2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ИННОВАЦИЯ ЯНГИЧА ЁНДАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида 2018/2019 ўқув йили машғулотлари «Жанговар тайёргарликни ташкиллаштиришда инновацион ёндашув, қўшинларда жанговар имконият сифатини ошириш!» шиори остида давом этмоқда.

Миллий мудофаани барпо этиш соҳасидаги изчил ислоҳотлар сабабли армиямизнинг жанговар тайёргарлик даражаси ва қудрати сезиларли равишда ошди, жамиятимизда, давлатимизда ҳарбий хизматнинг нуфузи ортиб, халқ ва армия якдиллигига эришилди. Ҳарбий қурилиш соҳасида жаҳондаги энг замонавий тажрибаларни ўзида мужассам этган ва айни вақтда миллий анъаналарни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётган армиямиз она Ватан хавфсизлиги, халқимизнинг тинч меҳнати ва осойишта ҳаётини, мамлакатимизнинг демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан изчил тараққий этишини таъминлашнинг ишончли кафолатига айланди. Албатта, пухта тайёргарликка эга, жанговар салоҳияти юқори бўлган армия халқ осо­йишталиги ва Ватан тинчлигини ҳимоя қила олади. Ўтган  йилларда Қуролли Кучларимизнинг жанговар тайёргарлигини ошириш ва уни замон талаблари даражасига кўтариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

2018 йилда мамлакатимиз Мудофаа доктринаси сифат жиҳатидан янгиланди. Унинг маъно-мазмуни биринчи марта очиқлик хусусиятига эга бўлди. Бу мудофаа сиёсатимизнинг очиқлигини намойиш этмоқда.

Мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Стратегияга биноан ҳарбий қурилиш борасида ҳам кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Қисқа муддатларда аниқ натижаларга эришилди ва янгиланаётган Қуролли Кучларимиз бўйича стратегик ёндашув ишлаб чиқилди. Жумладан, мутлақо янги таркибдаги батальон тактик гуруҳлари ташкил этилди.

Батальон тактик гуруҳлари: мақсади ва аҳамияти

Жорий йилдаги ўқув йили машғулотлари ана шу янги таркибда ўтказилмоқда. Батальон тактик гуруҳларига артиллерия, авиация жанговар бўлинмалари, танкчилар взводи, мерганлар, разведка, муҳандислик, учувчисиз учиш аппарати, зенитчилар гуруҳлари, огнемётчилар секциясининг киритилгани машғулотларнинг юксак савияда ўтишига ва жанговар шайликнинг янада ошишига хизмат қилмоқда. Бунда барча ҳарбий қисм ва қўшилмаларнинг таркибий тузилмасини тўлиқ янгилашда бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлик билан доимий шуғулланиши, ҳарбий хизматчиларнинг мутахассисликлари бўйича вазифаларини аниқ бажаришлари учун тайёр бўлишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Умумқўшин ва артиллерия қисмлари принципиал янги ташкилий-штат тузилишига ўтди. Бугун батальон тактик гуруҳларининг мутлақо янги таркибда шакллантирилгани, унинг таркибига кирувчи барча бўлинмалар билан янги тизим бўйича самарали жанговар тайёргарлик машқлари ташкиллаштирилаётганлиги, дала-ўқув майдонлари жиҳозларининг янгиланганлиги ва такомиллаштирилганлиги машғулотлар сифатини ошириш ҳамда қўшинларда жанговар тайёргарлик тизимини ривожлантиришда бўлинма командирларининг мустақил қарор қабул қилиши ва ташаббускорлигини пайдо қилиш имконини берди. Бу эса амалий машғулотлар самарадорлиги ва миқдорини ошириш, бўлинма командирлари ва ҳарбий хизматчиларнинг профессионал ва амалий кўникмаларини такомиллаштиришга замин яратди.

