2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИДА МУДОФАА ВА ХАВФСИЗЛИК МУАММОЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги делегациясининг 2017 йилнинг декабрида Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотида мудофаа ва хавфсизлик бўйича халқаро форумига ташрифи асосида ёзилган мақолада ташкилотга аъзо давлатлардаги мудофаа ва хавфсизлик муаммолари ёритилган.

Ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч

Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири  сифатида Марказий Осиё минтақасини белгилаб ўтган. Бу табиий ҳол, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг «юрагида» жойлашган бўлиб, бевосита минтақанинг тинч­лик, барқарор ривожланиш ва яхши қўшничилик ҳудуди бўлиши тарафдори. Шунинг учун Ўзбекистон дунёнинг етакчи мамлакатлари ва минтақа давлатлари билан Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, конс­труктив, ўзаро манфаатли ва яхши қўшничилик сиёсати доирасида ҳамкорликни олиб боришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Бу йўналишда халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг ўрни беқиёс, албатта. Хўш, бугунги дунёдаги мураккаб, олдиндан прогноз қилиш мушкул бўлган ҳарбий-сиёсий вазият ҳукмрон бўлган даврда бундай ташкилотларда якдиллик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишонч қай даражада?

Форумга ШҲТга аъзо (Покистон, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон, Россия, Тожикис­тон ва Ўзбекистон) ва кузатувчи (Беларусь Республикаси ва Монголия) давлатлардан катта офицерлар, ШҲТ котибияти  ходимлари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор ташкилотининг ижроия қўмитаси (МАТИҚ) аъзолари, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ҳарбий-илмий академия ва бошқа олий офицерлар таркиби таклиф этилган.

Мамлакатларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва миллий хавфсизлигини таъминлаш учун ҳарбий тажриба алмашиш йўли билан ШҲТга аъзо ва унда кузатувчи мақомига эга бўлган давлатлар ўртасида ўзаро ҳарбий ишончни кучайтириш, хавфсизлик соҳасида ШҲТнинг мудофаа ҳамкорлигини янада ривожлантириш форумнинг асосий мақсади этиб белгиланган.

Ёвузликнинг уч кўриниши

Форум иши доирасида ММА (Миллий мудофаа академияси) ҳузуридаги Мудофаа масалалари бўйича халқаро тадқиқот инс­титути раҳбари генерал-майор Сюй Хуей ўзининг кириш сўзида ҳозирги замонда ҳарбий-сиёсий вазият ўзгарганини, унинг жуда нозик эканлигини ҳамда ШҲТ ўзининг 16 йиллик фаолияти даврида минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича жуда катта роль ўйнаб келаётганини таъкидлаб ўтди.

Маърузачининг сўзларига қараганда, 2017 йил охирига келиб ташкилот 500 дан ортиқ террорчилар лагери ва 1500 нафардан ортиқ террорчи устидан кузатувни амалга оширмоқда. Ташкилот кибермаконни террорчиликнинг янги сфераси сифатида кўришини таъкидлаб, ўтган йилнинг ўзида Хитойда бўлиши мумкин бўлган террорчилик актларига оид 700 мингдан ортиқ «SMS» хабар йўқ қилинган, 80 дан ортиқ террорчи ташкилот аниқланган.

Ундан кейин Чжоу Цин Ироқ ва Суриядаги вазиятнинг ўзгарганини, қаттиқ зарбалар берилганига қарамай террорчилар ҳали кучга эга эканини ва алоҳида давлатлар жангариларга ушбу ҳудудларни қурол билан тарк этишга рухсат берганини таъкидлаб ўтди.

Жаноб Чжоу ўзининг маърузасида 2017 йил 9 июндаги экстремизмга қарши кураш бўйича ШҲТ Конвенциясига имзо чекилганини юқори баҳолади. Унинг фик­рича, ушбу ҳужжат терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш ҳақидаги ШҲТ Конвенцияси, ШҲТнинг терроризмга қарши Конвенцияси ва 2016-2018 йилларда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича ШҲТга аъзо давлатларнинг Ҳамкорлик дастури ҳамда БМТ глобал аксилтеррор стратегияси билан бир қаторда янги хавф ва таҳдидларга қарши туриш бўйича халқаро ҳуқуқий базани мустаҳкамлашга имкон яратади.

Маърузасининг якунида жаноб Чжоу, «кимдир ШҲТни НАТО сингари ташкилот деб атади, лекин бу ундай эмас», деб ШҲТнинг 17-саммити самарали бўлганини ҳамда биз ёвузликнинг учта кўриниши (терроризм, экстремизм ва сепаратизм) билан курашишимиз зарурлигини таъкидлаб ўтди. Шу ўринда 2016 йил Тошкентда бўлган саммитда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И. Каримовнинг, «Бўш қоп ҳеч қачон тик турмайди», деган гапларига урғу бериб, маърузачи ШҲТга аъзо давлатлар ижтимоий соҳани ҳам кучайтириши лозимлигига эътиборни қаратди.

