2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ЕЧИМИНИ КУТАЁТГАН МУАММОЛАР

видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинди

Қуролли Кучлар академияси мажлислар залида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг 2018 йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг раиси Иқболжон Мирзаалиев, Мудофаа вазирининг ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари полковник Азизбек Икрамов, кенгашнинг вилоятлардаги минтақавий бўлинмалари вакиллари ҳамда бошқа аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон халқ шоири Иқболжон Мирзаалиев 2018 йил биринчи ярим йиллиги давомида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва унинг минтақавий бўлинмалари томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси вазифалар борасидаги маърузаси билан йиғилишни очиб берди.

Жамоатчилик кенгаши раиси Ўзбекистон Президентининг мудофаа ва хавфсизлик борасидаги топшириқлари мониторингини юритиш, бу орқали амалий ишларни йўлга қўйишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, шу билан бирга, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий онгини шакллантиришда тадбирларни тизимли равишда ўтказишни таклиф қилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги «Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга оид ҳисоботлар тингланди.

Танқидий руҳда ўтказилган видеоселектор йиғилишида Иқболжон Мирзаалиев Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари томонидан сусткашлик билан амалга оширилаётган ишларни жиддий танқид остига олди:

– Айтингларчи, бугунги кунда қайси бир Жамоатчилик кенгаши аъзоси ёки унинг минтақавий бўлинмаси раиси ўзи ташаббус кўрсатиб, ҳарбий округ қўмондонлиги билан ҳамкорликда жойлардаги моддий-маиший шароитларни яхшилаш, ҳарбий хизматчилар орасида жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, ҳарбийлар оиласидаги ечимини кутаётган муаммолар борасида бош оғритяпти? Масалан, ҳарбий хизматчилар оилалари ўртасида ажримлар, уларнинг фарзандларини боғчаларга жойлаштириш, оғир касаликка чалинган оила аъзоларини даволаш, ногирон болаларга кўмак бериш ва шу каби ўнлаб муаммолар борки, улар билан биз шуғулланмасак ким шуғулланади?

Шундан сўнг Жамоатчилик кенгашининг Қашқадарё, Фарғона, Наманган, Андижон вилоятидаги вакиллари бирма-бир сўзга чиқиб, мавжуд муаммолар юзасидан фикр билдирди, йиғилиш иштирокчилари амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Сўнгги вақтларда Жамоатчилик кенгаши аъзолари асосан байрамлар муносабати билан ҳарбий қисм ва муассасаларга ташриф буюраётганлиги, Кенгаш низомида белгиланган талаблар ва кенгаш томонидан йил бошида қабул қилинган режа тадбирларининг бажарилишига, умуман Жамоатчилик кенгаши фаолиятига барча аъзоларнинг бирдек ёндашмаётганлиги кузатилаётгани таъкидланди.

Энг ачинарлиси, айримлар ҳаттоки шу кенгашнинг аъзоси эканлигини унутиб қўйишган, кенгаш фаолиятида умуман иштирок этмайди, ўзининг ишга кўмилиб кетганлигини, умуман вақти йўқлигини билдиришади.

Шунингдек, видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллигига тайёргарлик кўриш мавзуси ҳам муҳокама этилди.

Абдуллоҳ ЎТКИРОВ