Шунингдек, ҳарбий округлар қўшинларининг жанговар таркибини янада такомиллаштириш, жанговар шайлиги ва ҳарбий қобилиятини кучайтириш, қўшинларни бошқариш тизимини автоматлаштириш ва оптималлаштириш орқали армиямизнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажариш салоҳияти  оширилди. Ўтказилаётган машғулотлар жараёнида қўшинларнинг жанговар ва тезкор тайёргарлик тизимини янада такомиллаштириш, ўқув машқлари фаоллигини, уларнинг самарадорлигини оширишга ўта муҳим вазифа сифатида қаралмоқда.

Ўқув машғулотлари ҳарбий бўлинмаларни имкон қадар тўлиқ қамраб олган ва ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қиладиган тузилмаларни жалб этган ҳолда ўтказилаётгани, бошқарув органлари ва бўлинмалар имкониятлари, аскардан тортиб командиргача бўлган ҳар бир ҳарбий хизматчининг хатти-ҳаракати ва жанговар вазифаларни бажаришда қўлланаётган тактиканинг мақсадга мувофиқлиги ва тўғри эканини баҳолаш имконини бермоқда. Шу билан бирга, қўшинларнинг реал эҳтиёжларини тизимли равишда таҳлил қилиб бориш, уларнинг замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланиш даражасини оширишга қаратилаётган эътибор ҳамда батальон тактик гуруҳларининг барча бўлинмалари билан бир вақтда жанговар тайёргарлик бўйича машғулотларни (тактика, нишонларга ўқ отиш, техника тайёргарлиги, жанговар машиналарни бошқариш, артиллерия бўлинмалари билан мажмуавий машғулотлар) ўтказиш ва ташкиллаштириш  жанговар тайёргарликнинг янада ошишида муҳим аҳамият касб этяпти.

Хусусан, ҳарбий округлар қўшинларининг таркибий тузилиши, қўлланиши, йўналишлари  ва вазифалари аниқ белгилаб олинди. Уларни тайёрлашда  янгича ёндашувга катта эътибор берилмоқда. Яъни ҳарбий бўлинмаларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини реал ошириш, уюшқоқлиги ва самарали ҳамкорлигини таъминлаш бўйича муҳим ишлар амалга ошириляпти. Қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги ягона тизимга келтирилиб, уларнинг стратегик йўналишлари белгилаб олинди. Жанговар тайёргарлик машғулотлари максимал даражада реал вазиятларга яқин ҳолда ўтказилмоқда. Бу жараёнда дала-ўқув машқларини ташкиллаштириш ва ўтказиш, ҳарбий хизматчиларни жанговар шароитларга маънавий-руҳий жиҳатдан тайёрлаш, шахсий таркибда ҳар қандай об-ҳаво шароитида, тоғ ва чўл ҳудудларида, аҳоли яшаш пунктларида жанговар ҳаракатларни олиб бориш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дала-ўқув майдони – профессионаллар майдони

Шу ўринда дала-ўқув майдонларига ҳам тўхталиб ўтсак. Ҳарбий округлар, ҳарбий қисм ва олий ҳарбий таълим муассасаларига қарашли дала-ўқув майдонлари зарур жиҳоз ва воситалар, компьютер ва ахборот технологиялари, макетлар билан таъминланган. Уларда қўмондонлик бошқарув пункти, панорамали ўқ отиш мажмуаси, анжуманлар зали, шунингдек, вертолёт қўниш майдони, ҳаво-десант ва спорт мажмуалари, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари омборлари ҳамда жанговар техникаларни сақлаш парки, соғломлаштириш сув ҳавзаси, саф майдони, ётоқхоналар ва бошқа объектларга алоҳида эътибор қаратилган. Дала-ўқув машғулотларига чиққан ҳарбий хизматчиларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратилган. Шунингдек, полигонларда маданий-маърифий тадбирлар, интеллектуал беллашув ва ўйинлар, шахмат-шашка, стол тенниси, футбол, волейбол каби спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш учун ҳам имкониятлар мавжуд.

