Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

МУКАММАЛЛИК ВА КАФОЛАТ

(Конституция тарихига оид ҳикоялар)

Мўъжизавий куч

Инсон ҳаёти воқеалардан иборат. Уларнинг ҳар бирини қоғозга тушириб бўлмайди. Худди шу воқеалар жамиятни ҳам шакллантиради. Улар туфайли кеча бугунга, бугун эртага, эрта индинга ўхшамайди. Кимдир келаверади, кимдир кетаверади. Уни жараён деб атаймиз. Жамият мавжуд экан, ушбу ижтимоий ҳаракат ҳеч қачон тўхтамайди. Қуёш ва Ерни ҳозирги ҳолатида улар марказидаги қудратли қувват манбаи ушлаб туради. Жамият ҳаракатини таъминлайдиган, тартибга солиб турадиган қувват ҳам унинг қалбида (марказида) жойлашган. У норасмий мулоқот тилида «Умид» ва ҳозирги расмий ифодада «Конституция»дир. Унинг қудрати ҳаётимизда ҳар лаҳзада у қандай ҳолатда бўлса, шундайлигича намоён бўлиб туради...
У Турон заминида 4, 3, 2, 1 минг йил олдин ҳам мавжуд эди. Унинг ўтмиши – у мавжуд бўлган жамоа, миллатнинг тарихидир. Унинг олдида ҳоқонлар, шоҳлар, султонлар, амирлар, ҳукмдорлар тиз чўкканда жамиятда мўъжизалар содир бўлган, унинг қудрати кашф этилган.

Лашкарбошини дарралатган нақиб

Салжуқий султон Алп Арслон вазири Низомулмулкдан сиёсатга бағишланган китоб ёзишни сўраган эди. Ниҳоят, бир куни ўша китобни келтиришди. Султон уни варақлаб, бир жойида тўхтаб қолди ва ўқий бошлади:
«Эй султон, адолат нелигин билмоқчи, уни салтанатинг тутуғи этмоқчи бўлсанг, Маҳмуд Ғазнавийдан ўрнак ол. У тақдири баланд толеъли ҳукмдор, жамиятда олимлар ва илм паноҳи, ўз ҳаётида фақир, Тангрининг бандаси сифатида ошиқ эди.
Бир куни катта мажлисдан сўнг иштирокчиларга зиёфат берилди. Ичкарида базм узоқ давом этди ва кеч тушиб қолди. Бош лашкарбошида сархушлик аломатлари кўринди. Султон унга тунда бу аҳволда кўчага чиқмай, саройда қолишни маслаҳат берди. У кўнмади ва хизматкорлари билан йўлга отланди. Кўчада уларни миршаб тўхтатди. Унинг оҳ-воҳи ва ялинишларига қарамай, нақиб уни қонунга мувофиқ жазолади.
Эртасига у хизматга кечикиб келди. Уятда эди. Султон унинг аҳволидан хабардор бўлди ва: «Маслаҳатга қулоқ тутганингда, бу аҳволга тушмасдинг», деди. Нақиб унга дарра урдирган экан.
Маҳмуд қонун олдида бир фақир каби эди, ундан ортиқ эмасди».

1785 йил 10 июнь

Манғитлар сулоласи вакили Амир Шоҳмуродбий шу куни қирқ уч ёшида Бухоро давлати тахтига ўтирганди. Мамлакат оғир вазиятда эди. Қонунлар ҳаракати қарийб тўхтаган... ёки бир неча йирик амалдор манфаати учун хизмат қилдирилаётган, жамият қувватидан ажраб қолганди. Вазиятни ўнглашга ҳатто, авлиё мақомидаги шайхларнинг ҳам қурби етмасди. Ўзларига қўша-қўша қасрлар, оромгоҳлар қуриб олган амалдорлар, пулдорлар зоҳирда гуллаб-яшнаётгандай кўринарди. Аммо аҳвол биз тасвирлагандан ҳам ёмонроқ эди. Мамлакатда юзага келган бу аянчли ҳолатни шўролар даври олимлари ва хорижлик тадқиқотчилар ҳам тасдиқлайди. Ҳатто, янаям бўрттириб кўрсатишга уринишади. Айниқса, шўро олимлари шундай мураккаб вазиятда тахтга ўтирган Амир Шоҳмуродни: «Тулкидек маккор, илондек шафқатсиз ва ўта мутаассиб нодон эди. Ўзини фақир дарвешлардек кўрсатиб, халқ ишончини қозонмоқчи бўлди ва бунга бир қанча вақт эришди ҳам», деб ёзади. Манбалар бу борада бошқача сўзлайди.