Стратегик мақсад

Армиянинг стратегик мақсадларига тўхталар экан, «2020 йилгача асосий эътибор уни механизациялаштиришга қаратилади, 2035 йилгача эса асосан уни модернизация қилиш ва 2050 йилга келиб дунёнинг энг қудратли армиясига айлантириш бизнинг энг катта мақсадимиздир», деб таъкидлади.

Маърузачининг берган маълумотларига кўра, Хитой Европа давлатлари ва АҚШ билан ҳарбий-техник ҳамкорлик ўрнатмаган, чунки у давлатлар Хитойга ҳарбий техник воситаларни экспорт қилишни чеклаган. Шунга қарамасдан, Хитой 140 дан ортиқ давлатга ҳарбий ёрдам бериб келган. Ҳозирги кунда 4000 нафар хорижий ҳарбий хизматчи Хитойнинг ҳарбий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.

Ундан кейин, маърузачи Хитой билан Россия муносабатларига тўхталиб ўтди. Хусусан, унинг таъкидлашича, Россия – Хитой муносабатлари юқори даражада. 1997 йилдан бери ҳар йили бу икки давлат Қуролли Кучлари Бош штаблари ўртасида стратегик масалалар бўйича маслаҳатлар ўтказилади. 2009 йилдан бошлаб стратегик ҳамкорлик доирасида баллистик ракеталар ва космик ракета ташувчиларнинг учирилиши бўйича бир-бирларини хабардор қилиш механизми ўрнатилган. Ушбу механизмга асосан бундай ракеталарни учиришдан 24 соат олдин бир-бирларини огоҳлантиради.

Хитой «ахборот муста-қиллиги» ва «кибермаконда тартиб» концепцияларини илгари сурган. Унинг фикрича, совуқ уруш даврида халқаро муносабатлар оддийроқ бўлган, АҚШ ва Совет иттифоқи қуролланиш пойгасига шўнғиб кетган. Бугунги кунда эса иккинчи даражали деб ўйлаган мавзулар (ахборот хавфсизлиги, ахборот уруши) асосий ўринга чиқмоқда. Шу ўринда Хитой биринчилардан бўлиб интернетни бошқариш ғоясини илгари сурган.

Хитойнинг ташқи сиёсатидаги янги амалиёти ҳақида тўхталар экан, маърузачи Хитой охирги вақтларда державалараро муносабатларни қуриш ташаббуси билан чиқаётганини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, АҚШ ва Хитой муносабатларида кўплаб қарама-қаршиликлар мавжуд. Масалан, АҚШ ҳукумати Хитойнинг олиб бораётган сиё­сатида инсон ҳуқуқлари поймол қилинмоқда, деб ҳисоблаб келмоқда. Шарқий Осиёда унинг таъсири ўсиб бораётганидан хавотирдалигини билдириб келган.

Держава мақоми

Шу ўринда Россия вакили, ШҲТ ҳудуди жуда кенг ва Хитой держава мақомига даъво қилмоқчи экан, ташкилотнинг минтақавийлигини қайта кўриб чиқиш лозим, деб фикр билдирди. Россияда «Добро должен быть с кулаками» деган мақол бор, ҳозирда жуда кўп давлатлар муаммоларини ҳарбий йўл билан ҳал этишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун ШҲТнинг муаммоларни ечиш бўйича жаҳон миқёсида обрўси унчалик ҳам мос бўлмаслиги мумкин, деб фик­рини изоҳлади. Бу билан Россия вакили ШҲТ ҳарбий характерга эга бўлиши кераклигига шама қилаётганини англаш мумкин.

Чегара хавфсизлиги муаммоси

Покистон вакили генерал Аник Раҳмон ўз маърузасида чегара муаммоларига асосий эътиборни қаратди. Жумладан, Афғонистон – Покистон чегараси тўғрисида гапирар экан, ушбу чегара ҳудудларининг географик жиҳатдан жуда мураккаб­лиги, чегара олди ҳудудларда яшовчи халқларнинг этник бирлашиб кетиши оқибатида давлат чегарасини чегара сифатида қабул қилмаслиги халқ уни оддий учрашув жойи деб билишини ва бу кўплаб муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлаб ўтди.

Афғонистон томонидан иккита чегара пости ўртасидаги масофалар жуда катта (200 км.дан ортиқ) бўлгани учун бундай ҳолат ҳудудни самарали қўриқлаш имконини бермайди. Покистон Афғонистон билан чегара ҳудудида 985 та пост жиҳозлаган бўлса, Афғонистон томонидан ушбу ҳудуд бор-йўғи 218 та пост орқали қўриқланади. Ундан ташқари, афғон қочоқлари чегара хавфсизлигини таъминлашда катта муаммолар келтириб чиқармоқда.  

Покистон чегара ҳудудларида 3 млн.дан ортиқ қочоқ бор, улардан ярми рўйхатдан ўтмаган. Биз Афғонистон билан чегарани қўриқлаш учунгина 200 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчини жалб қиламиз. Кўпинча ўзимизнинг ресурсларни чегара хизматини яхшилашга сарфлаш ўрнига, қочоқларга сарфлаяпмиз.