Мудофаа вазирлигида мавжуд дала-ўқув майдонларининг ташкилий тузилмаси ва у ерда ўтказилаётган батальон тактик гуруҳларининг тайёргарлик машғулотлари тоғли ва чўл ҳудудларида, фавқулодда ўзгарувчан вазиятларда, ҳар қандай об-ҳаво шароитида кечаю кундуз шахсий таркибнинг топшириқларни тўлақонли бажариш кўникмасини оширишга, жанговар ҳаракатларни ташкиллаштириш ва узлуксиз бошқарувни такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

«Танк биатлони – 2018»  мусобақаси

Қисқа даврда Қуролли Кучларимизни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлиги ва қобилиятини ошириш юзасидан амалга оширилган жиддий чора-тадбирлар ўз натижаларини кўрсата бошлади. Хусусан, Мудофаа вазирлиги қўшинларида юксак жанговар тайёргарлик ва профессионализмни, ҳарбий хизматчилар ўртасида ўзаро мусобақа руҳини кучайтириш, ўқув машқлари фаоллигини, уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистонда илк бор ўтказилган Тошкент ҳарбий округи жанговар бўлинмаларининг «Танк биатлони» мусобақаси бунга яққол мисол бўла олади.

Тошкент ҳарбий округига қарашли  «Чирчиқ» умумқўшин дала-ўқув майдонида қисқа фурсатда жаҳон андозалари ва замон талаблари асосида танк биатлони мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган умумий узунлиги 4200 метр бўлган ҳамда ўнлаб табиий ва сунъий мураккаб тўсиқлардан иборат янги дала-ўқув майдони фойдаланишга топширилди. Шунингдек, дала-ўқув майдонида уч қаватли кузатув минораси, ҳарбий хизматчиларнинг қўшин турлари ҳамда ҳарбий техника ва қудратли жанговар машиналарнинг марш юришларини ўтказиш учун махсус йўлак ташкил этилди. Жорий йилнинг май ойида ушбу йўлакда Тошкент ҳарбий округи ҳудудида жойлашган олий ҳарбий таълим муассасалари ва ҳарбий қисмларининг ўн олтита гуруҳга бўлинган шахсий таркиби ва йигирма олти турдаги жанговар техника ҳамда Иккинчи жаҳон уруши даврида фойдаланилган автомобилларнинг тантанали марш билан ўтиши тадбир иштирокчилари ва меҳмонларида катта таассурот қолдирган эди. 

Тошкент ҳарбий округи жанговар бўлинмалари ўртасида ўтказилган «Танк биатлони – 2018» мусобақасида энг илғор танк экипажлари эстафета айланасида Т-72 танклари экипажлари ўнлаб табиий ва сунъий мураккаб тўсиқлардан ўтиб, берилган нишонларни яксон қилдилар. Улар чуқурлиги 1 метр 20 сантиметр ва узунлиги 45 метр бўлган сувли тўсиқ, баландлиги 7 метр ва узунлиги  60 метр бўлган қўрғон, кенглиги 5 метр бўлган танкка карши чуқур, узунлиги 60 метр бўлган мина тўсиғи йўлаги ва баландлиги 90 см бўлган «эскарп» кўпригидан ўтиб, барча нишонларни аниқ мўлжалга олиб, қўйилган вазифани муваффақиятли адо этдилар.

Якуний натижаларга кўра, катта лейтенант Муҳриддин Ҳошимов командирлигидаги экипаж аъзолари ғолиб, дея эътироф этилди ва улар Мудофаа вазири томонидан кубок, диплом, рангли телевизор ва бошқа эсдалик совғалари  билан тақдирландилар.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қўшинлар исталган дақиқада ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир бўлиши керак. Шу талабдан келиб чиқиб, мазкур мусобақа энг илғор индивидуал тайёргарликка эга бўлган танк экипажларини саралаб олишда муҳим аҳамият касб этди.

Бу каби ютуқ ва натижалар ҳарбий хизматчиларимизнинг ҳар қандай ҳарбий техникани маҳорат билан бошқара олиш, энг замонавий қурол-яроғлардан моҳирона фойдаланиш, турли хил тўсиқларни енгиб ўтиб, топширилган жанговар вазифани тўла-тўкис бажариш кўникмасини мукаммал эгаллаётганидан далолат беради.

Аҳрор ОЧИЛОВ