2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

МУДОФАА САНОАТИ КОМПЛЕКСИ: ИЛК ҚАДАМЛАР

Жиддий ўзгариш ва ислоҳотлар натижаси ўлароқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси Қуролли Кучларимизнинг моддий-техник таъминоти бўйича фаолият олиб боради. Мухбиримиз мазкур қўмита зиммасига юклатилган вазифалар ва уларнинг ижроси билан қизиқиб, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси раиси Атабек Сапабаевич ИБАДУЛЛАЕВга мурожаат қилди.

– Ривожланган мудофаа саноати инновацион ва юқори технологияларга асосланган иқтисодиётнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири, шунингдек, мамлакат мудофаасини таъминлаш ва юрт тинчлигини ишончли ҳимоя қилишнинг асосий омилларидан ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасининг ташкил қилингани ҳарбий ислоҳотлар жараёнидаги муҳим, мутлақо янги қадам бўлганлиги эътироф этилмоқда. Қўмита фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» лойиҳасида акс этган асосий жиҳатлар нималардан иборат?

– Қўмитанинг асосий вазифаси импорт ўрнини босадиган, рақобатбардош, экспортга йўналтирилган, ҳарбий ва икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали Қуролли Кучларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва бошқа моддий-техник воситалар билан таъминлаш, мамлакат саноат потенциалини янада ривожлантиришдан иборат.

Ушбу вазифаларни сифатли ва самарали бажариш мақсадида Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси томонидан барча вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда «Йўл харитаси» лойиҳаси ишлаб чиқилди ва унда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишига қаратилган фаолият олиб борилмоқда.

«Йўл харитаси»  лойиҳасининг асосий жиҳатлари қуйидагилардан иборат:

давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш ва уларни бажаришни таъминлаш, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари, мудофаа саноати соҳасидаги ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

мудофаа аҳамиятига эга ташкилот ва ишлаб чиқариш корхоналарининг бошқарув тизимини яратиш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, хорижий ҳамкорлар билан кооперацияни йўлга қўйиш;

Қуролли Кучларни қурол-аслаҳа, ҳарбий техника, ҳарбий-техник ва кийим-кечак турлари, озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турлари, махсус техника, ҳарбий ва икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган моддий-техник воситалар билан таъминлаш;

мамлакатнинг ҳарбий-техник соҳадаги ташқи иқтисодий фаолиятини амалга ошириш, илғор хорижий ҳамкорлар билан ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш, мудофаа саноатига чет эл инвестицияларини жалб этиш, комплекснинг экспорт салоҳиятини юксалтириш;

маҳсулотлар, эҳтиёт қисмлар, энг янги материал ва хом ашёларни яратиш, ишлаб чиқаришга йўналтирилган илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этиш ва олиб бориш;

мудофаа саноати комплекси корхоналарида ҳарбий ва икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларни яратиш, ишлаб чиқариш, таъмирлаш, модернизациялаш, унификация қилиш, мослаштириш, ҳисобдан чиқариш ва қайта ишлаб чиқариш борасида мавжуд меъёрий талабларга риоя этишни таъминлаш.

– Мамлакатимизга келаётган хориж ҳарбий делегациялари билан ҳарбий-техник ҳамкорлик, чет эл инвестицияларини жалб этиш ва қўшма корхоналар ташкил қилиш борасида ҳам музокаралар олиб бориляптими?

– Дунёнинг ривожланган давлатлари мудофаа саноати комплекслари билан ҳарбий-техник ҳамкорлик борасидаги ишлар ҳозирги кунда қўмита томонидан изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Франция, Туркия, Покистон, Беларусь каби давлатлар билан ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида икки томонлама келишув лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Жорий йилда Франция, Хитой, Корея Республикаси, Беларусь каби давлатларнинг мудофаа саноати делегациялари билан Тошкент шаҳрида ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида икки томонлама комиссия ва қўмиталар мажлислари бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.

Мудофаа саноатига сармоялар жалб этиш, илғор технологияларни татбиқ этиш борасида дунёнинг етакчи компанияларидан турли таклифлар келиб тушмоқда. Ушбу таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, энг мақбул лойиҳалар танлаб олинади ва келгуси йиллар давомида мамлакатимиз мудофаа саноатига татбиқ этилади. 