Покистон вакилининг таъкидлашича, АҚШ Афғонистонда ўзининг сиёсий мақсадларига эришиб бўлди. Ҳозир ҳеч ким оддий афғон халқининг дардини эшитмаяпти. Афғонистонда сиё­сий кучлар фақат вазиятни куч ишлатиш йўли билан назорат қилмоқчи, бу жуда нотўғри, дея сўзини якунлади.

Янги давлатлар ва...

Россия ва Марказий Осиё маркази илмий ходими Чоу Лунг сўзга чиқиб, ШҲТга янги давлатлар қўшилди ва бу минтақавий хавфсизлик соҳасида муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, деб фикрини изоҳлади.

Маърузачининг таъкидлашича, ШҲТда консенсус муаммоси мавжуд. Масалан, яхши ташаббуслар чиқмоқда, лекин улар амалиётга жорий этилмай қолмоқда. Бундай ҳолатда Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшилиши янаям кўпроқ муаммолар олиб келиши мумкин. Ундан ташқари, халқларнинг хилма-хиллиги ҳам қийинчиликлар туғдиради. Илгари ШҲТ аъзолари деярли бир хил ривожланиш даражасида  ва умумий қадриятлари ўхшаш бўлган. Ҳозир янги қўшилган давлатларда турлича қарашлар мавжуд, Ҳиндистон АҚШга қаттиқ боғлиқ, Покистон эса ислом динига қаттиқ боғлангани ва давлатларнинг ўртасида муаммоларнинг ҳали ечимини топмагани бизни хавотирга солади, дейди хитойлик мутахассис.

Кейинги маърузачи Ли Сунли ўзининг қисқа чиқишида, ШҲТга янги давлатлар қўшилганидан кейин янги талаблар келиб чиқади, демак, биз қарашларимизни қайта кўриб чиқишимиз зарур, деб маърузасини давом эттирди.

Унинг таъкидлашича, ШҲТ дастлабки вақтларда ўзининг  фаолият йўналишини асосан сиёсий жиҳатига ва учта ёвузлик ўқи билан курашига қаратган бўлса, ҳозирга келиб унинг йўналиши сиёсийдан иқтисодийга алмашаётгани кузатилмоқда.

ШҲТ чегара баҳсларини тинч­лик йўли билан ҳал қилди. Ҳиндистон ва Покистон ҳам шундай йўл тутиши керак.

Покистон вакили генерал Аник Раҳмон берган маълумотларга асосан «Ислом давлати» террорчилар гуруҳида олдин 30 мингдан ортиқ жангари ҳаракатланган. Ҳозир улар асосан Афғонистонга кириб келган. Афғонистоннинг 34 та провинциясидан 29 таси ШҲТга аъзо мамлакатлар билан чегарадош ва ҳозир Афғонистон ҳудудининг 56,6% фоизи марказий ҳукумат назоратидан ташқарида.

Покистон вакилининг таъкидлашича, кўплаб давлатлар қашшоқликда ҳаёт кечириш чегарасида, шунинг учун биз ижтимоий жиҳатларга ҳам эътибор қаратишимиз лозим. Шу ўринда  Хитой билан Покистоннинг «Иқтисодий коридор» Концепцияси ушбу давлатларнинг иқтисодий ривожланишига катта ҳисса қўшган бўларди.

Ўзбекистон позицияси

Юқоридагилардан қуйидаги хулосаларга келиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги делегациясининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг мудофаа ва хавфсизлик бўйича халқаро форумида қатнашиши, ШҲТга аъзо ва кузатувчи мақомига эга бўлган давлатлар вакилларининг кўриб чиқилган масалалар бўйича қарашларини, мавжуд муаммолар ва қарама-қаршиликлар сабабларини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш имконини берди.

Алоҳида давлатлар вакилларининг ШҲТ ҳудудида мудофаа ва хавфсизлик муаммолари бўйича маърузаларида билдирилган  фикрлари шундан далолат берадики, ташкилот давлатларида ҳали қарама-қаршиликлар ва келишмовчиликлар жуда кўп ва булар шубҳасиз ташкилотга аъзо давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳарбий ва бошқа соҳаларда ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Россия вакилларининг берган саволлари ва фикрларининг таҳлили шуни кўрсатадики, Москва ШҲТ ишида ҳарбий йўналишни фаоллаштириш масалаларига эътибор қаратишни илгари сурмоқда.

Хитой вакилларининг маърузалари ва уларга берилган саволларга жавобларнинг таҳлили шундан далолат бермоқдаки, расмий Пекин ШҲТни янги давлатлар билан кенгайтириш тарафдори эмас, уларнинг форумни ташкиллаштиришдан кўзлаган мақсадидан бири Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» стратегиясини илгари суриш ва бунда ШҲТга аъзо давлатларнинг қўллаб-қувватлашига эришиши бўлиши мумкин.

Форум ишининг натижалари Ўзбекистон Республикасининг минтақавий можаролар ва хавфсизликни таъминлаш масаласи бўйича тутган позицияси нақадар тўғри эканини кўрсатмоқда.

Подполковник Собиржон АБДУРАЙИМОВ,

Қуролли Кучлар академияси бўлим бошлиғи, ҳарбий фанлар доктори, доцент.

Информеры