2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

УСТУВОР ТАМОЙИЛЛАРГА ТАЯНГАН ҲУЖЖАТ

Ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлик ва очиқлик принципларига, энг асосийси, қўшни давлатлар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашдек биз учун устувор бўлган тамойилларга таянган ҳолда, Мудофаа доктринасини сифат жиҳатидан янгиладик. Биринчи марта очиқлик хусусиятига эга бўлган мазкур муҳим ҳужжатнинг моҳияти билан қисқача таништирамиз.

«Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида»ги қонуни 2018 йилнинг 9 январида тасдиқланган.

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Ўзбекистон Республикаси ҳеч бир давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламайди ва барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда, ўзаро наф кўриш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш асосида қуради.

II. ДОКТРИНАНИНГ ҲАРБИЙ-СИЁСИЙ ЖИҲАТЛАРИ

Мустақиллик, минтақавий ҳамкорлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, давлат ҳарбий ташкилотини Ўзбекистонни ҳимоя қилишга шай ҳолатда сақлаш – мудофаа соҳасидаги сиёсатнинг асосий мақсади.

Мудофаа соҳасидаги сиёсат хавфсизликнинг бўлинмаслиги, бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик, ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик каби принципларга асосланган.

Ўзбекистон ўз Қуролли Кучларини ҳарбий тажовузни даф этиш, таҳдидларга қарши курашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиш мақсадида қўллаши мумкин.

III. ДОКТРИНАНИНГ ҲАРБИЙ-СТРАТЕГИК ЖИҲАТЛАРИ

Ҳарбий соҳада Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигини таъминлаш давлатнинг бош вазифаларидан биридир ва у эҳтимол тутилган ҳарбий можароларга олдиндан тайёргарлик кўришдан, уларни жиловлаш ҳамда уларнинг олдини олишдан иборатдир.

Қуролли Кучлар таркибига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг тегишли бошқарув органлари, қўшинлари, ҳарбий тузилмалари ва муассасалари, шунингдек, Миллий гвардия киради.

Давлат ҳарбий ташкилоти стратегик режалаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасида янги механизмларни ишлаб чиқиш, аҳолини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан ривожлантирилади.

Ҳарбий тузилмалар таркибини, қўшинларнинг жанговар, маънавий-маърифий тайёргарлигини такомиллаштириш, ҳарбий таълимни юксалтириш Қуролли Кучларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидир.

IV. ДОКТРИНАНИНГ ҲАРБИЙ-ИҚТИСОДИЙ ЖИҲАТЛАРИ

Мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий жиҳатдан таъминлашнинг мақсади тинчлик ва уруш даврида давлат ҳарбий ташкилотининг Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсатини амалга ошириш учун етарлича молиявий, моддий-техникавий ва бошқа ресурсларга бўлган талаб-эҳтиёжларини қаноатлантиришдан иборатдир.

Мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий жиҳатдан таъминлашнинг асосий вазифалари:

ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, Қуролли Кучларни қурол-яроғ, ҳарбий ҳамда махсус техниканинг модернизация қилинган ва истиқболли намуналари билан таъминлаш, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий кафолатларини амалга ошириш, ўзаро манфаатли халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни амалга оширишдан иборат.

Мудофаа саноати комплексини босқичма-босқич ривожлантириб бориш мамлакат мудофаасининг иқтисодий, технологик ва ҳарбий-техникавий базасининг асосини ташкил этади.

Подполковник Шавкатжон АБДУЛЛАЕВ,

Миллий гвардия Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

Информеры