2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ҲАРБИЙ-МАЪМУРИЙ СЕКТОРЛАР: МАҚСАД, РЕЖА ВА ИСТИҚБОЛ

Барчамиз бир фикрни яхши англаб олишимиз керак: эл-юртимизнинг тинчлигини таъминлаш мақсадида бугун мудофаа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қанчалик самара бериши армия ва халқнинг бирдамлигига боғлиқ.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти,

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

 

Давлатимиз раҳбари Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида қилган маърузасида бугунги кунга келиб мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида  жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг фаоллигини ва ролини ошириш бўйича қилинаётган ишлар сифат жиҳатдан бутунлай янги босқичга кўтарилганини алоҳида  таъкидлаб ўтган эди.

Бу йўналишда амалга оширилган  энг катта янгилик ҳудудларда «Миллий армиямиз – бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз» тамойили асосида ташкил этилган ҳарбий-маъмурий секторлар ишининг йўлга қўйилганидир. Мазкур ҳарбий-маъмурий секторларга вилоят ҳокимлари бошчилик қилиши белгиланди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз бўйлаб қилаётган сафарлари давомида бевосита вилоят­лардаги ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда. 

2018 йил, январь

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев­ Сурхондарё вилоятига ташрифининг иккинчи куни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда бўлди. Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида берилган вазифалар ижроси билан танишди. Ҳарбийлар билан мулоқот қилди. Учрашувда ҳарбийларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ишларини янада жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

2018 йил, февраль

Президентимиз Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бирида бўлди. Ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчиларнинг хизматни намунали ўташлари учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Ташриф давомида Мудофаа вазирлиги қўшинларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Бухоро вилояти ҳарбий-маъмурий сектори фаолияти, вилоятда ҳарбий шаҳарча барпо этиш борасидаги лойиҳалар тақдимоти билан  танишди.

2018 йил, март

Президентимиз Самарқанд вилоятига ташрифининг иккинчи куни Самарқанд шаҳрида Марказий ҳарбий округ штаби ва Миллий гвардия фаолияти билан танишди. Давлатимиз раҳбарига Самарқанд ҳарбий-маъмурий секторида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Ҳарбий хизматчилар билан мулоқот чоғида қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва алоқа воситалари билан таъминлаш, юқори малакали офицер кадрларни тайёрлаш ҳамда миллий армиямиз салоҳиятини ошириш, мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ҳақида сўз борди.­ Ш. Мирзиёев замонавий техника ва қурол-яроғларни кўздан кечирди. Таклиф этилаётган ҳарбий кийимлар билан танишди. Шунингдек, учрашувда ҳарбийлар яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди.  

2018 йил, апрель

Президентимиз «Фориш» тоғ-дала-ўқув базасида ҳарбий хизматчиларнинг яшаши, ўқув-жанговар машғулотларини ўтказиш учун яратилган шароитлар билан танишди. Панорамали электрон ўқ отиш тренажёри, аскарлар ётоқхонаси, машқ ва саф майдонларини кўздан кечирди. Мазкур тоғ-дала-ўқув базасини намунавий полигонга айлантириш, янги концепция ишлаб чиқиб, мамлакатимиздаги барча ҳарбий дала-ўқув майдонларини модернизация қилиш бўйича топшириқлар берди.

2018 йил, май

Давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига ташрифи давомида Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда ҳам бўлди. Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ва янги Мудофаа доктринаси ижроси доирасида амалга оширилган ишлар билан танишди. Ҳарбийлар билан мулоқот қилди. Уларнинг спорт машғулотларида қатнашиш жараёни, китоб ўқиши билан қизиқди. 

Мазкур ҳарбий қисмда бир қатор таркибий-ташкилий ўзгаришлар амалга оширилди – озиқ-овқат таъминоти бўйича аутсорсинг тизими жорий қилинди, ўқув бинолари, ётоқхоналар, спорт зали ва майдонлари замонавий таъмирланди.

Ҳарбийларимиз жисмонан бақувват, маънан юксак, билимли, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардаларимизга муносиб бўлиши керак, деди Президентимиз. Бунинг учун улар жисмоний машғулотлар билан бирга ҳар куни китоб ўқиши, чет тилларини ўрганиши, дунёқарашини кенгайтириши зарур.

Армиямизни моддий жиҳатдан таъминлаш борасида катта ишларни амалга оширяпмиз, замонавий техника ва аслаҳалар билан жиҳозлаяпмиз. Аммо шахсий таркибнинг маънавий-руҳий тайёргарлигига етарлича эътибор берилмаяпти. Бунинг учун зиёлилар, маънавият ходимлари билан ҳамкорликни кучайтириш лозим, деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз мутасаддиларга Андижон вилояти мисолида ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини оширишга доир қарор ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

2018 йил, июнь

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифининг иккинчи куни Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда бўлди.

Бу ерда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берилган вазифалар ижросининг бориши билан танишди, ҳарбий ҳаво десантчилари бригадаси машғулотларини кузатди, аскар ва офицерлар билан мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари ҳарбий қисмда ташкил этилган Маданий ҳордиқ маркази, Маънавият маркази, аутсорсинг тизими жорий этилган ошхонани кўздан кечирди.

– Ватанни севиш – улуғ фазилат. Ёшларимизни ана шундай фазилатли қилиб тарбиялашимиз керак. Бунинг учун сиз каби мағрур, бақувват йигитлар намуна бўлиши зарур. Ёшлар билан тез-тез учрашиб туриш, уларни миллий ифтихор, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш керак, – деди Президент.

 Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА тайёрлади.

Информеры