2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТУРК СУЛТОНИ САЛИМ I

Майкл Ли Лэннинг «Юз буюк саркарда» китоби асосида тайёрланган навбатдаги мақоламизда сиз ўз даврининг улкан давлатларидан бири бўлган Усмонли империясини саккиз йил давомида бошқарган, душманларга ҳам, ватандошлари ва ҳатто қондош яқинларига ҳам шафқатсиз муносабатда бўлганлиги сабабли «Салим Ёвуз» лақабини олган тарихий саркарда Салим I нинг ҳаёти ва ҳарбий фаолиятига оид қизиқарли маълумотлар билан танишишингиз мумкин. Ўз ҳукмронлиги даврида Салим I Усмонли империяси сарҳадларини анча кенгайтирди ва қўшни Эрон салтанати қудратини яксон қилди, Сурия, Фаластин, Миср ва Кичик Осиёни бўйсундириш орқали мусулмон оламининг якка ҳокимига айланди.

Тахт учун шафқатсиз кураш

Усмонли турк империяси ҳукмдори Султон Боязид II нинг ўғли бўлмиш Салим 1470 йилда туғилган. Вояга етганидан сўнг отаси уни давлат ишларини ўрганиши учун Болқон вилоятига бошқарувчи сифатида юборади. Анча кексайиб қолган Боязид тинчликпарвар сиёсатни хуш кўрар, қўшни давлатларга нисбатан тажовузкорлик қилмас, фарзандлари орасида эса иккинчи ўғли Аҳмадга кўпроқ эътибор кўрсатар эди. Акасининг тахт вориси бўлишидан хавотирга тушган Салим кичик қўшин тўплаб, отасига қарши жангга киради. Аммо Боязид осонгина ғалабага эришади, Салим эса Қримга қочишга мажбур бўлади.

Бироқ, Салимнинг Туркиянинг азалий душмани бўлмиш форслар билан иттифоқ тузишидан хавфсираган Боязид ўз қарорини ўзгартиради ва 1512 йилда Салим фойдасига тахтдан воз кечади. Кўп ўтмай «Ёвуз» лақабини олган янги султон отасининг сахийлигига тахтга даъвогарлик қилиши мумкин бўлган барча ака-укалари ва жиянларини қатл қилиш билан жавоб беради. Сўнгра шиаликка қарши кураш шиори остида 1513 йилда унинг ҳукмига биноан салтанатда яшовчи 40-45 минг атрофидаги шиа мазҳабига мансуб фуқаролар қатл этилади.

Ҳукмронликни мустаҳкамлаш йўлида

Салтанат ичкарисида ҳукмронликни мустаҳкамлаган Салим кейинчалик унинг сарҳадларини кенгайтиришга киришади. Биринчи навбатда у ғарбий қўшнилар билан тинчлик битимлари тузади ва Шарқ томон юриш бошлашга қарор қилади. Бунда ўз вақтида акасини қўллаб-қувватлаган Эрон унинг биринчи қурбонига айланади. 1515 йилнинг 23 августида Эрон шоҳи Исмоил I ва султон Салим ўртасида Чолдирон водийсида бўлиб ўтган жангда ҳар бири тахминан 60 минг аскардан иборат икки қўшин тўқнашади. Ўқсочар қуроллар, яъни тўп, замбарак ва милтиқлар билан қуролланган турк армияси Исмоил I қўшинини бутунлай яксон этади. Шоҳ пойтахти Табризда бир неча кун қўним топган Салим I катта ўлжа билан Истанбулга қайтади. Унинг тезда ортга қайтишига қўшиннинг таъминот манбаларидан узилиб қолганлиги ҳам сабаб бўлади.

Сурия ва Миср Эрон шоҳи билан иттифоқ тузгани ҳамда Туркияга ҳужум қилишга шайланаётганидан хабар топган Салим 1516 йилда Сурияга бостириб киради ва иттифоқчиларга қаттиқ зарба беради. Шундан сўнг у Шарқий Анадўлу ва Курдистонни забт этади, Диёрбакр, Мосул, Мордин шаҳарлари туркларга таслим бўлади. Орадан оз фурсат ўтмасдан, Салим I Миср мамлуклари томон юришни бошлайди. 1516 йилнинг 24 августида Марж Добик майдонида туркларнинг турли калибрдаги тўплари зарбасига бардош беролмаган мамлукларнинг 60 минг кишилик армияси тор-мор этилади. Бу жангдан сўнг Ҳалаб, Айнтеба сингари қатор Шом шаҳарлари султонга бўйсундирилади.

Юксак шараф соҳиби

Кичик Осиё устидан ҳукмронликни қўлга киритган Салим ўзини Миср султони ва халифа, деб эълон қилади. Шундан сўнг, муқаддас Макка ва Мадинага йўл олган султон у ерда ислом оламининг йўлбошчиси ва ҳимоячиси сифатида юксак шараф ва иззат-икромга сазовор бўлади.

Салим I бошчилиги даврида Усмонли империяси Яқин ва Ўрта Шарқда ҳукмронликни ўз қўлига олган ҳолда, Эроннинг етакчилик ўрнини эгаллайди. Сурия ва Анадўлуда 1518 – 1519 йилларда юзага келган диний характердаги қисқа муддатли қўзғолонларни ҳисобга олмаганда, Салимнинг ҳукмронлигига бошқа ҳеч ким таҳдид қила олмайди. Мисрда мамлуклар давлатининг тугатилиши, Эроннинг сезиларли даражада кучсизланиши унга эътиборни Европа томонларга қаратиш имконини яратади. 1520 йилда Салим Испанияга денгиздан бостириб кириш мақсадида мағриблик машҳур қароқчи Барбаросса билан иттифоқ тузади. Аммо унга бу режани амалга ошириш насиб этмайди ва айнан шу йили 50 ёшли султон Салим I дунёдан кўз юмади.

Усмонли империяси ҳукмронлигига асос солган султон Салим I ўз даврининг энг қудратли армиясини яратиб, Яқин ва Ўрта Шарқдаги кучлар жойлашувини тубдан ўзгартирди. Золим ҳукмдор ва ўтакетган мутааcсиб бўлишига қарамай, у ўзини артиллерия, отлиқ ва пиёда қўшинларнинг ўзаро ҳаракатларини ҳавас қиларли даражада мувофиқлаштирган, қуллар, ёлланма аскарлар, мунтазам қисмлар ва кўнгиллилардан ташкил топган улкан армияни жипслаштирган ва бу армия билан катта муваффақиятларга эришган моҳир саркарда сифатида намоён этган.

П.САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

Информеры