Ҳаммол

Шоҳмуродбий шаҳарга Хоразмдан Шайх Сафар келганини эшитиб, унинг ҳузурига боради. У унга: «Сен золим ва золимзодадирсан. Шайх хизмати ва бу йўлдаги риёзатга қандай тоқат қилурсан?» дейди. Бироқ унинг қарори қатъий эди. У танлаган йўлидан қайтмаслигига шайхни ишонтиради ва шу кундан халқнинг назарида энг паст касб бўлган ҳаммоллик билан кун кечира бошлайди. Отаси Донийолбий бир неча бор уни бу йўлдан қайтаришга уринади. Унга ҳатто, давлат хазинасидан маош тайинлайди. Аммо у барча имтиёзларни рад этади. Таниганлар уни девона бўлган, деб гумон қилади.

Жазо

Донийолбий кексайиб, давлатни бошқаришга қийналиб қолганди. Бундан фойдаланган баъзи йирик амалдорлар хизмат мансабини суиистеъмол қилиб, аҳолига нисбатан зулмни беҳад кучайтириб юборади. Айниқса, Давлат қушбеги ва қози калон Саййид Низомиддин хожа ситамлари ҳаддидан ошиб кетади. Бир куни Шоҳмуродбий отасининг олдига хўфиёна киради ва бутун мамлакат Давлат қушбеги тасарруфига ўтиб қолгани ҳамда халқ хонавайрон бўлаётгани тўғрисида арз қилади. Отаси ўғлига: «Бу аҳволни мен ҳам фаҳмлаб турибман, лекин бирон чора кўришдан ожизман», деб жавоб беради. Шунда Шоҳмуродбий бу муаммони ҳал қилишни ўз зиммасига олади. У Қўқондан элчи келганини баҳона қилиб, қушбегини саройга машварат учун чақиртиради. Саройдаги махсус хоналардан бирида уни жаллод кутиб турарди. У Давлат қушбегини чавақлаб ўлдиради. Орадан кўп ўтмай, порахўр қози Саййид Низомиддиннинг бошига ҳам шу кун тушади.

Қонун ва ҳукмдор

Амир Шоҳмурод давлат тепасига келса-да, унинг шахсий турмуш тарзи деярли ўзгармайди. У бир йилда битта оддий кўйлак, битта олача чопон ва битта иштон кийган. Бошига бўз салла ўрарди. Оёғига эчки терисидан тикилган сахтиён махси ва кавуш кийган. Эгнидаги пўстинининг нархи икки тангадан ошмаган. Ҳамма либосининг нархи ўн (10) танга атрофида эди. (Энди қиёслаб кўринг, «Абдуллахоннинг шарқий мадрасаси» талабаларининг ойлиги 15 тангани ташкил этган). Ҳолбуки, давлатнинг жуда катта хазинаси унинг измида эди.
Унинг одатий овқати арпа нон, атала ва ёвғон шўрва эди. Пичоқ қини ясаб тирикчилик қиларди. Ҳар куни жузйа солиғидан бир танга олиб, оиласи заруратига ишлатган.
Шоҳмуродбий ҳаракатдан тўхтаб қолган жамият қонунларини ибратли ҳаёти билан туртки бериб, қўзғаб юборганди. Натижада давлат тизими ва ижтимоий ҳаётда тартиб-интизом қарор топади. Жамиятда ўзаро ишонч, тараққиёт жонланди.

