимиз мутахассислари Ўзбекистон ҳудудига Қозоғистондан нисбатан салқин ҳаво кириб келишини айтмоқдалар. Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳудудимизнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 33-38 даражагача, жанубда эса 40 даражагача тушиши кутилмоқда. Салқин ҳаво оқими натижасида шамолнинг тезлиги кучайиб, секундига 15-20 метр тезликда эсади.

– Бу мамлакатимиз тарихидаги энг жазирама ёз, тўғрими?

– Ушбу жазирама ва юқори ҳарорат рекорд даражада эмас. Тошкентда энг иссиқ кун 1881 йилдан бери 1997 йилда қайд этилган. Ўшанда ҳарорат 44,6 даражани ташкил қилган. Бу рекорд мана 21 йилдан бери сақланиб турибди. Бу йилда энг юқори ҳарорат 10 июль куни  Тошкентда  42,6 даража билан қайд этилди.

Бутун кузатувлар давомида Республикамиз жануби ва чўл зоналари учун энг юқори ҳарорат 47-49 даража бўлган. Бу йил эса бу ҳудудларда 45 даража қайд этилди.

– Синоптиклар ҳавони пасайтириб айтмоқда, деган фикрлар кўп учраяпти. Шаҳардаги кўп сонли таблолар, маиший термометрлар кўрсаткичлари 50 даража ва ундан юқорини ҳам кўрсатди.

– Аввало ҳарорат қандай ўлчаниши ҳақида тушунчага эга бўлишимиз керак. Синоптиклар ҳаво ҳарорати тўғрисида гапирганларида маълум қоидаларга асосланиб сояда ўлчанадиган ҳароратни назарда тутадилар. Кўпчилик эса қуёш нурлари остида ҳароратдан хулоса чиқариб, аслида ҳарорат юқори деган нотўғри хулосага келадилар.

Аслида салқин жойларда ҳам, қуёш нурлари остида ҳам ҳаво ҳарорати деярли бир хил. Агар ҳароратни тўғри қуёш нурлари остида ўлчашга уринсак, термометр сояга қараганда анча юқори кўрсаткични қайд этади. Бироқ бу ҳаво ҳарорати эмас, балки қуёш нурлари ўлчов асбобини қиздирган ҳароратдир. У термометр қайси материалдан тайёрланганига қараб 50 даражани ҳам, 70 даражани ҳам кўрсатиши мумкин.

Қуёш нурлари остида бўлган инсон ер юзасидан кўтарилаётган ҳамда атрофдаги қизиган предметлардан чиқаётган энергия таъсирида иссиқлик босимини ҳис этади. Шунинг учун тик қуёш нурлари остидаги ҳарорат сояга қараганда анча юқоридек сезилади.

Бизнинг иссиқ иқлим шароитларида соя берадиган дарахтлар экиш, боғ ва хиёбонларни кўпайтириш муҳим. Бу шаҳарда қулай микроиқлим яратишга ва ёз иссиғини енгилроқ ўтказишга ёрдам беради.

Абдуллоҳ ЎТКИРОВ суҳбатлашди.

Информеры