«Чирчиқ авиация таъмирлов заводи»да турли русумдаги учувчисиз учиш воситаларини ишлаб чиқариш, Франциянинг «Airbus Helicopters» компанияси билан ҳамкорликда ушбу компанияда ишлаб чиқарилган замонавий вертолётларнинг сервис марказини ташкил этиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Россия Федерацияси билан «Чирчиқ авиация таъмирлов заводи» ҳудудида ташкил этилган «Уз-Россавия» қўшма корхонасида «Ми» русумидаги вертолётларни таъмирлаш ва модернизация қилиш имкониятларини кенгайтириш бўйича музокаралар ўтказиляпти.

Тошкент шаҳрида жойлашган «Восток» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси давлат унитар корхонасида ишлаб чиқарилаётган ўқ-дори воситалари номенклатурасини кенгайтириш борасида хорижий ҳамкорлар билан амалий ишларни давом эттиряпмиз.

Қўмитанинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва бошқа илмий муассасалар билан ҳамкорлиги қай даражада ташкил этилди?

– Албатта, мудофаа соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқот ишларини ташкил этиш, Қуролли Кучларда мавжуд қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника, техник воситалар, ўқ-дори, ҳарбий ва икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этиш, уларнинг тажрибавий намуналарини яратиш, синовлар ўтказиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасининг вазифалари саналади.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилди, хусусан:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, республиканинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари, марказлари, олий ўқув юртлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси «Қуёш физикаси» илмий-тадқиқот бирлашмаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ион-плазма ва лазер технологиялари илмий-тадқиқот институти, Тошкент кимё технологиялари илмий-тадқиқот инс­титути, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институти билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди;

ҳарбий ва икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларнинг тажрибавий намуналарини яратиш, синовлар ўтказиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш мақсадида юртимизда мавжуд технологик ва конструкторлик бюролар: Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструктор-технологик маркази, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, «UNICON» давлат унитар корхонаси, «Toshelektronics», «Ximavtomatika-group», «Energy Alternatives» масъулияти чекланган жамиятлари билан ҳамкорликдаги тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда қўмитанинг Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини мувофиқлаштирувчи маркази Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси аъзолари: академиклар С.А. Бахромов, А.Т. Жалилов, физика-математика фанлари докторлари З.Т. Азаматов, С.З. Мирзаев, Х.Б. Ашуров, кимё фанлари доктори И.Н. Набиева, техника фанлари доктори Х.Х. Комилова ва техника фанлари номзоди О.А. Охунбобоев билан турли йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган мудофаа маҳсулотлари, шунингдек, уларни таъмирлаш, модернизация қилиш борасидаги амалий ишлар ҳақида ҳам гапирсангиз.

– Бу борадаги ишлар Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Чегара қўшинлари ва бошқа вазирлик ҳамда идораларнинг масъул ходим ва мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

Қўмита фаолиятини бошлаганига қисқа вақт бўлганига қарамасдан, мамлакатимиз ишлаб чиқариш корхоналарида хорижий ҳамкорлар билан енгил зирҳланган ва ҳарбий юк автомобилларини, замонавий ва ҳимояланган радиоалоқа воситаларини, жамоавий ва индивидуал ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалий натижаларга эришилди.

Бундан ташқари, харид қилинган ва қилинаётган замонавий ҳарбий ва кўп мақсадли самолётлар ва вертолётларга сервис хизматларини кўрсатиш марказларини яратиш, мавжуд учиш аппаратлари, зирҳланган техникалар, ҳаво ҳужумидан ҳимоя воситалари ва бошқа турдаги ҳарбий техникаларни таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича кўрсатилаётган хизмат турларини янада кенгайтириш бўйича режаларни амалга ошириш устида жадал фаолият олиб борилмоқда. 

Ҳарбий хизматчилар учун махсус кийим-кечаклар, экипировка, турли асбоб-ускуналар, қуруқ паёклар ишлаб чиқариш ва бошқа маҳсулотларни тайёрлашда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг иштироки қандай бўлаяпти?

– Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида жойлашган Марказий ҳарбий округ қўшинлари штаби ҳудудига ташрифи вақтида Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун янги яратилган кийим-кечаклар намуналари намойиш этилди.

Намойиш якунида муҳтарам Президентимиз қилинган ишлар ҳажми ва кўламини юқори баҳолаб, Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари формали уст-бошларини яратиш ва татбиқ этишга концептуал ёндашишни, намуналарни яратишда шошма-шошарликка йўл қўймасликни, тарихимизни ва чет эл тажрибасини кенг ўрганишни, келгусида мамлакат Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиси формали уст-боши унинг ташриф қоғози бўлиши керак эканлигини таъкидлаб, уларни тасдиқлашдан олдин мамлакат аҳолисининг, хусусан, чақирув ёшидаги ёшларнинг фикрини ўрганишни маслаҳат берди.

Фурқат ЭРГАШЕВ суҳбатлашди.

Информеры