Қизалоқнинг кўз ёши

Бу воқеа Хоразмда бўлган. Мамлакат Русия салтанати истибдодига тушиб қолган пайтлар эди. Исфандиёрхон ҳар куни бомдод намозидан кейин болаларини тонги зиёрат учун бобоси ҳузурига жўнатарди. Болалар эски ҳужра эшигини очиб киришганда уларни бобо кутиб турган бўларди. Неваралар бирин-кетин у билан саломлашарди. Бобо уларга сочқи сочарди. Болалар талашиб сочқи терарди. Улар кетар чоғида бобо қиз невараларига тақинчоқлар ҳадя қиларди. Тақинчоқларни тун бўйи ўзи ясарди. Болалар орасидан бир қизалоқ кетишдан олдин бобосининг соқолини тараб қўярди. Шу ишни қилмагунча у кетмасди. Лекин буни унга биров ўргатмаганди. Қизалоқ ҳар сафар уйига қайтиб борганда, «Бобом кексариб қолибди, қўллари ориқлабди, бобомга қараш керак...» дея йиғларди. Исфандиёрнинг юраги зирқиллар, ўтирган аёллар кўзлари жиққа ёшга тўларди.
Бобо болалар кетгач, хонлик либосини кийиб, мамлакатни бошқариш учун саройга йўл оларди. У босқинчиларга мағлуб бўлган хон – Муҳаммад Раҳимхон Феруз эди. Душман унинг ҳар қадамини кузатарди. Шунга қарамай, у курашиш учун йўл топди. Ҳақиқий олимлар жамоасини шакллантирди. Илм-фаннинг турли соҳаларига оид юзлаб китобларни араб, форс ва бошқа тиллардан ўзбек тилига таржима қилдириб, янгиларини ёздирди. Уларнинг кўпчилиги бизнинг давримизгача етиб келган, нашр қилинишини кутиб ётибди. Айримлари ҳозир ҳам дунёга машҳурдир.
У мамлакат суяниб яшаётган, жамият муносабатларини бир меъёрга солиб турган қонунларнинг тўхтаб қолиши ё бузилишига ўзининг ибратли ҳаёти билан йўл қўймасди. Эскигина кулба, тунги меҳнат, тонги саломлашув, тахт, кундузги ҳаёт...

Тафт

Бу ҳикоялар конституция тарихидан кичик парчалар. Қаҳрамонларимиз ҳам воқеий шахслардир. Улар сатрлар ёзилаётганда худди шу тартибда биринчи пайдо бўлиб қолганлари, воқеаларни ҳам танлаб ўтирганимиз йўқ. Улар конституция тарихининг тафтидир. Шахс ва қонун амалда бир ижтимоий воқеликка айланган вақтда атомлар қудратидан қувватлироқ бўлиши улар ҳаётида аниқ кўзга ташланади. Конституцияга оид тарихдаги бундай ҳикояларни ойлаб, йиллаб давом эттириш мумкин. Унга тескари бўлган воқеалар ҳам кўп. Улар тарихда алоҳида ўринга эгадир. Биз бу гал конституция тафтидан қурбимиз етганича баҳраманд бўлишни истадик ва унга иложи борича яқинлашишга уриндик...

Кафолат

Инсон мукаммаллик ҳақида кўп гапиради. Қанча кўп гапирилгани билан унинг аниқ тасвири йўқ. У ҳаракат бошланганда сезилади. Масалан, диндор киши ибодат ва унинг қоида, тартибини аввал ўрганади, ҳар куни хотирасида такрорлайди, унга амал қилиш орқали уни ҳаётий жараёнга, қалбидаги қадриятга айлантиради. Бу жараённинг тарихий илдизига етиб бўлмайди. У шунчалар чуқур ва узоқ...
Бизнинг ўз жараёнимиз бор. Биз уни «Ўзбекистон Конституцияси» деб атаймиз. У мукаммал бўлиши ва ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтамаслиги учун – ҳар куни ҳаётни у билан бошлаш, кунни у билан бирга яшаш, уни асраш, бугуннинг ибодатига, жамият қалбининг муқаддас қадриятига айлантириш лозим уни. Бу ибодатда даҳолар, ҳукмдорлар, буюклар, амалдорлар, деҳқон, боғбон ё гадолар бўлмайди. Фақат фуқаролар бўлади. Мукаммаллик аломатлари шу тарзда кўзга ташланиб бораверади... Кафолат манзили шу ердан бошланади.
Конституция куни муборак бўлсин!

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси
Шарқшунослик институти илмий ходими.

Информеры